14 декабрь пайшанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

ТЎҚСОНБОСТИ ЭКИНЛАРИ – МЎЛ ДАРОМАД МАНБАИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

ТЎҚСОНБОСТИ ЭКИНЛАРИ – МЎЛ ДАРОМАД МАНБАИ

Ердан унумли ва оқилона фойдаланиш деҳқончиликда муҳим аҳамият касб этади. Ўз ишининг ҳадисини олган деҳқон борки, албатта, бу жиҳатнинг самарасини яхши билади. Ерни бўш қолдирмаслик, мавсумий, иқлим шароитига мос экинларни экиб, такрорий ҳосил олиш ҳаракатида бўлади.

Далаларда асосий ва такрорий экинлар ҳосили йиғиб-териб олинаётган бир пайтда омилкор бободеҳқонларимиз учун тўқсонбости экинлар экиш тараддуди бошлангани ҳам бежиз эмас. Чунки совуққа чидамли бўлган сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, ош лавлаги каби сабзавотларни, кашнич, петрушка, сельдерей, салат барги каби кўкатларни тўқсонбости мавсумида экиб етиштириш, улардан яхшигина даромад олиш мумкин. Қиш ва баҳор ойларида бу маҳсулотларнинг бозори чаққон, харидори кўп бўлиши эса деҳқоннинг ишига янада рағбат бағишлайди.

- Халқимизнинг “Тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан”, деган нақли замирида катта маъно бор, - дейди Чироқчи туманилик тажрибали деҳқон Эргаш Маҳмудов. - Тўқсон деганда қишнинг тўқсон куни назарда тутилади. Куз фаслида экиб, кўкартириб олинган сабзавот ёки кўкатлар қор остида қолиб, яхши куч тўплайди, ўсишга тайёрланиб олади. Эрта баҳорда экилган кўкат ёки сабзавот униб чиқиб, ривожланаман дегунига қадар, тўқсонбости усулида экилган экин ҳосилга киради. Масалан, бу усулда экилган сабзи эрта баҳорда экилганига қараганда камида бир ой аввал пишиб етилади. Бу пайтда маҳсулот бозорда анча талабгир бўлиши сир эмас. Қолаверса, қиш бўйи етарли куч тўплагани боис баҳорги сабзига қараганда унумдорлиги яхши бўлади. Шу боис оиламиз билан ҳар йили камида беш-олти сотих ерда сабзини тўқсонбости усулида парваришлаймиз. Қилган меҳнатимизга яраша даромад оламиз.

Деҳқоннинг айтишича, тўқсонбости усулида сабзини ноябрь охири ва декабрь ойининг дастлабки кунларида экиш - энг мақбул муддат. Бунинг учун аввало ер яхшилаб текисланиб, экишга тайёрланади. Шундан сўнг, 10 сотих ерга 500-600 грамм уруғ сепилади. Сабзини парваришлаш жараёнидаги энг муҳим жиҳатлардан бири уруғни бир текисда ундириб олишдир. Экин униб чиққанидан сўнг барча агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга ошириб борилса, юқори ҳосил олиш мумкин.

Яна айрим экинлар борки, уларни бироз эртачироқ экиш, қиш келгунига қадар тўла ривожланиб олишига шароит яратиш юқори самара беради. Масалан, саримсоқпиёз ана шундай ўсимликлар сирасига киради. Август ойининг охири, сентябрнинг боши билан экиб бўлинган саримсоқпиёзлардан келгуси йил юқори ҳосил олиш мумкин. Шу боисдан ҳам маррани баланд олиб, ҳаракатни эрта бошлаган деҳқонларимиз аллақачон бу сабзавотни экиб, ундириб ҳам бўлишган.

- Фаолиятимиз аслида боғдорчиликка ихтисослашган, - дейди Косон  туманидаги “Саъдулла Жумаев” деҳқон хўжалиги иш юритувчиси Шуҳрат Жумаев. - 1,5 гектар майдонда ўрикзор ташкил этганмиз. Шу билан биргаликда, боғ ораларига асосий экиннинг ривожи учун халақит қилмайдиган бир қанча экинларни экиб, яхши ҳосил олаяпмиз. Ҳозир боғ орасидаги 20 сотих майдонни исмалоқ экиш учун тайёрлаб қўйдик.  Бу кўкат тури ноябрь ойи охири, декабрь ойи бошларида экилади. 50 сотих ерга экилган саримсоқпиёз эса аллақачон униб чиқди. Биз уни сентябрь ойи бошида ерга қадагандик.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, қиш охирлаб, баҳор бўй кўрсата бошлаган вақтларни халқимиз “Йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган палла” дея таърифлайди. Чиндан ҳам бу пайтда бозорларимизда мева-сабзавот маҳсулотлари анча тортилиб қолади. Одам организмида эса айни шу паллада витаминга бой, экологик тоза сабзавот ва кўкатларга эҳтиёж ошади. Шу палла бундай маҳсулотларнинг бозори чаққон бўлади. Зеро, сўнгги вақтларда мамлакатимизда тўқсонбости усулининг анча  оммалашиб бораётгани ҳам деҳқонларимизнинг ердан унумли фойдаланиб, салмоқли даромад олишга бўлган саъй-ҳаракатлари самарасидир. Натижа эса қиш ва баҳор ойларида ҳам бозорларимиз тўкин-сочин бўлаётганида намоён бўлмоқда.

Мисол учун, жорий йилнинг январь-март ойларида вилоятимизда барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 3 минг 96 тонна сабзавот етиштирилган. Агар 2016 йилнинг худди шу даврига қиёслайдиган бўлсак, етиштирилган маҳсулот ҳажми 17,1 фоизга ошганини кўриш мумкин. Бу гал эса ҳосил янада юқори бўлиши кутилмоқда. Чунки ўтган йили вилоятимизда 27 минг гектар майдонда (шундан 16 минг гектар очиқ майдонда, 11 минг гектар боғ-ток қатор ораларига) тўқсонбости экинлар экилган бўлса, жорий йилда 33 минг 494 гектар майдонда шу турдаги маҳсулотлар етиштирилади. Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 августдаги “2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини жойлаштириш, экиш учун талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини ўз муддатида етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган. Қарорга асосан, вилоятимизда 17 минг гектар очиқ майдонга ва 16 минг 494 гектар боғ-токзор ораларига август-сентябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз экинлари ҳамда ноябрь-декабрь ойларида сабзавот экинларининг экспортбоп ва юқори ҳосилли навлари тўқсонбости усулида экилади.

- Президентимизнинг мазкур қарори ижроси юзасидан вилоятимизда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси белгилаб олинган, - дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бош мутахассиси Шерали Мирзаев. - Жумладан, ерларни тайёрлаш, уруғлик, минерал ўғит ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини етказиб бериш бўйича белгиланган тартибда ишлар амалга оширилмоқда. Айни вақтга қадар 1574 гектар майдонга пиёз экиб бўлинди. Шунингдек, яна 515 гектар ерга саримсоқпиёз экиш ишлари якунланмоқда. Шу билан бир қаторда тўқсонбости усулида экин экиладиган ер майдонлари аниқ режалаштирилиб, экишга тайёрланмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда дунёнинг жуда кўп давлатларида озиқ-овқат тақчиллиги сезилмоқда. Сайёрамизда аҳоли сонининг ўсиши, айрим минтақаларда қурғоқчилик ва сув тош­қинлари юз бериши қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабнинг кескин ортишига олиб келмоқда. Ана шундай шароитда бозорларимизнинг тўкин-сочинлигини таъминлаш, аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, қолаверса, экспорт ҳажмини кўпайтириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Тўқсонбости экинларнинг ўз вақтида, сифатли экиб парваришланиши эса аҳолининг эрта баҳорда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўла қондиришда, бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлашда устувор аҳамиятга эга.

Ж.БОЙМУРОДОВ