19 ноябрь якшанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

Йилига икки марта экспортбоп маҳсулот етиштирилади

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Йилига икки марта экспортбоп маҳсулот етиштирилади

Вилоятимиз деҳқону боғбонлари томонидан хориж бозорларига етказиб берилаётган қишлоқ хўжалиги ноз-неъматлари сархил бўлиши билан бир қаторда уларнинг хилма-хиллиги ҳам таъминланмоқда. Янги-янги турдаги маҳсулотлар экспортга жалб қилинаяпти.

Жорий йилдан бошлаб уларнинг сони брокколи, салатбарг, рангли карам, гулкарам каби харидоргир сабзавот ва кўкатлар ҳисобига кўпайгани аҳамиятлидир. Бугунги кунда уларни етиштириш билан Қарши туманидаги “Big agro export” масъулияти чекланган жамияти фаол шуғулланмоқда.

Яқинда агрофирмага туман ҳудудидан 200 гектардан ошиқ унумдор экин майдони  ажратиб берилди. Шунинг 2 гектарида кўчатхона ташкил этилган бўлса, 90 гектар майдонда замонавий иссиқхона барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Эътиборлиси, кўчиришга тайёр бўлган кўчатларни аллақачон очиқ ерга экиш жараёни ҳам жадал давом эттирилмоқда.

- Шу кунга қадар 50 гектарга “Пекин” салатбарги, 25 гектарга “Айсберг” салатбарги,   6 гектарга брокколи, 5 гектарга гулкарам, қолган жойга рангли карам ниҳолларини экиб чиқдик, - дейди агрофирма агрономи Абдухолиқ Восиқов. – Юқори калория ва ниҳоятда фойдали хусусиятларга эга ушбу маҳсулотларга дунёда талаб юқори. Асосийси, ўсимликлар бизнинг иқлим шароитимизга тез мослашади, совуққа чидамли, агротехникаси унчалик мураккаб эмас. Улар анча сувсевар, маромида суғориб турилса, яхши маҳсулдорликка эришиш мумкин. Ноябрь ойидан ҳосилни йиғиштириб олишга киришамиз. Бу маҳсулотлар ҳосилдорлиги гектаридан 30-35 тоннани ташкил этади. Етиштирилажак сархил сабзавот ва кўкатлар тўлиқ экспортга йўналтирилади. Бугунги кунда уларни парваришлашда 50 нафарга яқин мавсумий ишчи меҳнатидан фойдаланаяпмиз.

Эътиборли жиҳати, мазкур ишлар қиймати 14 миллион АҚШ долларига баҳоланган истиқболли лойиҳа доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу ташаббус тўлиқ ҳаётга татбиқ этилиши билан йилига 8 минг тонна салат барглари, брокколи, рангли карам ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилади. Шунингдек, уларни сақлаш ва қайта ишлаш ҳам ташкил этилади. Бундан ташқари, 4000 тонна сиғимли совуткич қурилиши кўзда тутилган.

“Big agro export” корхонаси мутасаддиларининг билдиришича, жорий йилнинг баҳорида катта миқдорда ҳосил йиғиштириб олиниб, МДҲ мамлакатларига етказиб берилган. Бу дегани, вилоятимиз шароитида бир йилда икки марта деҳқончилик қилиб, ушбу экспортбоп маҳсулотларни мўл етиштириш мумкин. 

Маълумот ўрнида айтиш керакки, карамдошлар оиласига мансуб бу маҳсулотлар ўз таркибида кўплаб шифобахш дармондориларни жамлаган.  Биргина “Айсберг” салатбарги организмда моддалар алмашинувини яхшилаш, метаболизмни тартибга солиш, қон таркибини меъёрлаштиришда ёрдам бериб, асаб тизимини мустаҳкамлаш хусусиятига эга. Бу ўсимликлардан кўпинча салатлар тайёрлашда ёки овқатларни безашда фойдаланишади, яъни улар кўплаб мамлакатлар ошхонасида қўлланадиган асосий масаллиқлардандир. Айни шу жиҳатлар ушбу маҳсулотларнинг экспортбоплигини таъминламоқда, десак хато бўлмайди.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.