14 декабрь пайшанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

11 ЙИЛЛИК ТАЪЛИМ

Таълим
Tipografiya

Муаллим мулоҳазаси

11 ЙИЛЛИК ТАЪЛИМ

Тизимдаги ўзгаришлар - халқ хоҳиши ифодаси

1

Бугун каттаю кичикнинг тилида шу гап:

- Эшитдингизми, мактаблар яна ўн бир йилликка ўтармиш!

- Яхши-да, иқтидорли ёшлар учун бир йил ҳам катта муҳлат.

Мазкур суҳбатдаги "катта муҳлат" аталган "бир йил" ўн бир йиллик мактаб таълими билан тўққизинчи синфни тугатгандан кейинги уч йиллик касбий таълим ўртасидаги фарққа ишора бўлса, "яна" деб сўз юритилаётганининг боиси - 11 йиллик мактаб таълими биз учун туб янгилик бўлмай, яқин ўтмишда барча мактабларда ўқиш шунча вақт давом этар, ўқувчилар мактаб партасидан чиқиб, хоҳласа ўрта махсус, хоҳласа олий таълим муассасасига ҳужжат топширар, касб-ҳунар таълимини эса ёшлар ўз "хоҳиш-истак"ларига кўра, умумтаълим мактабининг тўққизинчи синфидан кейин олиши мумкин эди.

Вақтида ўрта махсус таълими бирмунча нуфузга эга бўлиб, бундай билим масканларида бинойигина мутахассислар тайёрланарди. Қарши, Шаҳрисабз педагогика техникумлари тарбиялаган бошланғич таълим фани ўқитувчилари айрим жиҳатлари билан ҳатто педагогика олийгоҳида ўқиганлардан устунлик қилганлари ҳам бор гап.

Касб-ҳунар таълими эса билим юртларида берилар, айни шу жараёнда мактабларда кичик "маккорлик" ишлатилиб, "қулоқсиз", билим олишга рағбати йўқ ўқувчилар тўлиқсиз ўрта таълим шаҳодатномасини олиши билан касбий таълимга ўтказиб юборилар эди. Тўғри, бу услуб ўзига хос ижобий хусусиятга ҳам эга бўлиб, "юз йил лойини тепсанг ҳам оддий ҳуштак чиқмайди"ган ўқувчи яхшигина касб (тракторчи ёки шофёр, чилангар ёхуд пайвандчилик)ни эгалларди. Масалан, биз билан таҳсил олиб, тўққизинчидан кейин билим юртига йўл олган уч нафар синфдошимиз бинойигина тракторчи, икки нафари моҳир шофёр бўлиб етишди, бугун уларнинг ҳар бешаласи шахсий техника соҳиби, яъни қўлидан иш келадиган киши сифатида элнинг корига ярайди.

1997 йил Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонуни билан бир вақтда қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ мамлакатимизда ўн икки йиллик мажбурий-ихтиёрий таълим жорий этилиб, узлуксиз таълим тизимига асос солинди. Мажбурий-ихтиёрийлиги шундаки, ўқувчи тўққиз йиллик ўрта таълимни олгач, уч йил мобайнида коллеж ва академик   лицейларда умумий ўрта таълимга эга бўлиши мажбурий қилиб белгилангани ҳолда йўналишни танлаш ўқувчи ихтиёрида қолдирилди.

Ҳар нарсанинг ибтидоси ва интиҳоси бўлгани каби касбий таълим ўз чекига тушган вазифани қисқа муддатда уддалаб бўлди, шекилли, кейинги йилларда коллежларни битириб чиққан ёшларни ўз йўналиши бўйича иш билан таъминлаш энг оғриқли муаммолардан бирига айланиб улгурди.

2

...Ҳа, бугун касбий таълим олган ёшларни ишга жойлаштиришда қийинчиликларга дуч келинаётгани бор гап. Ўқув йили яримлаб улгурмасдан коллеж битирувчиларининг ота-онаси қўлда бир даста қоғоз, корхона ва ташкилотлар эшигига танда қўйишади, улар билан идора бошлиғи ўртасида тахминан қуйидагича суҳбат бўлиб ўтади:

- Илтимос, боламнинг ишга жойлашиш тўғрисидаги шартномасини тасдиқлаб берсангиз. Мен ҳам хизматингизни ерда қолдирмасман.

