17 август пайшанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

“А” СИНФ ЗЎРМИ, “Б”?..

Жараён
Tipografiya

Катталар учун “тарбиявий соат”

“А” СИНФ ЗЎРМИ, “Б”?..

Ёхуд қачон катта бўламиз, синфдош?

Ўқувчилик йилларимизпараллелсинфдагилар билан рақобат қилишга одатлангандик. Физиками, математиками, бирор фан кечасида, “Қувноқлар ва зукколар” ёки волейбол ё футбол мусобақаларида улар билан чираниб беллашардик. Тилимиздан бир гап тушмасди: “А” синф зўрми, “Б”?..

Мактабни битирганимизга бу йил чорак аср тўлибди. Бировимиз тилга тушган тадбиркор бўлдик, бировимиз амалдор... Болаларимиз бўйимиз тенги бўлди. Аммо... Гурунг-гаштакларимизда давом этаётган бир “тадбир” тараддуди ҳақидаги “маслаҳат”ларимиздан маълум бўлдики, кўпчилигимиз ҳалиям катта бўлмабмиз, шекилли...

Биров “бермайман”, деди, биров – “бормайман”...

Бир танишим ҳикоя қилади:

– Мактабни битирганимизнинг ўн йиллигини қандай нишонлаймиз, деб синфдошлар билан узоқ баҳслашдик. Биров шаҳардаги янги очилган ресторанда ўтказамиз, маҳмадонароқ оғайнимиз эса “уйда бемалол ўтирамиз, қизлар дарров кетиб қолади, “қолган-қутган” билан тонггача мазза қилиб “отамлашамиз”, деди. Охири барибир ресторанда нишонлайдиган бўлдик. Йигитлар икки юз мингдан, қизлар саксон минг сўмдан пул йиғдик. Пул йиғишнинг ҳам ўзи бўлмади. Биров – “бермайман”, биров – “бормайман”, дейди. “Ўлар жойдамисан, ўн йилда бир ўтираяпмиз”, деб “тишининг каваги”да асраганини ҳам шилиб олдик. Синфдош қизларнинг турмуш ўртоғини изза қилдик. Ниҳоят, мўлжалдаги харажат маблағи йиғилди.

Шаҳар деганлари қишлоғимиздан нақ ўттиз чақирим узоқда. Бориб-келишга автобус гаплашдик. Тўрт киши олифталик қилиб, таксида кетдик. Тадбир қандай ўтди, тўғриси, кўпчилик синфдош йигитларнинг ёдимизда йўқ. Кайфчилик, шоир айтганидай: “...ош еганим маълумдир – шимга томган доғлардан...” Фалон минг сўмга телевизорда чиқадиган артистлару сухандонларни гаплашгандик. Нима деди, қандай қўшиқ айтди – эслолмаймиз. Фақат кексайиб қолган бечора биринчи ўқитувчимизнинг қўлидан тортиб, қийшанглаб ўйнаганимиз, синфдош қизларни олиб кетишга келган турмуш ўртоқлари билан ғижиллашганимиз ғира-шира ёдимизда. Беш хил овқат “заказ” қилганмиз. Биринчисидан кейингиларини едикми, йўқми... Яна бояги шоир айтганидай: “Ўйлаб, эслай олмадим уйга қайтган йўлимни, йиғлаб туриб эсладим қистирворган пулимни...”.

Шунча дабдаба етмаганидай “қолган-қутган”ни қўлтиқлаб, туғилган кунини нишонламоқчи бўлган маҳмадона синфдошимизнинг уйига борибмиз. Таксичи йўлда “сенларнинг дастингдан “гаи” яхшигина жарима солди деб қолди. Кейин мана шу чиқимнинг устидан жанжал чиқди. Бировнинг боши ёрилган, бировнинг бурни синган... Кейин маҳалла оқсоқоли, участка инспектори келишди...

Хуллас, шунча тараддуд билан ташкил этилган “ўн йиллик”ни ўн йиллар унутмайдиган бўлдик...

Етмиш яшар “болалар”, “қизлар”...

Етмишдан ошган онамни икки-уч йил аввал синфдошлари йўқлаб келишди. “Эллик йиллик”ни нишонлашармиш. Қизиғ-а, эллик йил, айтишга осон... Невара-чеварали собиқ синфдошларини онам “болалар”, “қизлар” деб аташлари завқимизни келтирди. Тадбирдан сўнг онамнинг таассуротларини сўрашга шошилдик.

– Барака топсин дўхтир, – вилоятда машҳур шифокор синфдошларини алқадилар онам. – “Синфком”-да, ҳамманинг бошини қовуштириб, тадбирни чиройли қилиб, ташкил қилибди. Қаршининг шундоққина биқинидаги қишлоқда шунча йил яшаб, шаҳар деганларида “Янги бозор”у “Эски бозор”ни тушуниб юраверган эканмиз. Қарши қандоқ чиройли бўлиб кетибди. Автобусда ҳамма жойни айландик. Одина масжидини, Хўжаи Жарроҳ зиёратгоҳини, Кўкгумбазни... Тегирмон тошнинг устидаги оилани, “Мотамсаро она” ҳайкалларини кўрдик. Кўчаларда қурилаётган иморатларни, боғу гулзорларни кезиб, маза қилдик. Бирам енгил тортдик... Турмуш ташвишлари билан бўлиб, сезмабмиз, шаҳар жуда обод бўлиб кетибди. Ўтиб кетган синфдошларимизни хотирладик. Бир пиёла чой устида устозларимизни, болалигимизни эсладик. Болаларимиз, невара-чевараларимизнинг ютуқларидан гаплашдик. Шундай кунларга етказганига шукроналар айтдик. Мумтоз қўшиқлардан тингладик. Юрагимизнинг чигаллари ёзилиб кетди. Ҳаммамиз ўн йиллар ёшардик-ов...

Ёшлар нима дейди?

Мазкур мавзуни бир гуруҳ ўқувчи-ёшлар даврасида муҳокама қилдик.

Нуржов Бердиев, Қамаши тумани:

– Устозларимиз ўгитлари билан мактаб ва коллежларда битирув кечаларидаги дабдабабозликка анчагина барҳам берилди. Бундай тадбирлар маърифий тантаналарга айлангани қувонарли. Аммо... Тенгдошларимизнинг янги-янги “муҳим сана”ларни ўйлаб топишаётгани мени ташвишга солади. “Ўн бир йиллик” деган тадбир ҳақида эшитганмисиз? Буниси нимайди, дейсизми? Тўғри, бизда мактабни (ҳозирча) тўққизинчи синфдан сўнг тамомлашаяпти. Бироқ турли коллеж ва академик лицейларда ўқиётган айрим собиқ синфдошлар мактабни битирганларидан икки йил ўтиб, “ўн бир йиллик” деган санани нишонлайдилар. Бу бемаъни анъананинг кўпчилик ёшлар ўртасида урф бўлиб бораётгани ачинарли ҳол. Ундан кўра ўзимиз ўқиган мактаб кутубхонасига китоб совға қилайлик, байрамларда устозларимизни йўқлайлик...

Мухлиса Шоматова, Касби тумани:

– Акамнинг синфдошлари “ўн йиллик”ларини ажойиб тарзда нишонлашганди. Улар ўзлари ўқиган 13-ўрта мактаб ўқувчиларига ажойиб боғ совға қилишди. Яъни ҳар бирлари бир тупдан ноёб манзарали дарахт кўчатини мактаб ҳудудидан ажратилган майдончага ўз қўллари билан ўтқазишди. Парваришини мактабдаги ўқувчи ука-сингилларига топширишди. Акамнинг айтишича, буни кўрган ёши улуғ собиқ синфдошлар ҳам қойил қолиб, дуо қилишибди.

Маржона Ибрагимова, Қарши тумани:

– Битирув оқшомимиз учун йиғилган пулнинг ҳаммасига синфдошлар ўзаро келишиб, мактабимиз кутубхонаси учун нодир бадиий китоблар сотиб олгандик. Ўзимиз ўқиган 28-ўрта мактаб раҳбарига тантанали тарзда топширдик. Биздан шундай яхши эсдалик қолганидан хурсандмиз. Бу анъанани яна давом эттириш ниятидамиз.

Ким – йўл қурган, ким – газ баллони тарқатган...

Чироқчи тумани ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Алламурод Келдиев ҳикоя қилади:

– Бизнинг Чиял томонлардаги анъаналар ҳақида балки эшитгандирсиз. Бизда қишлоқ ва маҳаллалардаги Наврўз сайлини қирқ ёшга тўлаётган собиқ синфдошлар ўз маблағлари ҳисобига ташкил қилишади. Тўғри, баъзи жойларда бу фақат ейиш-ичишга қаратилади. Шуни яхши томонга йўналтирдик. Бир йили қирчиллама ёшдагиларнинг кучи билан йўлларимизнинг каттагина қисми обод бўлиб қолди, қайсидир Наврўзда маҳаллаларга дарвоза қурилди, бошқа йили эҳтиёжмандларга суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди. Бепул, бетаъма, ҳеч қандай “қоғоз-қалам”сиз... Бундай гўзал анъаналаримиз ҳар йили янгича мазмун, янгича руҳ касб этади.

Дунёга овоза бўлган ҳиммат

Интернетда хабар беришларича, Қирғизистоннинг Талас вилоятидаги овуллардан бирида собиқ синфдошлар мактабни битирганларининг ўн йиллигини нишонлашмоқчи бўлишибди.

Одатдагидай биров ундоқ дебди, биров бундоқ... Ниҳоят гапни бир жойга қўйиб якуний қарорга келишибди. “Ўн йиллик”ка аталган харажат ҳисобидан овулларидаги етти болали бева аёл учун уй қуришга киришишибди. Овулдаги каттаю кичик бу хайрли ишга қўшилиб кетибди. Натижада тўрт хонали, шинамгина уй бунёд бўлибди.

Олийҳиммат собиқ синфдошларнинг “ўн йиллиги” бир зумда интернет орқали оламга овоза бўлди. Улар ўз эзгуликлари билан дунёга донг таратишди...

“Бир телевизордан чиқайлик...”

Яқинда “оламга овоза” бўлиш истагида бўлганлардан бири илтимос қилиб қолди:

– Мухбир ошна, телевидениеда танишларинг кўп, яқинда синфдошлар билан “йигирма йиллик” қилаяпмиз, “тўлов-пўлов”лари бўлса, “есть” қиламиз. Чиройли қилиб чиқаришсин...

– Нима, мактабда ёшлар билан учрашув ташкил қилаяпсизларми?

– Э, учрашувга бало борми, ресторандаги ўтиришни чиқариб бергин. Расмлари билан газетага ҳам... “А” синфнинг “Б” синфдан кам жойи борми? Кўриб қўйишсин бизнинг зиёфатни. Артистларнинг зўрини гаплашганмиз Тошкентдан... Бир телевизордан чиқайлик...

Тўғри, ҳар кимнинг ўз қаричи бор. Ҳозир эҳтиёжманд маҳалладошига товуқ бериб, ғўдайиб телевизордан чиқаётган “саховатли” бойваччалар кўпайиб кетган (ёнида қунишиб турган эҳтиёжманд киши хижолатдан баттар букчайиб кетади). Аммо бировнинг синфдошлар базмида суяк ғажиётгани, даврада “хиром айлаб” беўхшов сакраётганини ТВда томоша қилишнинг кимга қизиғи бор?

Ҳа, ҳар кимнинг ўз қаричи бор.

Тўйлардаги дабдабабозликлар, исрофгарчиликлар ҳақида гапиравериб, чарчадик. Аммо бу бемаъни амалларимиз ёнига янги-янгиларини қўшиб бораётганимизни сезмаяпмизми? “Ўн (йигирма... ўттиз...) йиллик”ни кимўзарга ўтказаётганлар тўйларини ҳам ўзлари айтганларидай “бировдан кам қилишармиди”? Тўғри, дийдор – ширин, аммо меъёр-чи? Бир-бирларига гап бермайдиган ўша дабдабабозлар қачон фарзандларига бадиий китоб олиб берганликларини эслай олишармикан?! Устозларини қачон йўқлашди экан? Мактабга “ташриф” яхши, аммо ҳеч бўлмаса, ўнта китоб, спорт зали учун иккита копток кўтариб боришса, қандай соз. Кинода айтилганидай “бир кунлик тўй ўтади-кетади”, аммо...

“Одам бўлмайсан”, дейишарди...” ёхуд “P.S.” ўрнида...

 

Битикларимни қайта кўздан кечираётгандим, телефоним жиринглаб қолди.

Узоқ чўл туманида яшаётган собиқ курсдошим экан:

– Университетни битирганимизга бу йил йигирма йил бўпти, ошна, “олтин давр”ларни эслаб, бир ўтирмаймизми?.. Ресторанни, артист, раис, видеонинг зўрини ўзинг гаплаш... “Юз-юз”дан йиғсак, етмайди-ёв, “икки юз”дан айтамиз. Ҳамма курсдошларга хабар бер, домлалар ёдингдан чиқмасин. “Одам бўлмайсан”, дейишарди. Кўриб қўйишсин... Икки юзта қўйим бор ҳозир... Иккита “тандир” биздан...

Нуриддин ЭГАМОВ