19 август шанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

ҚАШҚАДАРЁ ҚОВУНЛАРИ ДУНЁ БОЗОРИДА

Иқтисодиёт
Tipografiya

Экспорт

ҚАШҚАДАРЁ ҚОВУНЛАРИ ДУНЁ БОЗОРИДА

Вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати берган хабарга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида дунёнинг бир неча мамлакатларига воҳамизда етиштирилган 240 тоннадан зиёд хуштаъм ва ширали қовунлар экспорти амалга оширилган.

Қайд этиш жоиз, вилоятимиз мамлакатимизнинг юксак экспорт салоҳиятига эга ҳудудларидан бири ҳисобланади. Ҳудудда энг илғор технологиялар билан жиҳозланган, юқори ишлаб чиқариш қувватларига эга корхоналар кўп. Ҳозирги кунда ушбу корхоналар томонидан импорт ўрнини босувчи ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, воҳанинг экспорти ҳажмида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари салмоқли ўрин эгаллайди. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида чет эллик ҳамкорларга вилоятимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги ноз-неъматларини етказиб беришда 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти иштирок этган. Улар томонидан хориж мамлакатларига қиймати қарийб 11 миллион АҚШ долларига тенг сархил мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари ва узум экспортга йўналтирилган.

 Эътиборлиси, сўнгги вақтда вилоятимизда деҳқон ва фермерлар томонидан экспортбоп қовун навларини парвариш қилишга устувор аҳамият қаратилаяпти. Ҳудуд тупроқ-иқлим шароитининг ушбу маҳсулотни етиштириш учун қулайлиги пишган қовунларнинг таъми тилёрар ва харидоргир, ўз навбатида, ҳосил чўғи юқори бўлишини таъминлаяпти. Айниқса, Косон, Ғузор, Нишон, Миришкор ва Қарши туманлари соҳибкорлари бу борада катта тажриба тўплашган.

Уста деҳқонларнинг билдиришича, воҳамизда йилнинг февраль  ойиданоқ қовун парваришига киришилади. Бунда асосан "Жиян", "Торпедо", "Аэропорт" каби экспорт талабига жавоб берадиган   навлар танланади. Аввалига уруғлар махсус идишларга экилиб, иссиқхона шароитида ўстириб олинади. Бўйи меъёрига етган кўчатлар кенг майдонга плёнка остига экиб чиқилади. Кунлар исиши билан палаклар баравж ривожланиши учун ниҳоллар усти очилади. Бу усулни қўллаш орқали эртачи ҳосил олиш имконияти ошади. Одатда вилоятимиз деҳқонлари пишган қовунларни июнь ойининг илк ўн кунлиги охиридан бошлаб узишни бошлайди.

Айни дамда вилоятимиз далаларида пишиб етилган қовунларни саралаб, юк машиналарига юклаб, экспортга жўнатиш ишлари авжида. Ҳозирга қадар маҳаллий ишбилармонлар томонидан Россия, Қозоғистон ҳамда Европанинг бир қатор мамлакатларига 240 тоннадан зиёд хуштаъм ва сархил қовунлар экспортга чиқарилгани бунинг исботидир.

Қарши туманида фаолият кўрсатаётган "Продукт гроуп бизнес" масъулияти чекланган жамияти ҳам ана шундай экспортчи корхоналардан биридир. Мазкур тадбиркорлик субъекти жорий мавсумда Россия Федерациясига 2000 тонна қовун экспорт қилишни мўлжаллаган. Корхонанинг божхона ишлари бўйича масъул ходими Шукрулло Убайдуллаевнинг билдиришича, шу пайтга қадар россиялик ҳамкорларга 100 тоннадан ортиқ қовун етказиб берилган. Йил  давомида таъминот узвийлигига эришиш мақсад қилинган. Божхона расмийлаштируви бўйича жорий этилган енгилликлар эса тадбиркорга вақтни ҳамда ортиқча сарф-харажатларни  тежаш имконини бераяпти.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 июндаги "Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган субъектларга янада кенг қулайликлар тақдим этди. Жумладан, ушбу қарорга мувофиқ жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб маҳаллий ишбилармонларга янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида, яъни ҳеч қандай воситачисиз экспорт қилиш ҳуқуқи берилди. Бу тартиб маҳаллий экспорт қилувчи тадбиркорларнинг манфаатдорлигини ошириши билан бирга улар фаолиятининг молиявий  барқарорлиги янада юксалишига шароит ҳозирлаши билан муҳимдир. Шунингдек, ушбу жараён ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспортга кенгроқ жалб этилишига, ташқи бозорга чиқариладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харидоргирлиги ва рақобатбардошлиги ошишига, ўз навбатида валюта тушуми кўпайишига хизмат қилади. Натижада жойларда юқори ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни самарали рўёбга чиқариш, аҳолига доимий даромад манбаларини яратиб бериш учун кўпроқ имконият юзага келади.

М.ШУҲРАТОВ