12 декабрь сешанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

ҚОФИЯ БОЗОРИ ҚАЙДАДИР?

Маънавият
Tipografiya

Сабоқдан  сўнг

ҚОФИЯ БОЗОРИ ҚАЙДАДИР?

Ёки туроқ, вазн излаётган Ҳошимжон, плагиатлик ва бошқалар

Болаларнинг севимли адиби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” асарини ҳаммамиз яхши биламиз. Бош қаҳрамон Ҳошимжоннинг сеҳрли қалпоқча ёрдамидаги ажойибу ғаройиб ишлари, саргузаштларини ўқиган сари киши юзига табассум ёйила боради. Айрим жойларида эса беихтиёр қаҳқаҳа уриб кулиб юборганингизни ўзингиз сезмай қоласиз.

Яқинда асарни яна бир марта варақлаб чиқдим. Айниқса, 5-бобини синчиклаб ўқигим келди. “Қофия бозори қайдадир” деб номланган бобда асар қаҳрамонининг ўқимасдан туриб (истеъдоди бор-йўқлигидан бехабар ҳолда) шоир бўлиш учун қасд қилганию бу янглиш йўлда бошидан кечирганлари баён қилинган. Агрономликни эплолмаган болакай шоирларни катта тантанаю тараддуд билан кутишаётгани, одамларнинг уларга ҳурмат билан қараганини кўриб, бирданига ижодкор бўлгиси келиб қолади. Унинг диққатини тортган иккинчи жиҳат асарда қуйидагича тасвирланади:

“Дарахтга чиқиб, жойлашиброқ ўтириб олдим. Олакўз оёғини силкита-силкита тушунтира кетди:

 - Бу ерда, оғайни, шеър базми бўлади, билдингми? Шаҳардан зўр шоирлар келган, билдингми? Улар чўлқуварлар билан каттакон учрашув ўтказади. Ҳозир меҳмонхонага тухум ютгани кириб кетишди, билдингми?

- Нега энди тухум ютишар экан?

- Нега дейсанми, тоза каллаварам экансан-ку, оғайни! Ахир тухум ютишмаса, овозлари яхши чиқмай шеърни паст-баланд қилиб ўқиб қўйишади-да. Ҳозир раисимиз ўша томонга тўрт яшик тухум олиб ўтиб кетди, билдингми?”

Хуллас, тухумни кўпроқ ютиб, шеърини яхши ўқишга чоғланаётган шоирлар Ҳошимжонга жуда сирли, мартабаси улуғ инсонлар сифатида кўриниб кетади ва уни жиддий қизиқтириб қўяди. (Аслида, ижод аҳли, умуман, алоҳида истеъдод эгалари доимо бошқалар кўзига ўта сирли кўриниши рост. Бунинг сабаби, уларнинг шеърни яхшироқ ўқиш учун тухум ютишида эмас, балки ҳаммаям уддалай олмайдиган ижодни қойиллатишида, бошқаларнинг иқтидори етмайдиган ишни бажаришида. Тухум ютиш воқеасини эса адиб оддий, содда одамларнинг машҳурлар муваффақият сирини ўзлари билганича йўйиш одатини ифодалаш учун киритган).

Асарнинг давомини ўқиймиз. Шоирлар бирин-кетин даврага кириб келишар экан, йиғилганлар уларни олқишу қарсаклар билан қарши олади. Шеърхонлик бошланади. Биринчи бўлиб сўз олган савлатли шоирнинг шеърини ҳамма нафасини ичига ютиб, жон қулоғи билан тинглайди. Шеър тугагач эса қарсаклар чалиниб, олқишлар ёғилиб кетади.   Шоирга дарров тўн ёпишади, дўппи кийдиришади, ҳурмат-эҳтиром кўрсатишади. Булар ҳам қаҳрамонимизнинг ҳавасини келтиради:

“Шоирлар тухумни кўп ютишган экан, шеърхонлик қоронғи тушгунча давом этди. Мен эса биринчи шеърни эшитганимдаёқ, шоирга кўрсатилган ҳурмату эҳтиромни кўриб адойи тамом бўлган эдим.

“Ана ҳурмату ана эъзоз, - дейман ўзимга-ўзим. – Мен бўлсам, агроном бўламан деб жонимни қийнаб, қаёқдаги ғалваларга қолиб юрибман-а. Мана, шоир бўлсанг, бошқа гап. Тўйиб-тўйиб тухум ютасан, китобларинг чиқади, суратинг газетада босилади. Битта-яримта шеър ўқиб қўйсанг, елкангга банорас тўн ёпишади. Қарсаклар, офаринлар! Йўқ. Йўқ! Мен ҳам шоир бўламан. Албатта, шоир бўламан!”

Йиғин тугаши билан секин пастга тушдиму қалпоқчамни бошимга илиб, шоирларга қўшилиб олдим. Ахир шоир бўлиш учун унча-мунча уларнинг сиру асроридан хабардор бўлишим, лоақал битта-яримтаси билан дурустроқ ошно бўлиб олишим керак эди-да...”

Бу парчада дастлаб Ҳошимжоннинг шоирлик ҳақидаги тасаввурлари одамнинг эътиборини тортади. Қарангки, унинг наздида шоирлик фақатгина “тухум ютиш”у “китоблари чиқиши”, “сурати газетада босилиши”, “битта-яримта шеър ўқиб қўйганда, елкага банорас тўн ёпилиши”, холос! Яъни шону шуҳрат, машҳурлик чўққиси! Бошқа ҳеч нарса эмас! Бунинг учун энг аввал истеъдод кераклиги, сўнг шу истеъдодни тарбиялаш учун қаттиқ меҳнат қилиш, ўз устида тиним билмай ишлаш лозимлигини у билмайди. Даҳолар “илҳом париси” деб атайдиган сирли-сурурли бир ҳолатни ўзига доимий ҳамроҳ қилиш учун қанчалик заҳмат чекиш талаб этилишини, бу эса сира-сира юқоридаги ташқи ялтироқликлар учунгина бўлавермаслигини болапақир англамайди. Шунинг учун ҳам у машинада шоирларнинг тиззасига ястаниб кетар экан, “шоирликка оид бирор гап эшитиб қолармиканман” деб, уларнинг оғзини пойлайди. Унинг     “шоирлик ҳаёти”даги илк шеъри ҳам шу аснода туғилади:

Кўчалар,

Оҳ, бегона кўчалар!

Мунча силлиқсиз,

Мунча тиниқсиз.

Қалбимга яқин кўчалар,

Уйқум келмас кечалар...

Шеърни адиб шу қадар маҳорат билан ёзганки, уни ўқиганда беихтиёр одамнинг кўз ўнгида нўноқ бир шеърбоз қиёфаси яққол чизилгандай бўлади:  иккинчи сатрда бегона дейилган кўча шеърнинг бешинчи қаторига бориб, дарров қалбга яқин бўлиб қолади, йўл, майли, эҳтимол, силлиқдиру аммо унинг тиниқлиги ҳақидаги ташбеҳ сира-сира тўғри келмайди, қолаверса, сўнгги сатрларда кўча ва кеча сўзларининг қофияси бир амаллаб келиштирилгану маъно ғойиб бўлган (афсус ва кулги аралаш ҳолатда ўқиб, таҳлил қиламану лоп этиб ёдимга ҳозирги аксарият газеталар саҳифаларини безаётган, юпқа-юпқа китобчаларни тўлдираётган “шеър отли”лар ёдимга тушаверади...)

Хуллас, асар давомида Ҳошимжоннинг шаҳарга келиб, шоирлар ҳаётига аралашгани бири биридан қизиқ ҳолатлар, кулгили вазиятлар орқали тасвирланади. Кечаси билан шеър машқ қилиб чиққан “шоир Ҳошимжон Рўзи” таҳририятлардан бирининг адабиёт ва санъат бўлимига  боради. Шеърни болакайнинг назарида “ичида маза қилиб ўқиган” ходим унга “шеърда қофия, вазн, туроқ деган нарсалар бўлиши керак. Маъно, мантиқ деган нарсалар бўлиши керак. Шеърингизда мен ўшаларни кўрмаяпман”, дейди. Энди қаҳрамонимиз дўконма-дўкон юриб, қофия, туроқ, вазн сўроқлайди. Ҳеч бир ердан бу нарсаларни тополмаган Ҳошимжон ҳаммасини шоирлар сотиб олиб кетган деб ўйлайди. Эртаси куни яна ўша ходимнинг олдига борганида, бу гал ундан қайси шоирларнинг шеърларини севиб ўқигани сўралади. Етти ухлаб тушига ҳам кирмаган шоирларнинг номларини айтиб, асарларини ўқиган-йўқлигини сўрайди. Хуллас, унинг бу каби сўроқларидан терга тушиб кетган (табиийки, билимсизлигидан шу кўйга тушган) Ҳошимжоннинг хаёлига  бошқа бир фикр келади: у ўзи кечалари ижод қилишини пойлаб юрган шоирлар қоғозга туширган, сўнг “бўлмайди”га чиқариб, ғижимлаб отган шеърларини оққа кўчиради-да, газеталарга олиб боради. Шеърлари яхши баҳоланиб, нашр этилаётгани, яхшигина қалам ҳақи олганидан севиниб юрган  болапақирнинг бошига кутилмаганда фалокат ёғилади (қилмиш – қидирмиш-да, ахир): унинг ўғрилиги маълум бўлиб қолади. Шеърнинг асл нусхасини кўрсатиб, уни фош қилганларидан сўнг қочишдан бўлак илож тополмаган “шоир” бошқаларнинг “сеҳргар”, “плагиатор”, “шеър ўғриси” каби кишини унча хурсанд қилмайдиган сўзларини эшитишга мажбур бўлади. Ўзи эса уларга жавобан бор-йўғи шундай дея олади, холос:

