19 ноябрь якшанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

СИФАТЛИ ДЕФОЛИАЦИЯ - ЭРТАЧИ ВА МЎЛ ҲОСИЛ ГАРОВИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Қишлоқ хўжалиги

СИФАТЛИ ДЕФОЛИАЦИЯ - ЭРТАЧИ ВА МЎЛ ҲОСИЛ ГАРОВИ

Жорий йилда вилоятимизнинг барча ҳудудларида чигит ўз муддатида ва сифатли экилиши ҳисобига тўлиқ кўчат олишга эришилди. Фермер хўжаликларига сув, минерал ўғитлар, эҳтиёт қисмлар ва ёнилғи-мойлаш материаллари бевосита далага етказиб берилди, тупроқ-иқлим шароитини инобатга олган ҳолда ғўза навларини тўғри жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, зарур агротехник тадбирлар тизимли амалга оширилди ва уларнинг сифатли бажарилиши таъминланди. Натижада ғўзаларнинг ривожи яхши бўлди ва мўл ҳосил етиштириш учун пухта замин ҳозирланди. 

Маълумки, етиштирилган пахта ҳосилини қисқа муддатда йиғиб-териб олишда ғўза дефолиацияси муҳим аҳамиятга эга. Бу тадбир тўғри ўтказилганда, баргларнинг тўлиқ тўкилиши таъминланади ва шунинг ҳисобига ғўзадаги бўлиқ кўсаклар 5-10 кун эрта пишиб етилади. Илк терим салмоғи 15-20 фоизгача ошиб, юқори сифатли пахта ҳосили кўпаяди. Президентимизнинг 2017 йил 21 августдаги “2017 йилда ғўза дефолиациясини ўз вақтида ва самарали ўтказиш бўйича комплекс ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни тизимли ва самарали бажаришга қаратилган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, чигит экиш муддатлари, нави ва ғўзанинг етилиш даври, жойлардаги об ҳаво-иқлим шароитлари, кўсак очилиши суръатларини ҳисобга олган ҳолда пахта майдонларида дефолиация тадбирини қисқа муддатда ва сифатли ўтказиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Айтиш жоизки, жорий йилда вилоятимиз миқёсида 123 минг гектар майдонда ғўза дефолиацияси амалга оширилади. Мазкур тадбирни 14 сентябрга қадар тугаллаш кўзда тутилган. Мўл хирмон кўтаришни мақсад қилган пахтакорларимиз дефолиацияни ўтказишда айрим жиҳатларга эътибор қаратсалар, фойдадан холи бўлмайди.

Энг муҳими, ғўза баргини сунъий тўктириш муддатидан кечиктирмасдан ва сифатли ўтказилиши лозим. Бу пахта териш машиналарининг самарали ишлаши ва қўл теримида иш унуми 15-20 фоизга ошишига имкон беради. Қолаверса, кузги бошоқли дон экинлари уруғини сифатли экиб, октябрь ойида тўлиқ ундириб олишга қулай шароит яратилади. Аксинча, дефолиация ўтказилмаган ғўза қатор орасига экилган кузги буғдой уруғи тўлиқ униб чиқмайди. Чунки тупроққа қуёш нурларининг етарли даражада тушмаслиги натижасида ниҳоллар нимжон, сарғимтир рангда бўлиб, ўз муддатида тупламайди, касалликка тез чалинади, даладан тўлиқ кўчат олиш имконияти камаяди.

Вилоятимизда ғўза баргини тўктириш учун авиация ёки трактор агрегатларидан фойдаланилади. Ҳаво ҳарорати ва ғўза навларининг ривожига қараб дефолиант гектарига 6,5-8,5 литр меъёрида қўлланилади. Дефолиация даврида суткалик ҳаво ҳарорати 17 даражадан паст бўлса, бу меъёрни 15-20 фоизга ошириш керак. Дефолиантнинг юмшоқ таъсир этиши натижасида ўсимликдаги физиологик-биологик жараёнлар узлуксиз давом этиб, ёш кўсаклар пишиб етилади, уларнинг очилиш жараёни тезлашади, натижада пахта ҳосили 1,5-2 центнерга ортади.

Ғўза дефолиациясини ўтказиш учун фермер даласининг ҳар бир контури алоҳида ўрганилади, танланади ва муддати белгиланади. Танланган далада ғўзалар бир хил ривожланган ва биологик етилган бўлса, самара юқори бўлади. Шунинг учун дефолиация қилиниши режалаштирилган ғўза пайкалларини олдиндан белгилаш керак. Мақбул кўчат қалинлигига эришилган, ғўзани озиқлантириш, суғориш, ва ўсув нуқталарини чилпиш сифатли ўтказилган майдонларда дефолиация самарадорлиги ошади.

Уруғлик учун экилган далаларда бу тадбир уруғлик пахта тўлиқ йиғиштириб олингандан сўнг ўтказилса, қолган кечки кўсакларнинг тезроқ очилишига шароит яратилади.

Трактор агрегатлари билан дефолиация қилинадиган даланинг бошланиш ва қуйи қисмидаги ўсимликлар 6-8 метр кенгликда десикация қилинади, ғўза туплари қуригандан кейин ўриб дала четига чиқарилади ва суғориш ўқ ариқлари ҳамда айланиш майдончалари техника воситалари ёрдамида текисланади.

Қайд этганимиздек, дефолиация самарадорлигига таъсир этувчи омиллардан бири бу ҳаво ҳарорати бўлиб, дефолиант ўзининг кимёвий хусусияти ва таъсир этиш механизмига кўра ҳароратга турли даражада талабчан бўлади. Бу йил қўллаш учун тавсия этилган дефолиант ҳавонинг суткалик ҳарорати 17 даражадан юқори бўлганда ижобий самара бериб, ҳарорат пасайганда унинг таъсири камаяди. Агарда ҳарорат 15 даражадан паст бўлса, дефолиант таъсир кучини тамоман йўқотади. Шунинг учун дефолиация қилишдан олдин соҳа мутахассиси ҳаво ҳарорати тўғрисидаги аниқ башоратни олиб, препаратни қўллаш ва сепиш муддатларини тўғри белгилаши керак. Агар дефолиация ўтказилгандан кейин 1-2 кунда ёғингарчилик кузатилса ёки ҳаво ҳарорати кескин пасайса, ушбу далада қайта дефолиация ўтказиш керак.

Ҳаво ҳарорати юқори бўлганда дефолиант меъёрини кўпайтириб қўллаш ёш кўсакларга таъсир этиши ҳисобига ҳосилдорликни камайтиради. Шунингдек, ҳаво ҳарорати паст бўлганда дефолиантнинг кам меъёрда қўлланилиши эритма самарадорлигини пасайтиради, барглар кам тўкилади.

Дефолиация самарадорлиги уни кун давомида ўтказиш вақтига ҳам бевосита боғлиқ. Куннинг иссиқ пайтида, яъни кун ўртасида ғўза баргларининг оғизчалари ёпилади. Натижада бу пайтда сепилган дефолиантлар баргда сўрилмайди ва иссиқлик таъсирида тезда ҳавога парланиб кетиб, тадбир бесамар бўлиб қолади. Шунинг учун дефолиацияни куннинг салқин пайтларида, яъни эрталаб шудринг кўтарилгандан сўнг кундузги соат 11 гача ҳамда куннинг иккинчи ярмида соат 16 дан кечгача ўтказиш юқори самара беради.

Тупроқ намлигининг ҳам дефолиация самарадорлигига таъсири жуда катта. Шу сабабли дефолиация даврида тупроқ намлиги чекланган дала нам сиғимига нисбатан 65-70 фоиздан кам бўлмаслиги ёки трактор юрганда тупроқда унинг енгил изи қоладиган даражада бўлиши лозим. Агар тупроқ намлиги  60 фоиз  ва ундан паст бўлса, ўсимликнинг барги ва танасидаги  суюқлик концентрацияси ортиб, дефолиантнинг ўсимлик баргига сингиши сусаяди ва самараси пасаяди. Шунинг учун агар тупроқ намлиги паст бўлса далаларни дефолиациядан 10-12 кун олдин енгил суғориш керак. Намлик меъёрдан юқори бўлганда ғўзанинг ўсув нуқтасида иккиламчи ўсиш ҳосил бўлади, натижада кўсакларнинг очилиши сусайиб, ҳосил сифати пасаяди.