- Бунинг сира иложи йўқ, бўш иш ўрни бўлганида ҳам майли эди.

- Мен сиздан ишга олинг деб сўрамаяпман,  номига тасдиқлаб қўйинг, иш керак эмас. Шу зормандани тўлдирмаса, коллеждан диплом беришмас эмиш.

- Қўйинг, ака (опа), кейин прокуратурага қатнаб юрмоқчи эмасман.

- Биз мурожаат этмасак, ким сиздан суриштирарди?

- Кечирасиз, шартноманинг бир нусхаси маҳаллий ҳокимият орқали прокуратурага ўтказилишини билмайди, дейсизми...

Агар битирувчи малакали мутахассис бўлганида "бош оғриғи"га ҳожат қолмас, бундайлар қаерга борса ҳам "бозори чаққон" ходимга айланишарди. Аммо 2009 йилдан касб-ҳунар таълими битирувчиси сертификатида аниқ малака мутахассислиги ҳам кўрсатилмайдиган бўлди. Энг ёмони, мутахассисларни тайёрлашда маҳаллий эҳтиёж етарлича ўрганилмади. Вилоятимиз чўл ҳудудидаги коллежлардан бирига "хизмат кўрсатиш коллежи" мақоми берилганида кўпчилик азбаройи ҳайрон қолганидан ёқа ушлагани бор гап.

Негаки сартарош, дизайнер, манекенлик йўналишларининг ҳар бирига 30 нафардан ўқувчи қабул қилиниши кўзда тутилгани ҳолда, бирорта ҳам мактаб битирувчиси бу йўналишларда ўқиш истагини билдирмади. Ахир оддий сартарошликни ўрганиш учун уч йил умрни беҳуда ўтказгандан кўра, яхшигина устозга беш-олти ой шогирд тушишнинг ўзи кифоя эмасми? Шу боис ўқишга қабул режасини бажариш учун коллеж маъмурияти турли йўллар билан ветеринария, иқтисод, бошланғич таълим ўқитувчиси, қурувчи, нефть-газ оператори, банк иши йўналишларини очиб олди. Энди инсоф доирасида мулоҳаза юритсак, шу касб-ҳунар ўргатиш масканини "хизмат кўрсатиш коллежи" деб аташ қайси мантиққа тўғри келади, атама билан соҳа бир-бирини инкор қилмаяптими?

Тўғри, касб-ҳунар таълими тизими учун қисқа фурсатда барча талабларга жавоб берадиган, янгича педагогик технологиялар билан жиҳозланган бинолар қуриб, фойдаланишга берилди. Аксарият коллеж бинолари эса кўзга кўринадиган катта қатнов йўллари устида барпо этилди. Табиийки, бу ҳолат аҳолининг асосий қисми истиқомат қиладиган ҳудуддан ўқувчилар 5-10 километр масофа йўл босиб қатнашига сабаб бўлди. Миришкор туманидаги Чандир, Касби туманидаги Қамаши, Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида қуриб, ишга туширилган коллежларга айни шундай қисмат насиб этганини мисол қилиш мумкин. Бу каби ҳолатга исталган ҳудудда дуч келиш мумкин. Миришкор тумани Айзабод қишлоғида яшовчи бир ҳамкасбим коллежларнинг жойлашуви тўғрисида   қуйидагича мулоҳаза билдирди:

- Жейновдаги касб-ҳунар коллежи Найистон, Айзабод, Қурама, Булуч қишлоқларидан 3-9 километр масофада жойлашган, бошда ўқувчиларни ташиш учун автобус ажратилгандай бўлди, кейин у ҳам қорасини кўрсатмай қўйди,  табиийки, ўқувчиларнинг давомати шунга яраша тушиб кетди. Ҳар куни йўл кирага тўлаш учун ўқувчида 3-4 минг сўм пул қаердан топилсин?

