19 ноябрь якшанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

Замонавий агрологистика маркази: ҲУДУД ЭКСПОРТ САЛОҲИЯТИНИ НАМОЁН ЭТАДИ

Жараён
Tipografiya

Замонавий агрологистика маркази:

ҲУДУД ЭКСПОРТ САЛОҲИЯТИНИ НАМОЁН ЭТАДИ

Юртимизда мева-сабзавот, узум, полиз маҳсулотларини етиштиришни янада такомиллаштириш, уларни сақлаш, бирламчи ишлов бериш, экспортга тайёрлаш ва транспортировка қилишни тизимли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишларни комплекс бажариш мақсадида замонавий логистика марказлари фаолияти йўлга қўйилаяпти. Чунки ишни бу тахлит олиб бориш сарф-харажатларни сезиларли даражада камайтириш, маҳсулотни хориж бозорига чиқаришни янада енгиллаштиришга хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишда катта салоҳият ва имкониятларга эга вилоятимизда ҳам бу йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилаяпти.

Бундай марказларни ташкил этишда анча вақтдан бери бўш ётган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланиш устуворлик касб этаяпти. Ушбу ерларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш бўйича йирик қувватларни ишга туширишни кўзда тутувчи истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда.

Келгусида Қарши шаҳрида фаолият бошлайдиган замонавий агрологистика марказини барпо этишга ҳозирданоқ жадал киришилган. Мазкур марказ Қарши-Бешкент йўли 3-километрида жойлашган “1-сон Темир-Бетон буюмлари” заводининг “Очиқ маҳсулот сақлаш омборхона (иншоотлари)” негизида ташкил этилаётир.

- 9300 квадрат метрдан ошиқ ер майдонига эга ушбу заводнинг тегишли бино-иншооти вилоят ҳудудий танлов комиссиясининг 2017 йил 14 июндаги йиғилиш баёнига асосан “ноль” харид қийматида сотилиши белгиланганди, - дейди Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Зикиржон Исмоилов. - 18 июль куни ташкил этилган танлов савдосида Қарши туманидаги “Big agro export” масъулияти чекланган жамияти томонидан тақдим этилган бизнес-режа энг мақбул дея топилиб, у танлов ғолиби бўлди. Ташаббускор 15 ой мобайнида 17 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритиш эвазига 80 та янги иш ўрни яратиш мажбуриятини олди. Бугунги кунда инвестор ўз зиммасига олган шартларни бажариш, лойиҳани муваффақиятли ҳаётга татбиқ этиш бўйича барча чораларни кўрмоқда.

Тегишли тадбиркорлик субъекти вакилларининг билдиришича, мазкур бизнес-режага мувофиқ, ушбу объектда зарур талаблар асосида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бўлажак агрологистика марказининг ишлаб чиқариш майдонлари эса Европа ва Хитойда ишлаб чиқарилган энг сўнгги ускуналар билан жиҳозланади. Жумладан, бу ерда Голландия давлатининг “Celtic cooling” компаниясининг 2000 тонналик сиғимга эга совуткичи ўрнатилади. Швециянинг “Octofrost” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ускуна эса соатига 3 минг тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотини шок усулида музлатиш имконини беради. Шунингдек, Хитой мамлакатидан маҳсулотларни вакуум усулида сақлаш ва совутишга ихтисослашган замонавий технологиялар келтирилиши режалаштирилган.

Бу ишлар вилоятимизда бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан янада самарали фойдаланишга кенг шароит ҳозирласа, бошқа томондан ҳудудда етиштирилган мева-сабзавотни яхши сақлаш, қайта ишлашга мўлжалланган йирик қувватларнинг барпо этилишига хизмат қилади. Натижада вилоятда сархил ноз-неъматларни экспортга йўналтириш ҳажми бир қадар ошади. Мазкур лойиҳанинг муҳим яна бир ижтимоий-иқтисодий аҳамияти шундаки, у ишга тушгач, кўплаб кишилар доимий иш ўрни билан таъминланади, мустаҳкам даромад манбаига эга бўлади.

Таъкидлаш жоизки, “Big agro export” масъулияти чекланган жамияти ҳозирги пайтда вилоятимизда экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш жабҳасида ҳам самарали фаолият кўрсатмоқда. Корхона воҳамизда йилига 8 минг тонна салат барглари, брокколи, рангли карам ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мева-сабзавот етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланади. Ушбу маҳсулотларни парваришлаш учун корхонага қарийб 200 гектар ер ажратилган. 2 гектар жойда кўчат етиштиришга ихтисослашган иссиқхона барпо этилиши, 4000 тонна сиғимли совуткич қурилиши кўзда тутилмоқда. Умумий қиймати 14 миллион долларга баҳоланган мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида йилига 6,8 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниб, 90 доимий, 500 мавсумий иш ўрни яратилади.

Жаҳон тажрибасидан маълумки, экспорт фаолиятини унумли йўлга қўйишда замонавий логистика марказлари муҳим ўрин тутади. Уларда сервис ва ҳуқуқий хизматлар ҳам кўрсатилади. Экспорт учун керакли бўлган барча ҳужжатларни марказнинг ўзида тайёрлаш мумкин.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, вилоятимизда бу йўналишдаги ишлар кенг тус олмоқда. Яқин фурсатда Шаҳрисабз шаҳрида мева-сабзавотни қайта ишлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган “Шаҳрисабз” логистика маркази фаолият кўрсата бошлайди. Эски пиллачилик фабрикаси ўрнида ташкил этилаётган логистика маркази мева-сабзавотни етиштириш, тайёрлаш, қабул қилиш, саралаш, қайта ишлаш, жаҳон талабларига мос лабораторияларда текшириш, қадоқлаш ҳамда ҳўл, музлатилган ва қуритилган ҳолда экспорт қилиш билан шуғулланади. Марказ тўла қувват билан ишга тушгач, йилига 25 минг тоннадан зиёд маҳсулот Европа ва МДҲ мамлакатларига, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа давлатларга экспорт қилинади. Минг киши иш билан таъминланади. Марказда йиллик қуввати 5 минг 350 тонна сиғимли совуткичли омборхона, 1000 тонна мева-сабзавотни қуритиш, 2 минг тонна дуккакли маҳсулотларни саралаш линияси ҳамда брокерлик идораси, логистика бўлими ва экспорт мактаби фаолияти йўлга қўйилади.

Хулоса қилиб айтганда, вилоятимизда ушбу йўналишда олиб борилган ишлар ҳудуднинг экспорт салоҳиятини кескин ошириш, янги истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш имкониятларини кенгайтиради.

М.ЖЎРАЕВ