22 октябрь якшанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

КЎҲНА УЙ – САЙЁҲЛАР УЧУН ҚЎНИМГОҲ

Маданият
Tipografiya

Туризм

КЎҲНА УЙ – САЙЁҲЛАР УЧУН ҚЎНИМГОҲ

Бир неча минг йиллик ўтмишга эга Шаҳрисабз шаҳри бугун кўплаб туристларни ўзига жалб этаяпти. Соҳибқирон Амир Темур вояга етган, ўз бағрида бир қанча тарихий ёдгорликларни жамлаган ушбу диёр сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда, уларни бу ерга келишга ундамоқда. Маълумотларга  кўра, биргина ўтган йили 10 минг нафардан зиёд чет эллик меҳмон қадим Кешни кўриш учун келган. Ички сайёҳлар оқими ҳам сезиларли даражада кўпайган. Албатта, мазкур ҳолат ҳудудда туризм инфратузилмасини янада ривожлантиришни тақозо этади. Хусусан, сайёҳларни жойлаштириш, уларга сифатли меҳмонхона хизмати кўрсатишни ташкил этиш асосий вазифа саналади.

Аҳамиятлиси, сўнгги вақтда Шаҳрисабз шаҳрида меҳмонхона бизнесини кенг йўлга қўйиш, бу йўналишда фаолият кўрсатиш истагини билдирган тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга эътибор ошган. Замонавий отеллар барпо этилиши билан бирга ноанъанавий услубда иш олиб борувчи уй-меҳмонхоналар ҳам ташкил этилаяпти. Бундай меҳмонхоналарнинг ўзига хослиги шундаки, улар туристларга ҳудуд аҳолиси турмуши, урф-одатлари билан яқинроқ танишиш, бир муддат ўзини кўҳна даврда яшагандек ҳис этиш имконини беради.

- Ҳозир истиқомат қилаётган уйимиз, тахминимизча, XIX асрга мансуб, уни катта бобомиз ўз қўли билан қурган, - дейди Шаҳрисабз шаҳрининг Қозигузар маҳалласилик Рашид Ҳайдаров. – Табиийки, меъморчилиги ҳам ўша даврга хос. Уй деворлари синчкори усулида бунёд қилинган. Ҳар бир хона ичида токчалар қилинган. Улардан нарса-буюм қўйишда фойдаланилган. Ҳовлида саксовул ёқиб пиширилган ғиштлар ётқизилган. Шунчалик пишиқки, синдириш мушкул. Хуллас, уйимиздаги ҳар бир деталл тарихдан сўзлайди. Ўйлаб-ўйлаб, уйнинг бир қисмини меҳмонхонага мослаштиришга аҳд қилдик. Талаблар асосида жиҳозладик. Айрим зарур ўзгартиришлар киритдик. Барча қулайликларга эга ювиниш хонаси қурдик, канализация тизимини барпо қилдик. Уйнинг ташқи ва ички қисмлари миллий унсурлар билан бойитилди. Сўзаналар билан безалди, мисдан ясалган кўза, офтоба ва лаганлар, сопол хумдон, ёғоч лавҳ кўзтушар жойга қўйилди. Булар хорижий сайёҳларни бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.

Дарҳақиқат, мазкур уй-меҳмонхонада ажойиб муҳит яратилгани сезилиб турибди. Кираверишда reception – қабулхона сизни қарши олади. Бу ерда меҳмонлар рўйхатдан ўтказилади ва хоналарга жойлаштирилади. Ҳар бир хона ором олишга мўлжалланган бўлиб, алоҳида-алоҳида ётоқ каравотлари ўрнатилган. Меҳмонхона бир мартада 9 нафар туристни қабул қила олади. Ҳаво очиқ кунда меҳмонлар ҳовлидаги усти ёпиқ ёғоч сўрида суҳбат қуриб, овқатланиши мумкин. Сайёҳлар нафақат миллий  таомларимиздан татиб кўриш, балки уларни тайёрлашда бевосита иштирок этиш имкониятига эга. Бунинг учун махсус тандирхона ва ўчоқлар қурилиб, зарур шароитлар муҳайё қилинган.

Бир сўз билан айтганда, мазкур уй-меҳмонхона сайёҳларга кўнгилдагидек хизмат кўрсатиш учун шай ҳолатга келтирилган. Асосийси, меҳмонхона хизматидан фойдаланиш асносида туристлар халқимиз маданиятини яхшироқ ўрганиш имкониятидан баҳраманд бўлишади. Яна бир жиҳати, Шаҳрисабз шаҳрида бундай кўҳна уйлар кўплаб топилади, уларни чет эллик меҳмонлар учун қўнимгоҳга айлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда. Бу ишлар аҳоли даромадини ошириш баробарида келгусида ҳудуднинг туристик жозибадорлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.

М.ШУҲРАТОВ

* * *

Суратларда: уй-меҳмонхона  фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.