Ғўзани озиқлантиришнинг ҳам барг тўкилиши самарадорлигига таъсири юқори бўлади ва амал даврида турли меъёрларда озиқлантирилган ғўзалар ҳар хил биомассага (барг сатҳига) эга бўлиб, дефолиантнинг таъсир кучи турлича бўлади. Шу сабабли дефолиацияни ўтказиш муддатини белгилашда ўғитлаш меъёрига ҳам эътибор бериш керак. Ғўзанинг бўйи паст ўсиб, ривожланган майдонларда дефолиантнинг гектарлик меъёрини тавсия этилганига нисбатан 10-15  фоизга камайтириш, баравж ўсган ёки ғовлаган майдонларда эса 10-15 фоизга ошириш тавсия этилади.

Шунингдек, дефолиация қилишда ғўза навларининг биологик хусусиятларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Чунки дефолиант ғўза навларига турлича таъсир этади. Жумладан, ўртапишар ғўза навлари, яъни барг шапалоғи катта, қалин, сербарг бўлганда дефолиантларга кам таъсирчан, барг шапалоғи кичик ва юпқа бўлган тезпишар ғўза навларининг таъсирчанлиги эса юқори бўлади.

Мисол учун, Наманган-77, ЎзПИТИ-2601, Султон ва Бухоро-102 каби барг сатҳи нисбатан нафис ва кичик ғўза навларида 11-12 та ҳосил шохлари бўлганда, дефолиантнинг гектарлик меъёри 6,5-7,0 л/га, 13-15 ҳосил шохи мавжуд майдонлар учун 7,0-8,0 л/га ишлатилиши керак. Барги қалин ва сатҳи катта Бухоро-6, Бухоро-8 навлари учун дефолиантни 11-12 ҳосил шохида 7,0-8,0 л/га, кўчат қалинлиги 90-100 минг бўлган далаларда эса 7,5-8,5 л/га меъёрда ишлатиш юқори самара беради. Ғўзанинг биологик етилганлигига қараб, ўрта толали навларда 45-50 фоиз кўсаклар очилганда дефолиация ўтказилса, барглар яхши тўкилади.

Ғўза майдонларида кўсакларнинг очилиш даражасини аниқлаш учун ҳар бир даланинг диоганали бўйлаб 5 та жойдан конверт усулида 10 м2 майдон белгиланади. Ушбу майдондаги ҳақиқий кўчат қалинлиги, ҳар бир тупдаги жами кўсак сони ва шундан очилган кўсаклар сони аниқланиб, кўсакларнинг ўртача очилиш даражаси ҳисоблаб чиқилади. Олинган натижага қараб ушбу контур учун дефолиант тури, ўтказиш муддати ва меъёри белгиланади.

Ҳавонинг суткалик ўртача харорати 22-23 даража ва ундан юқори бўлса, дефолиант ўз таъсирини тўлиқ намоён қилади. Шундай ҳароратда дефолиантни қўллаш кутилган натижани беради. Парваришланган ғўза навларининг хусусиятлари ва ривожланиш ҳолатини ҳисобга олган ҳолда дефолиант меъёрини тўғри белгилаб, дефолиацияни ўтказиш ишлари табақалаштирилса, самарадорлиги юқори бўлишига эришилади.

 Дефолиацияни сифатли амалга ошириш учун, аввал ишчи эритмани тўғри тайёрлаш керак. Мутахассис агрономлар ғўзанинг ҳолатини аниқлаб олгандан сўнг, шунга мос равишда, сувга қўшиладиган дефолиант  меъёрини аниқлаб беришлари лозим.

Ғўза дефолиацияси илмий тавсиялар асосида ўз муддатида ва сифатли ўтказилса, 10-12 кун ўтгандан кейин барглар 85-90 фоиздан зиёд тўкилиб, кўсаклар 90 фоизгача очилади. Шунда пахта терими уюшқоқлик билан ўтказилиб, биринчи терим ҳосили салмоғи кўпаяди ва ҳосилнинг асосий қисми олий навларга топширилади. Натижада фермер хўжаликларида иқтисодий манфаатдорлик ҳам ортади.

Имом РАҲМАТОВ,

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш Маркази вилоят бўлими раҳбари, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор