Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 июнь, пайшанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

12.05.2020


ЖАМИЯТ ИНСОН ЭҲТИЁЖЛАРИНИ ҚОНДИРМАСА, ЁВВОЙИ ҚОНУНЛАР ИШГА ТУШАДИ

Мутолаа учун тавсия

Колумбиялик ёзувчи, адабиёт соҳасида Нобель мукофоти соҳиби Габриэль Гарсиа Маркес (1928-2014)нинг "Бузрукнинг кузи" романи жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан бири ҳисобланади. Адибнинг ўзи бу китоби ҳақида "Бузрукнинг кузи" - мени тоабад унутилишдан сақлагувчи асардир", деган экан. Романда айнан қайси давлат раҳбари ҳақида сўз боргани очиқ айтилмаган бўлса-да, кўп вақт мобайнида давлат бошлиғи бўлган диктатор генерал бош қаҳрамон қилиб олинган. Бош қаҳрамон прототипи Лотин Америкаси давлатларининг бир неча ҳақиқий раҳбарлари ҳисобланади. Асар диктаторнинг сўнгги кунлари ҳамда унинг ҳаёти ҳақидаги кўплаб ишлар, ҳикоялар ва афсоналар ҳақида ҳикоя қилади.

Роман "Ўлаксахўр калхатлар ҳафтанинг охирида деразаларнинг сим тўрларини чўқиб йиртиб, деразалар ва айвон орқали президент саройига кирдилар", деб бошланади. Асарда ёзилишича, денгиз десантчилари ёрдамида ҳокимиятни эгаллаган диктатор ҳокимиятни қонунлар асосида эмас, ўзи хоҳлагандай идора қилади. Атрофидаги сурбету лўттибоз сиёсатдонларнинг ёлғонларига ишониб яшайди. Ўзини доҳий ҳис қилади.

Диктатор юз тузилиши ўзига ўхшаш бўлган Патрисио Арагонесни ўзининг расмий нусхасига айлантиради. Патрисио диктатор ролини нафақат турли тадбирларда, ҳатто хотину маъшуқалари билан бўладиган муносабатларда ҳам бажаради.

Асарда эътироф этилишича, диктаторни яхши кўрган хотини Летисия Насарено эрини яхши кўргани ва ортиқча ташвишга қўймаслиги учун алдайди. Родриго де Агилар каби амалдорлар диктаторга ёқиш, мансаб, унвон ва мулк илинжида ёлғон гапириб, маддоҳлик қиладилар. Диктатор бу ёлғонларни ҳис қилса-да, муроса қилиб янада иллатларга ботиб боради. Ҳокимиятини сақлаб туриш учун халққа  шафқатсизлик қилади, қонли қатағонларни амалга оширади. Қалбига қўрқув тушган кишилар эса диктаторга бўлган ҳурмати ва муҳаббатини изҳор қилиб яшашга мажбур бўлади. Диктаторнинг яшаши шоҳона кўринса-да, у бир умр ёлғон ва хиёнат, жоҳиллик ва қўрқув, ахлоқсизлик ва ёлғизлик қуршовида яшайди. Ҳаётининг кузи, яъни сўнгида буларни англаб етади.

Асар "Умр кузининг бошланганида, у шунга ишонч ҳосил қилдики, ўз ҳокимиятига ҳеч қачон тўла эга бўлолмайди... У бизни ҳам, ўзини ҳам яхши билмай мажҳулликда ўтди... У энди одамлар ва дунёга эзгу хабар тарқатаётган бонг садоларини эшитмасди, мангуликнинг беҳад-беҳисоб вақти ниҳоят тугаган эди" каби жумлалар билан якунланган.

"Бузрукнинг кузи" асарида шундай фикрлар учрайди: "Ҳокимиятга бўлган чанқоқлик ҳокимиятга бўлган тўйиб бўлмас ташналикни келтириб чиқаради", "Бажарилишига амин бўлмасангиз, ҳеч қачон буйруқ берманг!", "Бемалол ётиб ухлайверинг, жаноб генерал, дунё - сизники", "Ахир сизга фақат сиз эшитишни истаган гапларни айтишади, алдашади, қасам ичишади, қўйниларида эса доимо пичоқ сақлашади, сиз қўрқиб яшашга маҳкумсиз", "Жин урсин, нега дунёда ўлимимдан кейин ҳам ҳеч нарса ўзгармади?".

Адабиёт соҳасида Нобель мукофоти соҳиби, инглиз ёзувчиси Уильям Голдинг (1911-1993) қаламига мансуб "Пашшалар ҳукмдори" романи жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан биридир. Ушбу асарга дастлаб эътиборсиз қаралиб, кўплаб нашриётлар романни чоп этишга рози бўлмаган. Унинг ўқувчилар қалбига етиб бориши, асарнинг асл мазмунини тушуниш ва  машҳур бўлиши учун вақтлар керак бўлди. 

Роман рамзий маъноларга эга бўлиб, унда давлат ва унинг қулаши ҳамда янги давлатларнинг пайдо бўлиши оддий мисолда тасвирлаб берилган.  Жамият ва инсон, давлат ва жамият, халқ ва давлат, шахс ва давлат, бошқарувчи ва бошқарилувчилар ўртасидаги муносабатлар баён қилинган. Асар уруш вақтида самолёт ҳалокати натижасида Англиядан эвакуация қилинган бир гуруҳ болаларнинг кимсасиз оролга тушиб қолиши билан бошланади.

Оролда Ральф ва Жек исмли катта ёшли болалар бошлиқлик учун очиқ ҳамда пинҳона равишда кураш олиб боради. Ральф раҳбарликка сайлангач, демократик усулда янги жамиятни бошқаришга ҳаракат қилади. Вазифалар тақсимлаб берилади. Жек бошлиқ бир гуруҳ ўсмирлар овчилик билан шуғулланса, бир гуруҳи уй ишлари билан машғул бўлади. Бир гуруҳи қачон қутқарилиши ҳақида хаёл сурса, кичик болалар катта ёшлиларга бўйсуниб яшашга мажбур бўлади.

Жек бошлиқ овчилар гуруҳи оролда қўрқинчли махлуқ борлиги ҳақида миш-мишлар тарқатиб, Ральф раҳбарлигидаги бошқарувга қарши туради. Жек ўзининг тарафдорларини олиб, оролнинг бошқа чеккасига кўчиб кетади ва у ерда якка ҳукмронлигини ўрнатади. Ральфнинг бошқарувида ақлли маслаҳатчилар, қатъий тартиб ва интизом бўлмаганлиги сабабли инқироз рўй беради. Жекнинг   тарафдорлари "Пашшалар ҳукмдори" деб эълон қилинган махлуқ (сўйилган чўчқа боши)га сажда қилишади. Ральф тарафдорларидан бирини ўлдириб махлуқ шарафига қурбонлик қилади. Сайман, Сэм ва Эрикка ҳужум қилишади. Ральфни ушлаб олиш мақсадида ўзлари учун ягона тириклик манбаи бўлган оролга ўт қўйишади.

Уильям Голдингнинг "Пашшалар ҳукмдори" романида шундай фикрлар учрайди: "Жамият инсон эҳтиёжларини қондирмаса, ёввойи қонунлар ишга тушади", "Тирик қолиш учун кураш - зўравонлик ва ваҳшийликни кучайтиради",  "Мажлис. Биз уни яхши кўрамиз. Кимдир айтади - келинглар, самолёт ёки сув ости кемаси ёки телевизор қурайлик. Мажлисдан кейин улар шу мақсадда беш дақиқа ишлайдилар ва тарқаб кетишади ёки овга боради".

Миср Араб Республикасининг машҳур ёзувчиларидан бири, Нобель мукофоти соҳиби Нажиб Маҳфуз (1911-2006) ижодига мансуб "Кўзгулар", "Ўғри ва ит", "Ёмғир остидаги севги" асарлари диққатга сазовор. Унинг ҳикматлари ва Нобель мукофотини олиш маросимидаги маърузаси алоҳида эътиборга молик.

