Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 июль, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

30.06.2020


ЖАМИЯТ МУАММО ВА ИЛЛАТЛАРДАН ХОЛИ БЎЛИШГА ИНТИЛАЯПТИМИ?

 Мутолаа учун тавсия

Жаҳон адабиёти дурдоналари орасида Франц Кафка (1883-1924)нинг "Жараён", "Эврилиш", "Отамга хат", "Қўрғон", "Америка" каби асарлари алоҳида ўрин тутади. Ҳуқуқшуносликдан таълим олган адиб инсоннинг жамиятдаги ўрни ва яшашдан мақсади, ўз давридаги суд-ҳуқуқ масалалари ва қонунлар ижросини таъминлаш вазифаси юклатилган идора ходимларининг фаолияти, ёлғизлик ва оилавий муносабатларни асарларида ёритиб берган. Шахсий ҳаётидаги мураккабликлар унинг ижодига ўз таъсирини кўрсатган.

Кафканинг "Жараён" романини бир ўқишда тушуниш қийин бўлиб, зерикарли туюлади. Асарни эътибор билан қайта ўқисангиз, ҳар сафар янги нимадир топганга ўхшайсиз. Адиб ўқувчини ўйлашга ва фикр юритишга ундаши билан бирга, ўзи ҳам кўплаб саволларга жавоб излайди. Ҳеч бир саволга тугал жавоб йўқ. Асар Йозеф К.нинг ҳибсга олиниши билан бошланиб, асар охирига қадар ўқувчини "Йозеф К. нега қамоққа олинган?" деган савол ўйлантиради. Суд жараёни бошланиши кутилади.

Асар қаҳрамони Йозеф К. ғайритабиий ҳолатда ўзини ҳимоя қилиш ҳаракатида юради. Турли инсонлар билан ўзининг ҳибсга олиниши, айби борасида суҳбатлар қуради. Амакиси Йозеф К.ни таниқли ва ҳурматли адвокат Гульд билан учраштиради. Ўқувчининг Йозеф К. адвокат Гульднинг ёрдами билан айловлардан озод бўлишига ишончи барбод бўлади. Адиб ўзи ишлаб кўрган адвокатура идоралари фаолиятини танқид қилади. Суд идоралари олдида ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатуранинг ўрни ва роли йўқлигини аччиқ киноя билан эътироф этади.

Асарда Йозеф К. олдида турган муаммолар борасида сўз бориб, жамият олдидаги ечимини кутаётган масалаларга урғу берилади. Йозеф К. нажотни фақат фикрлаш ва курашишда деб билиб, янгидан-янги саволлар ва муаммоларга дуч келади. Аммо у ўз бошига тушган ташвиш-муаммолар учун жамият ва муҳитни айбламайди. Ўша муҳитга қаршилик кўрсата олмагани учун ўзининг заифлигидан нафратланади. Назаримизда Франц Кафка "Жамият муаммолар ва иллатлардан холи бўлишга интилаяптими?" деган саволни ўртага ташлаганга ўхшайди.

"Жараён" асарида шундай фикрлар учрайди: "Ҳа, бизнинг сизга берадиган маслаҳатимиз шу: кучингизни бемаъни мулоҳазалар юритишга сарфлаб ўтирманг, яхшиси, имкон қадар, бирон-бир фикр юритишдан тийилинг. Сиздан талаб қилинадиган энг катта вазифа шу", "Яна ўзингизнинг айбсизлигингизни пеш қилавериб, ҳуда-беҳудага қичқираверманг", "Суд ишларидаги жаҳолат ва нодонлик даҳшатга солар эди",   "Менимча, бу ёруғ оламда бирорта ҳам одам ўз таъсир кучи билан мутлақ оқланишга эриша олмаса керак", "Инсон - ўз тақдири ва қисмати олдида ёлғиз!", "Бефарқлик - чорасизлик, нафрат ва фарёднинг қалбни ўртовчи овозсиз ҳайқириғидир".

Франц Кафканинг "Эврилиш" ҳикояси инсоннинг фожиавий қисмати, оилавий зиддиятлар ва ёлғизлик масалаларига бағишланган. Ҳикоя савдо агенти Грегор Замзанинг ингичка оёқчали махлуққа айланиб қолиши воқеалари билан бошланади. "Эврилиш" одамларнинг бир-бирларини тушунмасликлари ҳақидаги ҳикоядир. Грегорнинг  ҳашаротга эврилиши яқин қадрдонларнинг гўёки мутлақо бошқа-бошқа мавжудотлардек бир-бирларини тушуна олмасликларини ўзига хос тасвирлаш учун ишлатилган услубдир. Грегор Замза қўрқинчли махлуққа айланса-да, инсонийлик хислатларини йўқотмайди. Аммо  отаси ва синглиси ундан тезроқ қутулиш ҳақида ўйлайди.

Мазкур ҳикоя бошқаларни тушуниб яшаш, худбинликдан холи бўлиш, инсоннинг фикри, сўзи ва иши бир хил бўлиши кераклигига даъват этади. Зеро, бу борада Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари айтган экан: "Ҳар не бўлсанг бўл - ё  аслинг  каби кўрин, ё  кўринганинг  каби бўл!"

Ўзбек классик адабиётининг йирик вакилларидан бири Муҳаммад Шариф Гулханий (XVIII аср охири - XIX аср бошида яшаган) қаламига мансуб "Зарбулмасал" асарида ўзбек халқининг донишмандлигини ифода этган бир қанча масалу мақоллар жамланган. "Зарбулмасал"да даврнинг энг долзарб муаммолари бадиий ифодалаб берилади. Бу муаммолар хон саройидаги носоғлом муҳит, гуруҳбозлик, халқнинг муаммолари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, аҳолининг ночор кун кўриши, қишлоқлардаги хароб аҳвол ва ўзга эл-юртлардан қолоқлик билан боғлиқ қилиб кўрсатилган. Асрлар ўтган бўлса-да, ушбу асар ўз қимматини йўқотган эмас.

Асарда қушлар, ҳайвонлар ва одамларнинг бир қанча образлари яратилган. Ярамас одамларнинг кирдикорлари қушлар ва ҳайвонлар тимсолида очиб берилади. Япалоққуш ва Бойқушнинг қудачилик воқеаси асар сюжетини ташкил этади. Шуранул, Кўрқуш, Кордон ҳамда маймун, тулки, туя, бўталоқ, чаён, тошбақа образлари чиройли тасвирланган. Шунингдек, асарда Ниёзча оғалиқ, Муҳаммад хўжа муфти, мисгар Холбоқи, пўстиндўз Ёдгор, Қўчқор сўфи каби сатирик образлар Япалоққуш ва Бойқуш орасидаги воқеаларга бевосита боғланади.

"Зарбулмасал"даги Бойўғли, Кордон ва Япалоққуш образлари орқали одамлардаги очкўзлик, мақтанчоқлик ва шуҳратпарастлик хислатлари кўрсатилган. Ҳасад ва иғвогарлик, риёкорлик ва жаҳолат қораланган.

Гулханий Кўрқушнинг сўзлари орқали хон атрофини ўраб олган амалдор ва руҳонийларнинг фақат ўз манфаатлари йўлида ишлаши, риёкор ва диёнатсизлиги, мамлакатдаги ўзаро низолар ва вайронагарчиликларга сабабчи эканлигини кўрсатиб берган. Эл-улуснинг ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, тараққий этмаган давлат ва эл қўлламаган сарой таназзулга учрашини баён қилган. Оддий халқнинг ночор аҳволи ва қашшоқлигини куйиниб таърифлаган. Зеро, "Зарбулмасал" ёзилганидан кўп ўтмай Ўрта Осиёдаги давлатлар ўз мустақиллигини йўқотиб, ўзга давлатларга қарам бўлиб қолганини вақт исботлаб берди.

Асарда шундай мақоллар учрайди: "Улуғнинг даргоҳида дониш ва аҳли хирадманди боҳуш қанча кўб бўлса ҳам оз бўлур", "Сўзни айтғил уққанга, жонни жонга суққанга, айтиб сўзни нетарсан, онадан ёмон туққанга", "Яхшилар топиб сўзлар, ёмонлар қопиб сўзлар", "Кўр тутганини қўймас ва кар эшитганини қўймас", "Яхшилик қил сувға сол, сув билмаса, болиқ билур, болиқ билмаса, холиқ билур".

