Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

26.06.2020


ЖУРНАЛИСТ БЎЛИШ УЧУН ЎҚИШ БАЛКИМ ШАРТ ЭМАСДИР, АММО УҚИШ - ШАРТ

 

Сараланган сатрлар

Ижод оламига, хусусан, журналистикага эндигина қадам қўйган ва ҳатто шу жабҳада узоқ йиллардан бери ишлаб келаётган қаламкашлар бошқа касбдошлари мақолаларини ўқиш билан бирга соҳага оид адабиётлар билан ҳам танишиб бориши фойдадан холи бўлмайди. Шундай китоблардан бири таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоевнинг "Журналистика: касб, ижод, маҳорат" қўлланмасидир. Унда муаллиф қўлига қалам олган чоғидан турли таҳририятларда ишлаб кўрган-кечирганлари, касб масъулияти, заҳмат ва машаққатлари, жаҳон журналистикасининг бугунги тенденцияларини ўзига хос услубда баён қилганки, мутолаа ҳар қандай ОАВ вакилига ҳаёт ва ижод йўлларида асқатиши аниқ.

* * *

Журналистика бир ҳамла билан забт этиладиган тепалик эмас. У бошқа кўп соҳалар каби мислсиз фидойиликни, заҳматли меҳнатни талаб этади. Бу заҳмат бир умр давом этади, адоғи кўринмайди. Бутун ҳаётингни, ўй-хаёлларингни қоғозу қалам ихтиёрига топширишинг керак. Газетхон аталмиш ҳар янги авлод сендан янги сўз, янги фикр, воқеа-ҳодисаларнинг рост ва холис    талқинини, янгича шарҳларни, таъсирчан сўз ва ибораларни кутади. Бусиз газетхонни ўзингга жалб қила олмайсан, сўзингга ишонтиролмайсан.

* * *

Чинакам журналист ҳеч қачон ўз ишидан қаноат ҳосил қилмайди. Кеча, ўтган куни ёзгани бугун ўзига ҳам ёқмай қолади. Янада яхши, янада пухта ва таъсирчан ёзишга ҳаракат қилмоқ зарур.

* * *

Машҳур ёзувчи Габриэль Маркеснинг фикрича, "журналистика билан бадиий адабиёт ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Асосийси - ахборот. Журналист тўплаётган ахборот ёзувчи тўплаётган ахборотдан ўзгача эмас. Айни бир факт асосида роман ҳам, репортаж ҳам ёзиш мумкин. Яхши репортаж адабий асар даражасига кўтарила олади".

* * *

Адиб - кўнгил кишиси, кўпроқ ўзга кўнгилларга йўл излайди, муваффақият қозонолмаса, янглишса, биргина ўзи изтироб чекади. Журналист эса, асосан ақлга таяниб иш кўради, фаолияти аксарият ҳолларда ўзгалар тақдири билан боғлиқ, унинг хатосидан бошқаларга жабр етиши ҳеч гап эмас. Шу боис, журналист етти ўйлаб, бир ёзиши шарт.

* * *

...ахлатхоналарнинг камлиги шаҳар кўчаларининг, ҳавонинг ифлосланишига олиб келаётгани тўғрисидаги кичкина хабарнинг аҳамияти ноҳақликка учраган бирор бир кишининг инсоний ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган суд очеркиникидан кам эмас. Иккаласи ҳам инсон манфаатларига тенгма-тенг хизмат қилади.

* * *

Журналистикада ёзилган қонунлар билан бирга ёзилмаган қонунлар ҳам мавжуд.

* * *

Матбуот ҳеч қачон кимнингдир номини булғаш, кимдандир ўч олиш, кимнингдир йўлини тўсиш воситасига айланмаслиги керак. Журналист мақола ёзаётганида, айниқса, бирор муаммо юзасидан танқидий мушоҳада юритаётганида кимларнингдир маслаҳати, кўрсатмаси ёки хоҳиш-истаги билан иш тутмаслиги, "буюртма" иш қилмаслиги, ҳақоратомуз сўзлар, ибораларни ишлатмаслиги ўта муҳим.

* * *

Газетани танқид қилиш осон, савиясини кўтариш эса анча мушкул иш. Бугун кимдир менинг олдимда бирор нашрдан ўпкалаб қолса, мен унга шундай дейман: "Биродар, бир кун туз ичган жойга қирқ кун салом бер", деган гап бор. Кўнглингиз тўлмаётган бўлса, келинг, мана сиз, мен, яна уч-тўрт киши пишиқ-пухта беш-олтита "мих" мақолалар ёзиб берайлик, газета қўлма-қўл бўлиб кетмаса мен кафил".

* * *

Анча тажрибали "Кеш" (Шаҳрисабз) газетасининг 2012 йил март-апрель сонларида таниқли ижодкор, бир неча бадиий-публицистик асарлар муаллифининг "Мунофиқнинг сўнгги хиёнати" сарлавҳали эссеси эълон қилинган. Эссенинг "Буюк Мовароуннаҳрда янги қурултой" қисмида 1370 йилнинг 9 апрелида Балх шаҳрида бўлиб ўтган воқеалар, яъни Шайх Мир Саййид Барака томонидан Темурбекка "амир" унвонининг берилиши тасвирланади. Қуйидаги парчаларга эътибор беринг: "Жойлардаги ошхоналар-у, чойхоналарда миллий таомлар пишиб турибди", "Минбарга икки киши чиқиб келди. Улардан бири Амир Темур, иккинчиси у кишининг маънавий пирларидан бири Шайх Мир Саййид Барака. Қарсаклар, олқишлар, табриклар узлуксиз жаранглайди", "...оломон орасидан Амир Темурни олқишловчи хитоблар янграб, "Яшасин Амир Темур", "Яшасин адолат", "Амир ҳазратларига шон-шарафлар бўлсин" деган олқишларнинг узлуксиз жаранглаётган тўлқинли садолари эшитилади...".