Адибнинг "Кўзгулар" романи эллик беш бобдан иборат бўлиб, ҳар бир боб бир кўзгу сифатида адиб замондошларининг қиёфасини кўрсатиб туради. Ҳар қисмнинг ўз қаҳрамони бор. Уларда муайян шахс акс этса-да, улар яхлитликда ягона бир кўзгу бўлиб, жамият ҳаётининг барча тарафларини кўрсатиб беради. 

"Ўғри ва ит" қиссасидаги Саид Маҳрон образи орқали ўзининг орзу-умидлари ва келажаги учун курашган романтик ёшлар ҳаёти тасвирланган. Асар Саид Маҳроннинг қамоқдан чиқиши воқеалари билан бошланади. Саид Маҳрон вафо деб хиёнатга, эзгулик деб ёвузликка дуч келади. Асарда Нурия, Рауф Алвон образлари ҳам ёрқин ифода этилган.

Нажиб Маҳфузнинг қуйидаги ҳикматларига эътибор беринг: "Аёл қудратини менсимайдиганлар менимча онасиз катта бўлишган", "Агар ўзингни билмаганга олишни ўргансанг, ҳаётдаги муаммоларнинг ярмини енгиб ўтибсан", "Ҳар қандай алоқанинг бошида ҳис-туйғулар кўринса, охирида ахлоқ кўринади", "Ҳар қанча ажойиб ва буюк бўлмагин, ҳамма одамлар сени бирдек яхши кўриши амри маҳолдир", "Агар борлигинг худди йўқлигингдек бир хил бўлса, кетвор!", "Одамларга ҳар қанча ишонсанг ҳам, сирларингни ўзингда қолдир!".

Нажиб Маҳфуз Нобель мукофотини олиш вақтида    айтган қуйидаги фикрлар эътиборга молик: "Аввало, Швеция академиясига ва унинг Нобель мукофоти бўйича қўмиталарига, менинг узоқ муддатли бадиий меҳнатимга шунчалик катта баҳо берганлиги учун миннатдорчилик билдираман. Бир вақтлар келиб, пирамидалар ҳам кулга айланади. Бироқ, хақиқат ва адолат, одам зотида синчков ақл, безовта қалб бор эканки, сақланиб қолаверади. Мусулмонлар Византия империясининг армияси билан жанг қилгандан кейин асир олинганларни қадимий юнон фалсафаси, тиббиёти, математикаси ҳақидаги китобларга алмашган эканлар.

Жаноблар! Бизнинг "учинчи дунё" бу - доимо сув  тошқинида қоладиган Осиё, очликдан азоб чекаётган Африка, бу - миллионлаб одамлари оддий ҳуқуқларидан ҳам маҳрум этилган ва ўзлари одам саналмайдиган Жанубий Африка. "Учинчи дунё" бу - Урдун дарёсининг ғарбий қирғоқлари, одамлари ўз ота-боболаридан қолган ерларда яшасалар-да, ўзларини тақдирнинг ўгай фарзандлари каби ҳис қиладиган Ғазо минтақаси. Бу одамлар ўзларининг оддий инсоний ҳуқуқлари учун курашга отланганлар. Энг биринчи ҳуқуқ - инсоний ҳаёт кечиришдир. Буни дунё тан олган.

Ривожланган давлатлар ҳам, "учинчи дунё" мамлакатлари ҳам - ҳаммаси бир оила. "Учинчи дунё" номидан сизларга мана бундай чақириқ билан мурожаат қилишни ўз бурчим деб биламан: бизнинг фалокатларимизни ва кулфатларимизни четдан туриб кузатувчилар бўлманг, улардан қутулишимизга ёрдам беринглар. Одамлар, инсоният тақдири олдидаги ўз масъулиятлари даражасини англаб етишларига ёрдам беринг! Ҳализамон одамийлик, ақл-заковат, илм-фан қонунлари бир четга улоқтириб ташланмасдан олдинроқ ёрдам беринг! Улуғ файласуф Кантнинг "яхшилик ёвузлик устидан фақат нариги дунёда ғалаба қилади", деган гапига ҳеч қачон қўшилмайман. Йўқ, яхшилик ҳар куни ғалабаларга эришади. Ёвузлик биз ўйлагандан кўра ожиз, яхшиликка қараганда кучсиз".

Абдишукур ОМОНОВ

Report typo