Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

22.05.2020


ЎЗИ ХУШХЎР, ДАРОМАДИ ҲАМ ЗЎР

Томорқачилик

Қулупнай нафақат хушхўр таъми, балки баҳорнинг илк неъматларидан бири сифатида дастурхонимизга етиб келиши билан қадрли. Қолаверса, унинг шифобахш жиҳатлари кўп. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қулупнай таркибидаги фойдали минераллар овқат ҳазм қилиш тизимига яхши таъсир қилади, организмни тозалайди, қариш жараёнини секинлаштиради. Киши кайфиятини кўтаради.

Шу боис қулупнайнинг ҳар доим, ҳамма жойда харидори кўп. Уни етиштириш эса яхшигина даромад келтиради.

Қарши туманининг Каҳлак маҳалласида яшовчи кўпгина хонадонлар қулупнай етиштириш билан шуғулланади. Улар бу ишни ўзларининг асосий даромад манбаига айлантиришган.

- Ўтган йили 3,5 сотих майдонга қулупнайнинг "Виктория" навини эккандик, - дейди шу маҳаллалик Шамсиддин Примов. - Меҳнатини ўз вақтида қилдик, барча агротехник талабларни белгиланган тартибда бажардик. Натижа ёмон эмас. Ўтган йили шу ернинг ўзидан 40 миллион сўмга яқин даромад олгандик, бу йил эса 50 миллион сўмдан ошиқни мўлжаллаб турибмиз.

Энди ҳисоблаб кўринг, қулупнай кўп йиллик ўсимлик бўлиб, уни бир эксангиз, камида тўрт йил давомида яхши ҳосил беради. Йилига ўртача 40 миллион сўмдан даромад олсангиз ҳам, бу 4 йил давомида 160 миллион сўм дегани. Сиздан талаб этиладигани эса, ерни ўз вақтида маҳаллий ўғит билан озиқлантириб, мавсумда ҳафтасига бир-икки маротаба суғориб туриш. Буни яхши билган каҳлаклик томорқачилар қулупнайдан яхши даромад олиб, оиласи фаровонлигини таъминламоқда.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo