14 декабрь пайшанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

ҲАЙВОНЛАРНИ МАЖБУРИЙ ҲИСОБГА ОЛИШ

Жараён
Tipografiya

ҲАЙВОНЛАРНИ МАЖБУРИЙ ҲИСОБГА ОЛИШ

Ушбу янги тизим қандай ишлайди?

Маълумки, юртимизда кўплаб аҳоли вакиллари ўз хонадонларида турли хонаки ҳайвонларни асрайди ёки кўпайтириш мақсадида боқиш билан шуғулланади. Албатта, уларни уйда сақлашда зарур санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш лозим. Хусусан, ҳайвонларни вақти-вақти билан ветеринар кўригидан ўтказиш уларнинг турли касалликларга чалинишининг олдини олиш имконини беради. Бу эса аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Бироқ фуқаролар ихтиёрида бўлган ҳайвонлар ҳисобини юритишнинг мукаммал тизимини яратмасдан, уларнинг доимий равишда ветеринария назоратида бўлиб туришини таъминламасдан бунга эришиш қийин. Бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, бунда ахборот технологияларидан фойдаланиш эса кутилган натижани беради.

Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 сентябрдаги “Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори мазкур жабҳадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни кўзда тутади. Ушбу ҳужжатга асосан, мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахслар томонидан асраб, кўпайтириладиган ҳайвонларни босқичма-босқич идентификация қилиш ташкил этилмоқда, улар тўғрисидаги барча маълумотлар жамланган ягона электрон ахборот тизими жорий қилинади.

Ушбу қарор билан тегишли низом тасдиқланиб, ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартиб-қоидалари белгиланди. Мазкур низом 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб амалга киритилади.

Таъкидлаш жоизки, ягона электрон ахборот тизими идентификация қилинадиган ҳайвонлар тўғрисидаги бир қанча маълумотлар билан тўлдириб борилади. Ушбу рўйхатда қорамол, қўй ва эчки, чўчқа, от, эшак ва туя, ит ва мушук санаб ўтилган. Тизимга ҳайвонларнинг турлари, идентификация рақами, зоти, жинси, лақаби (мавжуд бўлганда), келиб чиқиш (туғилган) жойи, ҳайвон эгаси, ҳайвонларни сақлаш жойи кабилар киритилади. Шунингдек, эгаси алмашганлиги, ҳайвонларда амалга оширилган профилактика, ташхис ва даволаш ишлари, уларнинг ҳисобга қўйилганлиги бўйича берилган ҳужжатлар, ҳайвонларнинг сўйилган (нобуд бўлган, йўқ қилинган) санаси, ҳайвонларнинг гўштидан (жасадидан) истеъмол учун фойдаланилгани ёки уларнинг зарарсизлантирилгани (йўқотилгани) тўғрисидаги маълумотлар келтириб ўтилади. Маълумотлар базасига ҳайвоннинг фотосурати ҳам жойлаштирилиши мумкин.

Низомда қайд этилган асосий тушунчалардан бири ҳайвонларни идентификация қилишдир. Бу кенг қамровли жараён бўлиб, бир қанча ҳолатларни ўз ичига олади. Биринчи навбатда, ҳайвонларнинг турларига қараб индивидуал рақам берилади. Бу биркалаш, тавро босиш (тамғалаш), жетон бериш (жетонлаш) ва чип ўрнатиш (электрон идентификация) орқали амалга оширилади.

Шундан сўнг уч иш куни мобайнида давлат ветеринария хизматининг вакили ҳайвон эгасига ветеринария паспортини расмийлаштиради. Сақланаётган (боқилаётган) ҳар бир бош ҳайвонга ветеринария паспорти расмийлаштирилади (қўй ва эчкиларга гуруҳ усулида ветеринария паспорти расмийлаштирилиши мумкин). Ветеринария паспорти ҳайвон эгасини белгиловчи, ҳайвонларнинг касалликларга қарши профилактикаси ва уларни даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотлар қайд этиб бориладиган ҳужжат ҳисобланади. У ҳайвоннинг яшаш даври давомида сақланади. Ветеринария паспорти йўқолганда ёки яроқсиз ҳолга келиб қолганда унинг дубликати берилади.

Идентификация қилиш хизматлари учун тўлов ҳайвонларнинг эгаларидан ундирилади. Тўлов миқдори ва шартлари Давлат ветеринария қўмитаси томонидан белгиланади.

Ҳайвонлар идентификация қилингандан сўнг давлат ветеринария хизматининг вакили тегишли қайдномани расмийлаштиради ва электрон ахборот тизимига киритиш учун туман (шаҳар) ветеринария бўлимига тақдим этади. Сўйилган (нобуд бўлган, йўқ қилинган) ҳайвонларнинг ветеринария паспорти ва идентификация рақамини сақловчи атрибутлар тегишли туман (шаҳар) давлат ветеринария хизмати томонидан йўқ қилинади. Ҳайвонлар эгаси алмашганда, шунингдек, бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчирилганда идентификация рақамини сақловчи атрибут алмаштирилмайди ва бу бўйича электрон ахборот тизими ҳамда ветеринария паспортига тегишли ўзгартиришлар киритилади, холос.

Агар импорт қилинган зотдор ҳайвонларнинг насллилигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлган тақдирда, уларга ушбу ҳайвонларни экспорт қилаётган давлатда берилган идентификация рақамини сақловчи атрибут ўзгартирилмайди. Сўйиш мақсадида импорт қилинган ҳайвонлар идентификация қилинмайди. Ушбу ҳайвонлар келтирилган вақтдан бошлаб етти календарь кунида сўйилиши шарт.

Бирка (жетон) йўқотилганда ёки унга шикаст етганлиги сабабли идентификация рақамини аниқлаш имконияти бўлмаганда, ҳайвонларнинг идентификация рақамларига тегишли тартиб асосида беш кун муддатда аниқлик киритилади. Бу даврда ҳайвонни сотиш (ҳадя қилиш), алмаштириш ва сўйиш (сўйишга топшириш) тақиқланади.

Ҳайвонларни ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқаришда бир қатор жиҳатларга эътибор қаратилади. Қорамол, қўй ва эчкилар, туяларнинг болалари туғилганидан ўн тўрт кундан кейин бир ойликдан кечикмасдан, қулунлар ва хўтиклар тўрт ойлигидан, чўчқа болалари бир ойлигидан, ит ва мушуклар уч ойлигидан ҳисобга олинади. Харидор ҳайвонни сотиб олганда (олувчи ҳайвонни ҳадяга олганда) доимий яшаш жойи бўйича давлат ветеринария хизматининг вакилига 7 кун ичида ҳайвонни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади. Ҳайвон 3 кун ичида ҳисобга олинади. Ҳисобга олинганидан сўнг ҳайвоннинг эгаси шахсини тасдиқловчи ҳужжатга асосан ветеринария паспорти расмийлаштирилади. Ҳайвоннинг собиқ эгаси эса давлат ветеринария хизматининг вакилига ҳайвон сотилгани ёки ҳадя қилинганини ветеринария паспортида тасдиқлатиши шарт.

Жисмоний ва юридик шахслар ихтиёридаги ҳайвонлар бош сони кўп бўлган тақдирда уларни идентификация қилиш бўйича алоҳида график ишлаб чиқилади.

Ҳайвондан идентификация рақамини сақловчи атрибутни ечиш, ўзгартириш, бошқа ҳайвон идентификация рақамини сақловчи атрибут билан алмаштириш, ветеринария паспортига ўзбошимчалик билан ўзгартириш ва қўшимчалар, турли ёзувлар киритиш, шунингдек, нобуд бўлган (сўйилган, йўқ қилинган) ҳайвонларнинг идентификация рақамини сақловчи атрибут ва ветеринария паспортини сақлаш тақиқланади.

Ҳайвон эгалари ҳайвон сўйилганда (нобуд бўлганда, йўқ қилинганда) ҳайвоннинг идентификация рақамини сақловчи атрибут (бирка, жетон, оёқ ҳалқаси, электрон чип ва бошқалар) ва ветеринария паспортини 7 кун ичида давлат ветеринария хизматининг вакилига ҳайвонни ҳисобдан чиқариш учун тақдим қилади. Сўйилган ҳайвонларга ихтисослашган сўйиш корхонасининг ветеринария врачи томонидан ҳайвон эгасига берилган “Ҳайвон сўйилганлиги тўғрисида” маълумотнома ҳам тақдим этилади.

Ҳужжатда ҳайвонларни сақлаш, қаровсиз ҳайвонларни тутиш ва сақлаш масалалари, ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам батафсил баён этилган.

Жумладан, ҳайвонлар ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари талабларига мувофиқ шароитлардаги жойларда (биноларда) сақланиши лозим. Қорамоллар, қўй ва эчкилар, чўчқалар, отлар, эшаклар ва туяларни кўп қаватли турар жойларда сақлашга йўл қўйилмайди. Идентификация қилинмаган ҳайвонларни сақлаш ва боқиш тақиқланади. Бундан аҳолини ҳайвонлар ва одам учун умумий бўлган касалликлардан муҳофаза қилиш мақсади кўзланган.

Низомда қаровсиз ҳайвонларни тутиш, ташиш ва сақлаш туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари томонидан амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.

Айтиш жоизки, ҳайвон эгалари ветеринария хизматидан ҳайвонларнинг касалликка чалиниши ҳолати, эпизоотик вазият тўғрисида, шунингдек, ҳайвонларда ўтказилган махсус текширишлар натижалари, уларга кўрсатилган ветеринария хизмати учун тўловлар миқдорлари ҳақида ахборот ва бошқа маълумотларни олиш ҳуқуқига эга.

Ҳайвон эгалари ветеринария тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши, давлат ветеринария хизматининг кўрсатмаларини бажариши, ўзларига тегишли ҳайвонлар касалликларининг олдини олишга қаратилган ташкилий-хўжалик ва ветеринария тадбирларини ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириши даркор. Бундан ташқари, фуқаро касал ҳайвонни даволатиш, зарур ҳолларда тегишли давлат ветеринария инспекторининг кўрсатмасига кўра унинг сўйилишини ёки йўқ қилинишини белгиланган тартибда таъминлайди. Ҳайвонларнинг тўсатдан нобуд бўлганлиги ёки ғайриодатий хатти-ҳаракати кузатилса, бу ҳақида тегишли давлат ветеринария хизмати зудлик билан хабардор қилиниши керак. Ҳайвон эгаси ҳайвонлар сақланаётган ва боқилаётган объектларда дезинфекция, дезинсекция, дератизация тадбирларини ўз вақтида ўтказишни ҳам ўз зиммасига олади. Ҳайвонлар фақат ихтисослашган сўйиш корхонасида сўйдирилиши керак (ветеринария врачининг рухсати билан шахсий эҳтиёжи учун ва мажбурий сўйиш бундан мустасно).

Бир сўз билан айтганда, бу каби тадбирлар аҳоли томонидан боқилаётган ҳайвонларни ҳисобга олишни самарали ташкил этиш учун кенг шароит ҳозирлайди. Муҳими, юртимизда ҳайвонлар тўлиқ идентификация қилиниши натижасида улар ҳақида маълумот берувчи ягона механизм шаклланади. Қолаверса, ҳайвонларнинг хавфли юқумли касалликлари профилактикаси кучайтирилади.  Бу аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.

М.ШУҲРАТОВ тайёрлади.