Турк халқининг оқсоқол ёзувчиси Аҳмад Лутфий Қозончи (1936 йилда туғилган) ижодига оид "Бир виждон уйғонур" романи жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан бири ҳисобланади. Ўзбек ўқувчилари адибнинг "Ўгай она", "Қайнона" каби асарлари билан яхши таниш. "Бир виждон уйғонур" романида гуноҳи азимга ботган ота - Сурури бей, ҳаётнинг оғир юкини зиммасига олган сабр-қаноатли она - Садоқат хоним, қалби кўр ота ва муштипар она орасида сарсон-саргардон бўлган бола - Тумай бошидан кечирган воқеалар тасвирланган.

Романда жамиятнинг энг чирик иллатлари, оила таназзули сабаблари, орсизу ғурурсиз эркакларнинг қилмишлари ва эътибор ва муҳаббатга муҳтож аёлларнинг изтироблари, тарбиясиз, ахлоқсиз ва илм-ҳунарсиз қолаётган болаларнинг қисмати ёритиб берилган. "Бир виждон уйғонур" асарини ўқиш давомида бу иллатлардан фақат иймон-эътиқод, инсоф-диёнат ва поклигу ҳалоллик қутқаришига ишонч ҳосил қиласиз.

Асар ор-номусни ва дину диёнатни эсдан чиқариб, бекорчилик ва ичкиликбозликни одат қилган Сурури бейнинг қилмишлари баёни билан бошланади. Сурури бей беодоблик ва жоҳиллик кўчасига кириб, чиройли, ақлли, эътиқодли ва қаноатли хотини Садоқат хонимни хор қилади. Садоқат хоним Сурури бейнинг ҳақорату уришларига чидаб, яхши кунлар  ва эри инсофга келишидан умидвор бўлиб, оилам ва болам дея чидаб яшайди. Ўғил Тумай эса отадан ўрнак олади, унга улфат бўлади. Ота сўкса қайтариб сўкади, урса қайтариб уради.

Ўғил отасидан баттар бўлади. Садоқат хоним ота-бола ўртасида куйиб кул бўлади, ҳаётида бирон кун ҳам рўшнолик кўрмайди. Оқибатда Сурури бей ўлганда ўғли Тумай ота қабри ёнида улфатлари билан ароқхўрлик қилади. Бечора она Қуръони каримни бағрига босиб, ўғлига Аллоҳдан инсоф-диёнат тилаб ҳаётдан кўз юмади.

Мастликда кўчада санғиб юрган Тумай эрта тонгда чанқоғини қондириш учун сув излаб масжидга киради. У ерда нуроний юзли ва ширин сўзли фариштасифат инсонларни кўриб, уларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлади, руҳан ўзгаради. Бу кун қадр кечаси эди. Тумай ичкиликни бутунлай ташлаб, ўтган умри ва қилмишларидан афсус чекади. Тумай исмини Мурод деб ўзгартиради.

Кейинги воқеалар давомида Мурод ҳарбий хизматда бўлади. Сафдошларига кўп ёрдам қилади. Хизматдан қайтгач ўзини тўғри йўлга солмоқчи бўлган Иброҳим отанинг ҳолидан хабар олиб туради. Акиф бей исмли бойнинг йўқотиб қўйган пулини топиб олиб, излаб бориб топширади. Эвазига Акиф бей билан бирга ишлаб сармоядор бўлади. Бу кишиларнинг аралашуви билан фақирона яшаса-да, ҳалол-покликни одат қилган Фарида хонимнинг Алия исмли тарбияли, ахлоқли қизига уйланади. Мурод дўстлари ва бошқаларга ёрдам беришни одат қилади. Яхши инсоний фазилатларга эга бўлади. Ҳаёт давом этади.

"Бир виждон уйғонур" романида шундай сатрлар учрайди: "Бир авлод етишмоқда. Маданият ва техникадан бироз хабардор. Аммо ахлоқ ва фазилат, одоб ва тарбиядан мутлақо бехабар. Аждодларидан олган маънавий меросни унутган", "Гўзал ахлоқлари билан бутун инсониятга танилган буюк бир миллат ўзини йўқотадиган ҳолга келиб қолмадими?".

Юқоридаги асарлар шакл ва мазмун жиҳатидан бир-бирига ўхшамаса-да, улар мутолааси инсон тафаккурини юксалтиришда бирдек муҳим ўрин тутади.

Абдишукур ОМОНОВ

Report typo