Юқорида таъкидлаганимиздек, йўналишлар тўғри танланмагани сабаб коллежларда тайёрланаётган кадрлар нуфузи тушиб кетди. Масалан, иқтисодиёт, хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишлардаги касб-ҳунар коллежларида бошланғич таълим ўқитувчиси, компьютер дастурчиси, нефть-газ оператори сингари йўналишлар очилдики, уларда таҳсил олаётган ўқувчиларга касб сирларини ўргатадиган мутахассис топиладими, йўқми, на коллеж маъмуриятини, на касб-ҳунар таълими тизими юқори ташкилотлари раҳбарларини қизиқтирди - муҳими, битирувчи оладиган дипломга шу соҳа мутахассиси, деб қайд этилса бўлгани.

Ачинарлиси шундаки, фарзанди ўрта мактабни тугатганини ота-оналар балоғат ёшига етиш белгиси, дея тушуниб қолишди ва бунинг ортидан эрта никоҳлар, мактаб партасидан эндигина чиққан ўғил ёки қизни унаштириб қўйиш оддий ҳолга айланди...

3

Коллеж битирувчиларини ишга жойлаштиришда бўлгани каби тўққизинчи синфни тугатиб, етуклик шаҳодатномасини олган ўқувчиларни таълимнинг кейинги босқичига жалб этишда мактаблар жамоаси ота-оналар томонидан билдирилган ҳақли эътирозларни эшитишига тўғри келаяпти:

- Болам коллежнинг дипломи билан ишга жойлашолмаса, уч йил умрини беҳуда ўтказиб нима қилади?

Бир эмас, икки-уч фарзанди касбий таълим олиб, мутахассислиги бўйича иш тополмай юрган ота-онага коллежда бериладиган таълим афзалликларини тушунтириб кўринг-чи?

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев кўп бор таъкидлаганидек, касб-ҳунар таълими битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласи фақат қоғозлардагина муваффақиятли адо этилаяпти, тўғри, уч томонлама меҳнат шартномалари тузилган, аммо амалда касбий таълим олган ёшларнинг неча фоизи муқим иш ўрнига эга бўлишаяпти? Масаланинг шу томони ҳамон яхши истак билдиришга муҳтожлигича қолаяпти...

Юртбошимиз шу йил 16 июнь куни Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги 78-мактабда бўлиб, тажриба сифатида мазкур мактабда 11 йиллик таълимни қайта тиклаш таклифини ўртага ташларкан, жумладан, шундай мулоҳазаларни билдирди:

"Юқори синфларда болалар шахс бўлиб, жамоа бўлиб шаклланади. Айни ўша пайтда уларни ўзлари ўрганган муҳитдан ажратиб қўймаслик керак. Бу ёшларнинг руҳиятига, давоматига, охир-оқибатда таълим-тарбиясига салбий таъсир қилиши мумкин. Шу боис таълим жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш, ўқув дастурларини такомиллаштириш зарур".

Гапнинг очиғи, ўн икки йиллик мажбурий-ихтиёрий таълим йилларида мактаб иши самарадорлиги маълум даражада кўзга ташланмай қолганди. Илгарилари умумтаълим мактаблари салоҳияти битирувчиларнинг таълимнинг кейинги босқичи (ўрта махсус, олий таълим)га муваффақиятли кириш имтиҳонларини топшириши билан белгиланарди. Касб-ҳунар таълими тизими эса яхши ва ёмон ўқийдиган ўқувчини бирдек қамраб олавериши оқибатида мактаб битирувчилари билим даражаси учун жавоб бериш мажбуриятини елкасидан бирмунча соқит қилганди. Ўн бир йиллик таълимга ўтиш юзасидан ота-оналар ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари шуни кўрсатдики, келажак бунёдкори бўлмиш ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашда мактаб таълимининг ўрни беқиёс. Шундай экан, ўн бир йиллик мактаб таълимига ўтиш, таълим тизимида бошланган янги ислоҳотларга қўйилган мустаҳкам пойдевор ролини ўташи  шубҳасиз.

Абдунаби АБДИЕВ,

Миришкор туманидаги 22-мактаб директори