19 ноябрь якшанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

ПАХТА – БОЙЛИК

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

“Ҳосил-2016”

 

ПАХТА – БОЙЛИК

 

Бу нималарда ўз ифодасини топаяпти?

 

Сир эмаски, халқимиз шўро замонида ҳам пахта эккан, фақат ёппасига, ҳамма ерга. Боиси, марказдан буйруқ шундай бўлган ва бошқа нарса экишга деярли рухсат берилмасди ҳам. Республика иқтисодиёти тўлиқ пахта яккаҳокимлигига мослаштирилганди. Имкон қадар кўпроқ ҳосил етиштириш талаб қилинар, аммо мавжуд салоҳият эътиборга олинмасди. Етиштирилгани эса тўлиқ ташиб кетилар ва бошқа республикаларда қайта ишланарди. Шу тариқа ўзимизнинг пахтадан тайёрланган кийим-кечак, истеъмол товарларини ўзимиз қайта сотиб олишга мажбур эдик.

 

Мустақилликка эришганимиздан сўнг пахтачилик мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг устувор тармоғи бўлиб қолди, фақат вазият буткул ижобий томонга ўзгарди. Эндиликда пахта парвариши билан бир қаторда аҳоли эҳтиёжи учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳам асосий ўринга чиқди. Ғўза экиладиган майдонлар қисқартирилиб, ҳосилдорлик ошди.  Навларни танлашда унинг ҳудуд тупроқ иқлимига мослиги, унумдор ва эртапишар хусусиятларга эгалиги алоҳида инобатга олинмоқда. Асосийси, авваллари рағбат нималигини билмай ишлаган деҳқон ҳозир меҳнатидан тўла манфаатдорлик туймоқда, юқори маҳсулдорликка эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўяяпти.

 

Айтиш жоизки, одатда пахтага чиқимсиз маҳсулот дея таъриф беришади. Чунки ҳатто унинг ғўзапоясидан тортиб чаноғигача ишлатилади. Айрим маълумотларга кўра, пахта ўсимлиги асосида 200 турдан ошиқ маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин экан. Пахта қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, енгил, кимё саноати учун асосий хомашё вазифасини ўтайди. Мисол учун, унинг барги лимон ва олма кислоталарини ҳосил қилишда қўлланади. Гуллари эса асаларилар учун муҳим озуқа манбаларидан биридир. Чигитидан истеъмолга яроқли ўсимлик ёғи (бу борада жаҳонда соядан кейин иккинчи ўринда туради), чорва учун зарур омихта ем тайёрланади. Пахтанинг асосий қисми текстиль саноатида ип калава олиш учун ишлатилади. Ундан газлама, трикотаж, ип, вата ва бошқа турдаги ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Юқоридагилардан шуни англаш мумкинки, пахта ва ундан тайёрланган маҳсулотлар кундалик ҳаётимизда ўта муҳимлик касб этади.

 

Яна бир эътиборли томони шундаки, истиқлол йилларида юртимизда пахта хомашёсини саноат усулида чуқур қайта ишлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Соҳада амалга оширилган изчил ислоҳотлар самарасида пахта тозалаш заводларининг мавжуд қувватлари тўлиқ модернизация қилинган бўлса, кейинги жараёнда иштирок этувчи тўқимачилик ва тикувчиликка ихтисослашган, замон талаблари даражасида жиҳозланган корхоналар сони анча кўпайди. Айни вақтга келиб мамлакатимизда пахта толасининг қарийб 50 фоизи қайта ишланаётгани қувонарли ҳолдир.

 

Вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, Китоб туманидаги “Китоб ип йигирув” АЖ, Шаҳрисабз туманидаги “Оқсарой текстиль”, Яккабоғ туманидаги “Универсал тараққиёт текстиль” МЧЖ, Касби туманидаги “Биг регион” каби корхоналар калава-ип ишлаб чиқаришда етакчи бўлса, Қарши шаҳридаги “Cotton Road” қўшма корхонасида толани қайта ишлашдан тортиб  тайёр маҳсулот олишгача бўлган жараён тўлиқ қамраб олинган. “Қарши ёғ-экстракция”, “Косон ёғ-экстракция” акциядорлик жамиятлари эса аҳолига сифатли пахта ёғи етказиб бермоқда. Мазкур тадбиркорлик субъектлари  импорт ўрнини босувчи, қўшилган  қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш баробарида минглаб кишиларни иш билан банд этган. Тармоқ ривожи янги иш ўринлари яратилишига замин ҳозирлаяпти. Келгусида яна кўплаб шунақанги истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган.