“Ўзларинг-чи, ўзларинг! Магазинга келган вазн, қофия, туроқларни бизга ўхшаганларга бир грамм ҳам бермасдан олиб қўясизлар-ку! Уят эмасми!”

Адиб Ҳошимжоннинг шоирликка иқтидорлилар иши, худо юқтирган истеъдод эгалари зиммасига тушган юк деб эмас, сирини билиб, каштасини келиштириб олсанг, бемалол уддаласа бўладиган иш деб ўйлашини ишонарли тарзда тасвирлайди. Шу билан бирга, унинг шундай ўйлашига билимсизлиги, бехабарлиги сабаб бўлаётганини ҳам яққол кўрсатиб бера олади. Бўлмаса, қофия, туроқ, вазн кабиларни дўкондан сўраб юрармиди? Ёки бировнинг интеллектуал мулкини ўзиники қилиб олармиди?   Дарҳақиқат, у бунинг ёмон, нотўғри иш эканлигини билмайди. Айниқса, “плагиатор” деган бир қарашда худди “авиатор”, “оратор” каби жарангдор сўзларга уйқаш бир атаманинг аслида адабий ўғрига, ижодий қинғир кишига нисбатан қўлланишидан ҳам у бехабар. Бу ишнинг ижод одобию қоидаларига зидлиги, қадимдан бу борада жиддий талаблар борлигини англаганидами? Ўтмиш шоирлар, замонавий адабиёт намояндалари бордию бирор ижодкорнинг бирор бир байти ё сатридан таъсирланса, “ўзиники” қилишни истаб қолса, бунинг ҳам йўриғи борлиги, ўша сатрларни ўзига олиб, алоҳида янги шеър яратиши ва буни шарқ шеъриятида “тазмин санъати” деб аталишини ҳам билган бўларди. Масалан, Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”идан таъсирланган Навоий бу асарга жавобан “Лисон ут-тайр”ни битган бўлса, шоҳ Машраб Лутфийнинг “хоҳ инон, хоҳ инонма” радифли ғазалига тазмин боғлаган. Омон Матжоннинг ҳар банди “Сен унда доғ бўлдинг, мен бунда доғ қолдим” сатрлари билан тугалланадиган шеъри эса шоир Мирий шеърига ўхшатма тарзида ёзилгани муаллиф томонидан кўрсатиб ўтилади. Худди шу қоида насрий асарлардан тортиб, мақолалар учун ҳам     тегишлилиги, асардан кўчирма бериш  орқали бемалол унинг муаллифини келтириб ўз ижодий ишида фойдаланиш мумкинлигини бугуннинг “Ҳошимжон”лари ҳам билиб-англаб олишса, яхши бўларди. Шоирларга яқин юриш, мен  “фалон шоир ё адибнинг шогирдиман” дейиш билангина таниқли ижодкор бўлиб қолиш мумкин бўлганида, шоирларнинг уйида тунаб, шоколадини еб юрган Ҳошимжон осонгина шоир бўларди. Аммо Худойберди Тўхтабоев ҳаёт ҳақиқатларига зид бормаган ҳолда шоирлик – истеъдод эканлигини, унга қинғир йўл билан эмас, фақатгина иқтидор кучи ва меҳнат билан эришиш мумкинлигини таъсирчан ва кулгига йўғрилган бир кўринишда очиб беради. Плагиатлик эса нафақат ижод одобида қораланадиган бир ҳолат, балки қонунларимизда жавобгарлик белгиланган бир жиноят эканлигини ҳам таъкидламоқ керакки, бунга жиддий қарамайдиган, ёши улғайса ҳам ҳамон “Ҳошимжон”лигича қолаётган “эжодкор”лар орамизда борлиги сир эмас. Юқоридаги асарнинг биз келтирган боби ҳам аслида уларга бир огоҳлантиришдек ёзилганмикин, деган ўйга ҳам борасан киши...

Хуршида АБДУЛЛАЕВА