XIV асрда "чойхона", "миллий таомлар", "минбар" каби сўз ва иборалар ишлатилганмикин? Ўша пайтда одамлар, наҳотки, "яшасин" деб қичқиришган бўлса?

* * *

Мақола ёзиш бир маҳорат бўлса, сарлавҳа топиш яна бир маҳорат. Ахборот оқимининг бугунги шиддати таъсирида кўплаб ўқишга, мутолаа қилишга арзирли мақолаларнинг ҳам ўқилмай қолиб кетаётганига сабаб уларга ёмон, эътиборни тортмайдиган сарлавҳа қўйилганида десам, муболаға бўлмайди. Бозор пештахтасига кўзга кўринарли қилиб териб қўйилган бирор бир маҳсулот харидорни ўзига чорлаганидек, яхши сарлавҳа ҳам ўқувчи эътиборини қозониши лозим.

* * *

Бир одат бор. Кимдир "Фалончи бемаза одам, у билан муомала қилмаслик керак" деса, кўплар ундан қоча бошлайди. Журналист бунинг аксини қилиши керак, яъни ўша     "бемаза" одамнинг бемазалиги нимада эканини ҳеч бўлмаганда ўзи учун аниқлаб олиши лозим.  Танқидчилар бирорта асарни дўппослаб қолсалар, уни, албатта, ўқиб чиқиш керак. Бирор кишига, бирор воқеага муносабат билдиришда бошқаларнинг фикрига қулоқ тутиш яхши фазилат, аммо хулоса ўзингники бўлса, бу яхшидан ҳам яхши. Ўз фикрига эга бўлган журналистнинг фикри жоиз, сўзи таъсирчан бўлади.

* * *

Журналист бирор жойга бориб, салом-аликдан сўнг дарҳол жиддий қиёфада суҳбатдошига устма-уст савол бера бошласа, суҳбат қовушмайди, аниқроғи, суҳбатдош унга дилини тўла очмайди. "Ҳа, ишлаяпмиз, бажараяпмиз, ёмон эмас", дейди-қўяди. Борган жойингиздаги ҳақиқий аҳволни, соғлом ёки носоғлом муҳитни аниқлаш учун, аввало, озроқ юмор (аския) баҳонасида суҳбатдошларингизнинг ишончига киришингиз, кўнгилларига йўл топишингиз лозим бўлади.

* * *

Туман газеталаридан бирида эълон қилинган бир мақолани ўқиб, кулгидан ўзимни тўхтата олмай қолдим. Журналист бир юзу беш ёшга кирган онахон билан суҳбатлашибди, "Онахон, мана сиз шундай муборак ёшга етибсиз, табриклаймиз, айтинг-чи, ҳозир кўнглингиздан қандай ҳис-туйғулар ўтаяпти?" деган саволига кампиршонинг жавобини эшитинг: "Аввало шуни алоҳида таъкидлашим керакки...".

Ёпирай, бир юзу беш ёшли онахон шундай дейиши мумкинми?

* * *

 Журналист бўлиш учун ўқиш балким шарт эмасдир, аммо уқиш - шарт. Уқиш учун эса ўқиш керак!

* * *

Касбдошларимиздан бири меҳнат таътилига чиқиб, туғилиб ўсган қишлоғига борган. Мактабдошлари, дўст-қадрдонлар даврасида яйраб дам олган. Шу суҳбатда маҳалла оқсоқоли - касбдошимизнинг яқин қариндоши туман ҳокимининг баъзи хатти-ҳаракатлари тўғрисида журналистнинг қулоғига қуйган, бошқалар уни қўллаб-қувватлашган. Журналист шу суҳбат таъсирида газетада танқидий мақола эълон қилган ва ўзини ҳам, таҳририятни ҳам ноқулай аҳволга солган. Касбимизнинг қатъий бир талаби: ўзинг кўрган, ишонч ҳосил қилган нарсаларни ёз.

* * *

Афсуски, баъзи мухбирлар ҳали йўлга чиқмай туриб телефон гўшагини кўтарадилар-да, "Акахон, бир-иккита шикоят келган, шуларни текширгани фалон куни бораяпмиз, уч кишимиз", деб қўйишади. Табиийки, у ерда уч кишига мўлжалланган "тайёргарлик" бошланади.

* * *

Телевидениеда таниқли боксчи билан суҳбат бўлди. Мониторда унинг кучли рақиб билан ўтказган оғир жанги намойиш этилмоқда. Жанг тугади, ҳар иккала спортчи ўта ҳолдан тойган, юзлари мўматалоқ бўлиб кетган. Мамлакатимиз вакили бу жангда ғолиб бўлди, рефери унинг қўлини юқорига кўтарди. Экранда шу ҳолат намойиш этилаётганида, журналист боксчига ажабтовур савол бериб қолди: "Шу ҳолатда кўнглингиздан қандай ҳис-туйғулар ўтган?". Боксчи, афтидан, "туйғу" сўзини яхши тушунмади шекилли, "Ҳеч нарса ўтгани йўқ, "бой" жуда оғир бўлди", деди-қўйди.

...журналист бирор касб эгаси билан мулоқотга киришар экан, мавзуни яхши билишини намойиш этиши, шу касбга доир факт, рақам, ҳолат, натижа ва муаммолар хусусида эркин мулоҳаза юрита олиши керак.

* * *

Устоз мақомига етиш осон иш эмас. Журналистика шундай касбки, бир умр ўқиб-изланиб ҳам шогирдлик, талабалик мақомида қолиб кетиш мумкин.

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Report typo