Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

30.03.2021


ЎЗИ БОШПАНАСИЗ МФЙ ҲУДУДДАГИ МУАММОЛАРНИ ҚАНДАЙ ҲАЛ ЭТАДИ?..

Бошпанаси бўлмаган инсон турмушида фароғат, кўнглида ҳаловат, ишида унум бўлмайди. Биноси йўқ фуқаролар йиғини-чи? Бошпанасиз ётарини ўйлайди. Йиғиннинг иши эса бир дунё, айнан одамлар дардига, ташвишига малҳам бўлиш керак. Аммо ўзи "дардманд" бўлса-чи?

Нишон туманидаги Ёшлар диёри маҳалла фуқаролар йиғинини ана шундай таърифлашга асос бор.

Унинг идораси ҳудуддаги тадбиркорлардан бирига тегишли савдо дўкони экан. Бир томонда сотувчи ва харидорлар олди-сотди ишлари билан банд, бир ёнда эса маҳалла масъуллари қисиниб-қимтиниб ўтирибди. Қандайдир мурожаат билан келган фуқароларни шу ерда қабул қилиб, имкон борича тадбиркорнинг савдосига халал бермасдан жўнатишга ҳаракат қилаяпти.

Маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари Дилафрўз Мейлиеванинг таъкидлашича, МФЙ масъулларининг савдо дўконида жойлашиши вақтинчалик ҳолат.

- Айни пайтда маҳалла идорасини таъмирлаяпмиз, шу боис бу ерга келиб тургандик, - дейди у. - Таъмирлаш ишлари тугатилиши билан яна ўз идорамизга кўчиб ўтамиз.

Аммо суриштириб билсак,  маҳалланинг ҳеч қандай биноси йўқ, Дилафрўз Мейлиева айтаётган объект  ҳам аслида аввал ижарага олинган қўналға экан.

- Маҳалламиз учун алоҳида бино қуриб бериш бўйича 2019 йилда ҳам, ўтган йилда ҳам масъул ташкилотларга хат билан мурожаат қилганмиз, - дейди раис ўринбосари. - Улар бу борада Тошкентга таклиф жўнатилганини айтишган.

Аслида бу масала фақат Ёшлар диёри маҳалласидагина мавжуд муаммо эмас. Олган маълумотларимизга кўра, вилоятимиздаги 776 та маҳалланинг 246 тасининг ўз биноси йўқ. Қолганларининг ҳам аксариятида шарт-шароит белгиланган талаблар даражасида эмас.

Энди ўйлаб кўринг, маҳалла жамиятимизга дахлдор барча масалаларни ҳал этишда бевосита иштирок этувчи, халқ ва давлатни бир-бирига яқинлаштириб, улар ўртасидаги муносабатларни мувозанатда ушлаб турувчи  муҳим тузилма саналади.

Айниқса, ҳудудда доимий жамоатчилик назоратини таъминлаш, муаммоларни ўз вақтида ўрганиш ва  тизимли ҳал этиш чораларини кўриш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш ва шу каби кўплаб вазифаларни амалга оширишда маҳалланинг имкониятилари жуда кенг.

Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда маҳалланинг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқаролар йиғинлари ишини ташкил этишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш, соҳага малакали, бой ҳаётий тажрибага эга ва фидойи кадрларни жалб этиш, фуқаролар йиғинлари ходимларининг самарали фаолият юритиши учун етарли шарт-шароитларни яратишга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президент, ҳукумат даражасидаги ҳуқуқий ҳужжатлар, дастурлар қабул қилинаяпти. Аммо уларнинг ижроси тўлиқ таъминланмоқда, деб бўлмайди.

Мисол учун, Президентнинг 2017 йил 3 февралдаги тегишли фармонига кўра, маҳаллий ҳокимликлар, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди зиммасига 2021 йилнинг 1 декабрига қадар фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш), шунингдек, уларни зарур мебель жамланмаси, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва интернет тармоғи билан жиҳозлаш вазифаси юклатилган эди.

Мана, фармонда белгиланган муддат ҳам ўтиб бораяпти, амалий ишлардан эса дарак йўқ. Қуйи тизимлар фармон ижросига ҳаминқадар ёндашса, ўзи бировнинг савдо дўкони ёки ёрдамчи хўжалик биносини ижарага олиб ўтирган маҳалла фуқаролар йиғинидан қандай қилиб катта-катта муаммоларни зиммасига олишни, бугунги ислоҳотлар билан қадам-бақадам илдамлашни кутамиз?!

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo