17 август пайшанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

“ЁРИҚ КЎЗА БИЛАН СУВГА БОРМА...”

Жамият
Tipografiya

Муносабат

“ЁРИҚ КЎЗА БИЛАН СУВГА БОРМА...”

Ёхуд конфет қоғозидаги тарғибот

Инсон ҳаётда яшар экан, кўриб, эшитиб ёки ўқиб ўрганади. Атрофидаги воқеа-ҳодисалардан ибрат олади. Умри давомида яхшини ёмондан ажрата билади. Ўрта ёшдан ошганларда ўқиб, аёлларда эшитиб “юқтириш” устун турса, ёшлар кўпроқ кўрганига ишонади. Шу ўринда тарғибот деган тушунчанинг кўринишлари ҳам намоён бўлади. У қанчалик таъсирчан, одамларга яқин бўлса, шунча яхши. Яқинда кузатганим  мени шу ҳақида ўйлашга ундади. Бу ўзига хос тарғибот усули эканлигига эътибор қаратдим.

Гап шундаки, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида сотилаётган конфетлардан бирини очганимда қоғози ичидаги ёзувларга кўзим тушди. Эътибор бериб қарасам, бежирим ўрамнинг  ички томонига ҳикматли сўзлар ёки ибратли мақол ёзилган. Бир неча конфет қоғозларини кўздан кечириб, ҳар қайси ўрамда бошқа-бошқа, халқимизнинг узоқ ўтмиши ва ҳаётий тажрибалари асосида йиғилган, асрлар силсиласида тобланган мақол ва ҳикматлар битилганидан бир янгилик топгандай бўлдим. Мана ёзувлардан бири:

“Яхши бола — тўрга тортар,

Ёмон бола — гўрга”.

Иккинчисида:

“Қобил ўғил отга миндирар,

Ноқобил — отдан туширар”, деб битилган.

Ҳаёт ҳақиқатлари, оқил хулосалар бўлар. Уларни ўқиган одам конфет қоғозини қўлда тутганча мушоҳада юритиши тайин. Ушбу жумлалар битилган қанд ўрамларини ахлат қутисига ташлаб юборишга ҳам шошилмайди.

Навбатдаги конфетни очиб, ўрам ичидаги ёзувни ўқийман:

“Текин топган мол ёмон,

Охири қўймас омон”.

“Ҳалолидан берсин”, дерди ҳар гал дастурхон бошида дуога қўл очган бобом. Бу гапнинг маъносини катта бўлганимда тушундим. Миллион-миллион пул топган, аммо бахт ва хотиржамликдан мосуво қўшним кўз олдимга келаверади. 

Хуллас, ушбу ширинлик ана шу жиҳати билан эътиборимни тортди. Одамийлик тарғиботини  эслатди менга у. Ахир, худди шундай маҳсулотни харид қилиб, уйида бола-чақаси билан тановул қилган ҳар бир юртдошим худди мен каби қоғоздаги ёзувларга кўзи тушади, ўқийди. Улар оилада маънавий суҳбатларга мавзу бўлади, ёшларнинг ақлини бойитишга, катталарни ортда қолган ҳаёт йўлига бир зум разм солишга ундайди.

Мен ҳам ўйлайман, Ғарб нафаси уфуриб турадиган кийим-кечаклар кўз ўнгимда гавдаланади. Уларга туширилган ёзув ва шаклларнинг мағзини кўпчилик  бир кўришда чақолмайди. Ҳозирги зукко ёшлар уларни дарҳол изоҳлаб бера олади. Улар таърифига қулоқ тутиб, кийим-кечаклардаги ёзувларнинг аксариятида Ғарбча ҳаёт, “оммавий маданият” тарғиботи яширинганига ақлингиз етиб қолса, яхши. Аксинча тўғридан-тўғри ғайри одатни қабул қилишингиз ҳеч гап эмас. Агар ўша кийим-кечак чет элда ишлаб чиқарилган бўлса, тушуниш мумкиндир. Бироқ ўзимизда тайёрланганларида ҳам ўшандай “безак”лар ишлатилаётганига нима дейсиз?

Шу каби саволлар миямда ғужғон ўйнади. Конфет ишлаб чиқарувчи тадбиркорнинг топган усулидан нега бошқалар фойдаланмаяпти? Масалан, ўша кийим-кечак ишлаб чиқарувчилар. Тайёрлаган футболкасига   “Фидойинг бўлгайман сени, Ўзбекистон!” деган шиорни туширса, мен  боламга худди ўшанисини олиб берардим. Айниқса, ёшларимиз учун тикилаётган уст-бошларга уларни одоб-ахлоққа, ёмон қилиқлардан тийилишга чақирадиган, ота-онага, Ватанга, меҳнат қилишга ундовчи мақоллар ёки ҳикматли сўзларни ёзишса, бўлмайдими? Бўлади. Бу кўча-кўйда, жамоат жойларида одамлар одамларга улашаётган энг маъқул ва самарали маънавият тарғиботи бўларди.

Хуллас, тарғиботнинг бу каби усулларини кенгроқ ёйиш яхши самара беради, деб ўйлайман. Зеро, ўша конфет қоғозида ўқиган бир мақолимда айтилганидек, “ёриқ кўза билан сувга борма”слик, аксинча, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат, “оломон маданияти”га қарши эса оқиллик, донолик рамзи бўлмиш кўҳна битиклар билан курашган киши ютади.

Сожида АЛЛАЁРОВА