19 ноябрь якшанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

ЧАВАНДОЗ ҲАҚИҚАТЛАРИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Орамиздаги одамлар

ЧАВАНДОЗ ҲАҚИҚАТЛАРИ

ёхуд «шамолга тупурма, болам!..»

Сафар Атақулов - Қамашининг Лангар тоғ этакларидаги Қишлиқ қишлоғида туғилган. Шу ерда умргузаронлик қилмоқда. Бугун  табаррук 70 ёшга яқинлашган отахоннинг умри ҳалол меҳнатда ўтди: аввал хўжаликда 10 йилча деҳқончилик қилди, яна 30 йил чўпон бўлди. Хуллас, пешана тери орқасидан рўзғор тебратди, бола-чақа боқди. 4 ўғил, 5 қизни элга қўшди. Бугун  22 неваранинг бобоси.

Унинг дунёда энг ҳавас қўйгани - чавандозлик, бизнинг музофотларда айтилишича, полвонлик. Дунёқараши ҳам шунга монанд - дангал, чапдаст ва тўғригўй.

Қуйида унинг ўзига хос ҳақиқатлари билан танишасиз.

...Ўшанда роса йигирма ёшда эдим. Ҳарбий хизматдан эндигина қайтган даврларим. Чироқчида бўлган бир тўйда илк бор кўпкарига киришга чоғланиб турибман. Бир пайт томошабин чоллардан бири менга қараб: "Бу нимкала йигит ким бўлди? Мирзатеракдай бўйидан бошқа ҳеч вақоси йўқ-ку, қандай улоқ чопади?!" дегани яққол қулоғимга чалинди. Манглайимдан совуқ тер чиқиб, бўғинларим бўшашиб кетди. Шунда шу яқинда турганлардан яна биттаси баралла овозда:

- Эй, танимадингларми?! Бу Қаш-қадарё ва Сурхондарёни бир карра тўхтатган Али қора билан Карим чавандозларнинг невараси Сафар  чавандоз-ку! Оққан ариқнинг боласи у, ҳали зот айириб чиқади!.. - деди ишонч билан.

Билмадим, балки ўшанда ёнимни олган одам мени шунчаки йигитнинг шашти қайтмасин, деб мақтаб қўйгандир. Ҳарҳолда ўша пайтда чавандоз бўлиб номим чиққан эмасди. Аммо боболарим ҳақидаги бу гап қувватимга қувват қўшиб, томиримдаги қонни кўпиртириб юборди. Ана шу кўпкарида оз эмас, уч марта зот айириб, элни қойил қолдирдим!

Кейинчалик ҳам ҳар сафар кўпкари анжомлари билан ўйинга ўзимни шайлар эканман, "Қашқадарё ва Сурхондарёни тўхтатган Али қора билан    Карим чавандозларнинг невараси..." деган овоз қулоқларим остида акс-садо бериб турадиган бўлди.

* * *

Ёшлик давримдаги бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Она тарафдан қариндош бўлган бир киши оламдан ўтди. Унинг бир улоқчи оти бор эди. Одамлар ирими шундай деб, марҳумнинг жанда (чавандозлар киядиган яктак)сини отининг устига ташлаб қўйди. Отнинг сел бўлиб йиғлаганини илк марта ўшанда кўрганман. Ғайрати ичига сиғмай ҳар доим кишнаб-депсиниб турадиган отнинг боши эгик, тўрттала оёғини ердан узмас, кўзларидан эса жимир-жимир ёш оқарди... Ҳамманинг кўзи отда! Ўшанда кўпчилик хеш бобомга куйганидан эмас, тилсиз жониворнинг бундайин музтар тортишидан эзилиб йиғлагандай туюлганди менга...

Шу бўлди, ўша от бир йилдан кўпроқ улоқ деган нарсага қарамай кетди. Чиройи ҳеч очилмади, боши доим хам бўлди. Ҳа, отасининг энди йўқлигини болалари эсдан чиқарганда, эрининг ўлганини хотини унутганда, от эгаси учун салкам икки йил аза тутди!

Мен шундан бери одамларнинг эмас, отларнинг кўзига тикилиб қарашни яхши кўраман.

* * *

Сурхондарёга кўпкарига бордик. Сафдошларимнинг йўлбошчиси мен, улар кўпроқ менга ишонади. Аммо олдин бир-икки кўпкарида улоқ олдириб, ичида менга адоват сақлаб юрган қўшни воҳаликлар тадбир қўллашди: ўйин бошланганда от билан йўлимни тўсиб, даврадан четга сура бошлашди. Уларнинг фикру зикри улоқ айиришда эмас, менинг улоққа етиб    боришимга тўсқинлик қилишда эди. Ноилож чеккага ўтдиму, жандамнинг тескарисини кийдим. Бошимдаги қалпоғимни ва миниб юрган отимни ҳам сафдошларимдан биттасиникига ўзгартирдим. Кўринмай қолган мени излаш билан банд рақибларни ғафлатда қолдириб, икки марта зот айириб чиқишга эришдим! Кўпкари сўнгида яна ўз отим, ўз кийимимда кўриниш берганимда шу ерлик чавандозлар менга имлаб "Охирида улоққа кирган тўриқ зўр чиқди-ю, лекин барибир  Сафарга улоқ олдирмадик, алам билан кетадиган бўлди", деб кулишди. Ўзимни гўё ҳеч гап эшитмагандай    тутиб, мен ҳам кулибгина қўйдим.

* * *

Кексаликни тан олиб, от чопишни тўхтатганимга икки йил бўлган эди. Қишлоғимизда катта кўпкарили тўй бўлди. Кўпкарига ҳар турли вилоятдан чавандозлар келишди. Ўйин жуда қизиди! Афсуски, донгдор чавандозлар келган, овозаси ҳар ёққа тарқаши маълум бўлиб турган бу ўйинда ўзимизнинг чавандозлар зот айира олмай изза бўлишаётган эди. Рости, полвон зотига энг алам қиладигани - шу!

Ўйин охирлаб қолсаям вазият ўзгармаяпти, тишимни тишимга босиб аранг ўтирибман. Охири "Ё худойим, мен чолни шарманда қилма!" дедиму, шогирдлардан бирининг отини олиб, ўзимни даврага урдим. Аламнинг зўриданми ёки худонинг қўллагани чин бўлдими, хуллас, шу чопишда даврани ёриб ўтиб, улоқни тақимга босиб чиқибман. Кўриб турибман: ёмғир қуйиб турганлиги учун мени олқишлайман деб ўрнидан сапчиганлардан кўпининг оёғи осмондан бўлиб йиқилаяпти...

Яна бир карра худди шу усулда зот айирдим. Ҳамма хурсанд бўлаяпти-ю, ўзимнинг кўнглим эзилади. "Худойим-ов, болалари, шогирдлари турганда ҳеч қайси қари чавандозни элнинг орияти учун даврага тушгулик қилма..." дейман ўзимга.

* * *

От йиқилган эгасига ёлини тўшайди, эшак туёғини, деган гап ҳақиқат. Агар чавандоз югуриб кетаётган отининг устидан учиб кетган каби эшакнинг устидан йиқилса борми, қайтиб одам бўлиши қийин.

Мен ҳам бир галги ўйинда шаҳд билан улоққа талпиндиму, йиқилиб, изимдан келаётган кўплаб от галасининг тагида қолдим. Ерда ғужанак бўлиб ётарканман, ён-веримдан "тапир-тупур" ўтаётган отларни кўриб, ичимда "бирорта ҳам бутун суягим қолмагандир-ов, аниқ ўлдим", деб ўйлайман. Йўқ! Мени давранинг четига олиб чиқишгач маълум бўлишича, оёғимнинг болдир суягидан биттагинаси синган экан. Уям учиб    кетиб йиқилган пайтимда! Устимдан ҳатлаб ўтган шунча отларнинг бирортаси ҳам мени босмади.

Орадан икки ой ўтиб, оёғим батамом тузалгач, Косон томонларга кўпкарига борган эдим, ўша ёқлик мени  таниган чавандозлар "Ҳа, ичингга лаънат уста Ёзи! Сафар чавандознинг оёғини улаб юборибди-да!" деб қишлиқлик суяксоз  устани сўкишганини эшитдим.

* * *

Ҳақиқий чавандоз йиғласа, ўзи учун йиғламайди, эли учун йиғлайди. Эли арслон юракли бир эр йигитга зор бўлса, элдошлари номусга, уятга қолса, ўшанда йиғлайди чавандоз. Минг марта отдан йиқилиб, миллион жойи лат емайдими, ўзи учун бир томчи ҳам кўз ёш тўкмайди у. Чавандознинг йиғиси асли элнинг йиғиси. Шунинг учун ҳам, менинг назаримда, чавандознинг йиғисидан хунукроқ, ёмонроқ   нарса йўқдай оламда.

Ҳа... айтганча, чавандоз бир марта ўзи учун йиғлаши мумкин. Меҳри тушиб, ўрганиб қолган отидан айрилганида...

* * *

Бир вақтлар яхши чавандозларга одамлар ўзига тегишли отни бериб улоқда чоптирар, оти зот айириб қолса, чавандозни дуо қилиб, азбаройи хурсандлигидан ул-бул нарса атар эди. Бу бир ҳавас эди, аниқ бирор шарт ҳам, чавандознинг отни мингани учун кесилган нарх ҳам йўқ эди. Бугунги ёш чавандозлар бировнинг отини миниб, бир марта улоққа киришига "фалон дўллир" деб нарх қўяётгани менга судхўрликнинг бир турига ўхшаб туюлади. Рост-да, чавандоз зотига ярашадими шу қилиқ? Ахир, табиат йигит билагига кучни нима учун беради, элининг корига яраш, оғирини енгил қилиш учун эмасми?!

Қамчимни олган кичик ўғлим Нурбек чавандозга: "Элнинг назаридан қолишдан қўрқсанг, танти бўл! Илло, эл бир чимдимдан берса тўйдиради, бир тупукдан тупурса чўктиради!" деб насиҳат қиламан.

* * *

Она сути оғзидан кетиб улгурмаган ушоқдеккина йигитча "сиз ҳақингизда асар ёзаман", дейди. Ҳафсаласиз қараганимни кўриб, "яқинда бир шоир кўпкари бешафқатликни тарғиб қилади, деб айтди. Мен ўз асаримда бундай эмаслигини исботлайман!" дея чиранади. Ушоқ йигитнинг айтишича, ўша шоирнинг гўдаклигида чиройли улоқчаси бўлган, уни ўзи меҳр бериб ул-ғайтирган, сўнгра шоирнинг отаси улоқни  чавандозларга топшириб юборган экан. Шундан кейин шоир кўнглида кўпкари ўйинига нисбатан адоват уйғонибди.

"Аслида кўпкари ҳақида кўплаб улуғ ёзувчилар яхши асарлар битишган, - менда мақсадига хайрихоҳлик уйғотиш учун тағин жаврашда давом этади йигит. - Фалон ўзбек, фалон рус ёзувчиси ёзган... Бари яхши ёзган..."

У айтаётган ёзувчиларни мен яхши танимайман. Тўғрисини айтай, асарларини ҳам ўқиганим йўқ. Дуруст ёзган бўлса ёзгандир-да! Лекин айни пайтда ўз ҳиссиётлари оғушида беармон оқиб, тўлиб-тошиб гапираётган қаршимдаги йигитчанинг алланарсаларни чалкаштириб юборганини тушуниб тураман. Йигитча шоир нечоғлик ноҳақ, ўзининг эса ҳақлигини исботлаш учун кўрсатаётган бу тахлит тиришқоқлик кулгимни қистатади.

Ахир, шоирнинг бир оғиз гапи билан кўпкари йўқ бўлиб қолмаслигини мен биламан-ку! Кўпкарининг куни манави тилибийрон йигитчага қолмаганини ҳам биламан-ку мен! Бурун замонларда кўпкарига ҳатто бутун ҳукуматнинг қарши чиққанини кўрганман. Ўзиникини ўтказиш илинжида асов отдай пишқириб-депсиниб ўша ҳукумат ҳам ўтиб кетди. Лекин яшаб қолди-ку кўпкари, сен яна нимани исботлашга уринасан?! Билсанг, кўпкари асли айтаётган ёзувчиларингнинг истеъдодидан улуғроқ! Агар миллатни тирик одам сифатида тасаввур қилсанг, анъана ва қадриятлар унинг томирида оқаётган қонидир. Бас! Демак, кўпкарига ўхшаган минг йиллик қадриятлар миллатнинг умри қадар яшайди!   Миллат борми, улар барҳаёт!

Ҳали гапирганинг: улоғу эчкининг асли тақдири шул экани - ё қассобнинг пичоғида, ё бўрининг чангалида жон бериш  қисмати эканини тушунмаган, балки   тушуниб туриб тан олишни истамаган  шоирингга эса, мен нима ҳам дейин?!  

Мен гапга уста эмасман. Фикримни узоқ тушунтирай десам тилим эшилиб, бошимга оғриқ туради. Хуллас, мендай шарти кетиб парти қолган чол билан маслаҳатлашай деб вақтингни кеткизиб ўтирма. Ёзмоқчи бўлсанг, кўп ланж қилма-да, ёзгин айтган асарингни. Кўпкарида мужассам бўлган жасурликни, ватанпарварликни ёз! Фақат... Фақат не қилсанг ҳам шамолга тупурма, болам! Шамолга тупурсанг, тупугинг бетингга қайтади. Кўпкарими у, бошқами, элнинг қон-қонига сингиб кетган қадриятларидан камчилик излаш, уларга осилиш шамолга тупуриш билан баробардир!..

Байрам АЛИ ёзиб олди.