14 декабрь пайшанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

«Ипак йўлида туризм» 23-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси: вилоятимиз вакиллари - «Ўзбекистон ҳудудларининг энг яхши тақдимоти» номинацияси ғолиби

Жамият
Tipografiya

«Ипак йўлида туризм» 23-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси:

вилоятимиз вакиллари - «Ўзбекистон ҳудудларининг энг яхши тақдимоти»

номинацияси ғолиби

"Ўзэкспомарказ"да уч кун давомида "Ипак йўлида туризм" 23-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти томонидан ўтказилган мазкур форумда мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг сайёҳлик фирма ва компаниялари, меҳмонхоналар мутахассислари, туризм соҳаси вакиллари иштирок этди.

32 мамлакатдан 50 дан зиёд фирма ва компания вакиллари қатнашган мазкур ярмарка жаҳон жамоатчилигини юртимизнинг бой ва ранг-баранг маданияти, санъати, сайёҳлик соҳасини юксалтиришга хизмат қиладиган транспорт-логистика хизматлари билан яқиндан таништириш имконини берди. Кўргазма миллий павильонидан мамлакатимиз барча ҳудудларининг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этувчи тақдимот стендлари ўрин олди. Уларда ҳар бир вилоятнинг ўзига хос миллий маданияти, туризм имкониятлари намойиш этилди.

Вилоятимиз вакиллари ташкил этган стенд ҳам барчада катта қизиқиш уйғотди. Оқсаройнинг кичрайтирилган макети кўргазмага ўзгача кўрк қўшиб турди.  Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳаётидан ҳикоя қилувчи саҳна кўринишлари меҳмонларни бефарқ қолдирмади. Шунингдек, воҳамизда фаолият кўрсатаётган "Момогул" фольклор ансамбли аъзоларининг чиқишлари ранг-баранглиги билан ажралиб турди. Вилоятимиздан борган гиламдўз, каштачи ва заргарларнинг амалий ижод намуналари кўргазма қатнашчиларида катта таассурот қолдирди ва ҳудудда миллий ҳунармандчиликнинг бу турлари ҳозирги кунда ўзгача сайқал топаётганини кўрсатиб берди.

- Ушбу кўргазма соҳа вакиллари учун ўзаро фойдали мулоқотлар ва манфаатли келишувларга бой бўлди, - дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоятдаги вакили Отабек Олимжонов. – Тадбир доирасида ташкил этилган тақдимот ва кўргазмали чиқишлар орқали меҳмонлар воҳамизнинг туризм салоҳияти, ҳудуд аҳолисининг бетакрор маданияти билан танишди. Туризмнинг янги турларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берилди. Шу мақсадда 2400 дона ахборот берувчи материаллар  тарқатилди. Уларда вилоятимизнинг туризм соҳаси имкониятлари, инфратузилма, мавжуд қулайликлар ҳақидаги маълумотлар акс эттирилган. Аҳамиятлиси, мазкур ярмаркада вилоятимизда фаолият кўрсатаётган 10 меҳмонхона ва 1 туроператорлик идораси вакиллари ҳам иштирок этишди. Улар хорижлик ҳамкасблари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, музокара олиб бориш имконига эга бўлишди. Якунда 500 дан ортиқ манфаатли ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Маълумки, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, туризм соҳасида иш олиб бораётган тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятлар тақдим этиш, кўмак кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, сайёҳлик операторлари улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тушадиган хорижий валютадаги маблағни мажбурий сотишдан озод қилинган. Ҳудудларда ташаббускор тадбиркорлар иштирокида туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

- Хусусий бизнес вакиллари томонидан олис ҳудудларда меҳмонхона, дам олиш масканларининг ишга туширилаётгани бугун давлатимиз томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда, - дейди ярмарка қатнашчиси, "Китоб сайёҳ" хусусий корхонаси мулкдори Аҳад Бердиев. - Ушбу имкониятдан фойдаланиб, биз ҳам 2016 йилда туманимизда меҳмонларни жойлаштириш хизматини ташкил этдик. 20 сотих ер олиб, ўтовлар қурдик. Биламиз, қадимда ота-боболаримиз ана шундай жойларда яшашган, булар бизнинг ўлмас қадриятларимиздир. Уларга сайёҳлар ҳам жуда қизиқади. Ўтовларни жиҳозлашда асосан миллийликни сақлашга урғу бердик. Ҳар бир ўтовда 4 нафаргача меҳмон ором олиши мумкин. Бундан ташқари, овқатланиш, ювиниш хоналарини ҳам ташкил этганмиз. Уларда санитария-гигиена қоидаларига амал қилиниши, меҳмонлар хавфсизлиги таъминланиши эътиборга олинган. Бу лойиҳамизни рўёбга чиқариш учун 100 миллион сўмдан ошиқ маблағ сарф этдик. Аллақачон даромад олишни ҳам бошладик. Шу кунгача корхонамиз томонидан 25 миллион сўмлик хизмат кўрсатилди. Қолаверса, туристик операторлик фаолиятини ҳам йўлга қўйганмиз. Мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойларига экскурсиялар ташкил этамиз. Жорий йилнинг ўтган даврида 235 нафар сайёҳ хизматимиздан фойдаланган бўлса, шунинг қарийб 120 нафари чет эл фуқароларидир. Айтишим жоизки, бу кўргазма биз учун жуда фойдали бўлди. Хитой, Таиланд, Малайзия каби мамлакатлар ишбилармонлари билан ҳамкорлик қилишга келишдик. Ички туризм бўйича ҳам манфаатли битимларни қўлга киритдик. Келгусида маҳаллий сайёҳларни Айдаркўлга олиб боришни йўлга қўямиз. Экотуризм, зиёрат туризми йўналишида ҳам кўплаб режалар туздик, янги туристик маршрутларни ташкил этишни мўлжаллаб турибмиз. 

Ярмарка сўнгида энг яхши сайёҳлик йўналиши тақдимоти, энг яхши стенд, энг яхши хизмат, энг яхши дизайн, компания ва меҳмонхона тақдимоти, тематик бўлим ва туристик имкониятлар, сермаҳсул ҳамкорлик каби қатор йўналишлардаги танловлар ғолиблари тақдирланди. Аҳамиятлиси, вилоятимиз вакиллари "Ўзбекистон ҳудудларининг энг яхши тақдимоти" номинацияси ғолиблигига муносиб кўрилди.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