 

Маълумот ўрнида таъкидлаш мумкинки, ўрта ҳисобда йилига 3,5 миллион тонна пахта етиштириб, 1,1 миллион тонна тола ва 1,7 миллион тонна чигит олиш имконига эга мамлакатимиз жаҳон пахта саноатининг етакчи иштирокчиларидан бири саналади. Биз пахта толасини етиштириш кўлами бўйича дунёда олтинчи, пахтани экспорт қилиш бўйича учинчи ўринда турамиз.  Юртимиз серқуёш заминида унган пахтанинг толаси узунлиги, пишиқлиги, микронейр кўрсаткичлари бўйича дунёда юқори ўринда туради. Мамлакатимизда пахта саноатини янада ривожлантириш, тола сифатини ошириш, сақлаш ва етказиб бериш борасидаги тизимли ишлар самарасида жаҳонда унинг харидорлари тобора кўпайиб бормоқда.

 

Сўнгги вақтда ҳукуматимиз томонидан пахтани ташқи бозорга нафақат хомашё ҳолида, балки кўпроқ тайёр маҳсулот кўринишида чиқаришга алоҳида эътибор берилмоқда. Чунки хомашёдан кўра, тайёр маҳсулот реализацияси бизга кўпроқ фойда келтириши амалда ўз исботини топган. Шундан келиб чиқиб кўрилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида республика экспорти таркибида тайёр маҳсулот улуши тобора ошмоқда. Бу эса валюта тушуми кўпайишига сабаб бўлаяпти. Валюта захирамиз бойиши четдан замонавий технологиялар келтирилиши, ҳудудларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг янги йўналишлари ташкил этилишига замин ҳозирлашини унутмаслик керак. Бу ўз навбатида аҳоли бандлигини оширишга хизмат қилади. Шу жиҳатларни ўйлаганда, бизда пахта бежизга миллий бойлик саналмаслигига амин бўласиз.

 

Мен раҳбарлик қилаётган “Абдиев Мажид” фермер хўжалигида ўтган йили 41 гектар ерда ғўза парваришланиб, ҳосилдорлик гектарига 41 центнерни ташкил этганди. Бу йил эса 38 гектар майдонда ғўзанинг “Порлоқ-4” навини экиб, парваришладик. Шу кунларда далаларимиз оппоқ тусга кирган: лўппи-лўппи очилган кўсаклар қараган одамнинг завқини келтиради. Бу – бизнинг эрта баҳордан тортиб шу кунгача қилган заҳматли меҳнатларимиз, барча зарур агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилгани, энг муҳими, дилга тугилган яхши ният, юқори мақсадларимиз меваси, деб биламан. Эндиги вазифамиз – шунча заҳмат, шунча меҳнат эвазига етиштирилган ҳосилни ўз вақтида териб-саранжомлаб олиш. Жамоамиз аъзолари билан бирга кўнглимизда эзгу ниятлар билан пахта теримини бошлаб олдик. Маҳалладагиларни ёрдамга чақирганмиз. Ўзимиз билган, синаган ҳашарчиларимиз ҳам бор. Уларнинг кўмагида, насиб этса, баланд хирмон уйиб, давлатга пахта сотиш шартнома режасини ошиғи билан уддалаймиз ва бунинг ортидан хўжалигимиз яхшигина даромад кўради деган ниятдаман. Далаларни кезиб, бу йилги ҳосил мўлжалимдагидан зиёдроқ эканига амин бўлдим. Гектаридан 45 центнерга етказиб, ҳосил кўтарамиз, деб турибмиз.

 

Яна бир гап. Кузнинг ҳар бир куни ғанимат. Бу вақтдан унумли фойдаланган фермер фақат ютади. Зеро, пахта – бойлик, фермер учун ҳам, давлат учун ҳам, халқ учун ҳам. Бинобарин, унинг ортидан келадиган даромаддан ҳеч ким бенасиб қолмайди – эккан ҳам, парваришлаган ҳам, терган ҳам, қайта ишлаган ҳам.

 

Суюн АБДИЕВ,

 

Қарши туманидаги “Абдиев Мажид” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси