12 декабрь сешанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

ДЕҲҚОНЧИЛИКДА ЕР ВА СУВДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИЛАДИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Қишлоқ хўжалиги

ДЕҲҚОНЧИЛИКДА ЕР ВА СУВДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИЛАДИ

Маълумки, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги, табиий шароитидан келиб чиқиб ривожлантирилаяпти.  Натижада муайян ҳудудларнинг айрим етакчи тармоқларга чуқур ихтисослашуви кузатилмоқда. Бунда минтақаларнинг географик жойлашуви, тупроқ-иқлим шароити ва сув билан таъминланганлик даражаси каби омиллар эътиборга олинаяпти. Ўз навбатида мазкур ёндашув қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш имконини бераётир.

Шу билан бирга, сабзавотчилик, полизчилик, мойли, озуқа ва дуккакли экинлар парвариши, картошкачилик, интенсив боғлар барпо этиш ва токзорлар яратишда юқори самарадорлик кўзга ташланмаяпти. Баъзида улар норационал жойлаштирилмоқда. Оқибатда муайян ҳудуднинг мавжуд ер ва сув ресурсларидан, экспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш суръатларини ошириш таъминланмаяпти.

Бу ҳақда Президентимизнинг 2017 йил 15 сентябрдаги “2018 йилда қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш чора-тадбирлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради. Ушбу ҳужжатда қайд этилганидек, экинларни жойлаштиришнинг таркиб топган тизими соҳага нисбатан қўйилаётган замонавий талабларга мос келмайди. Айрим ҳолларда фермер хўжаликлари томонидан экин экиладиган ерлардан мақсадга номувофиқ фойдаланиш кузатилмоқда. Фермер хўжаликларининг етиштирилган маҳсулотни сотиш ҳисоби юритилмаяпти, сотилган маҳсулот тушумини хизмат кўрсатувчи банкларга топширишни таъминлаш назорат қилинмаяпти, етиштирилган маҳсулотни сотишдан олинган даромадларни яшириш фактлари мавжуд.

МУКАММАЛ ТИЗИМ – ЮҚОРИ ҲОСИЛДОРЛИК

Тегишли қарорга асосан, 2018 йилда бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш, ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шартнома мажбуриятларининг бажарилишини таъминлаш, ички бозорни барқарор бойитиш, қайта ишловчи корхоналарга ва экспортга маҳсулот етказиб беришни кенгайтириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини парвариш қилиш ва етиштириш бўйича жамики ишлар комплексини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. 

Унга кўра, аввало, минтақаларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, тупроқ унумдорлиги, сув билан таъминланганлиги, туманларнинг ихтисослашуви, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги ҳамда бошқа омилларни пухта таҳлил этиш асносида қишлоқ хўжалиги экинларини, хусусан сабзавот-полиз, мойли, дуккакли ва озуқа экинлари, картошка, боғлар ва токзорларни оқилона жойлаштириш бўйича самарали таклифлар тайёрлаш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, келгусида қишлоқ хўжалиги экинларини фермер хўжаликлари ва экин майдонларининг контурлари бўйича жойлаштириш тизими жорий этилмоқда. Бундай тизим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг тўлиқ циклини ташкил этишга имкон беради. Яъни бу орқали фермер хўжаликлари билан харид қилувчи ташкилотлар ўртасида шартномалар тузиш, моддий-техника ресурслари етказиб бериш, молиялаштиришни таъминлаш, агротехника тадбирларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, ҳосилни йиғиб-териб олиш, етиштирилган маҳсулотни қатъий равишда хизмат кўрсатувчи банк орқали сотишни йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.

Қолаверса, қишлоқ хўжалиги экинларининг серҳосил ва тезпишар навларини танлашда фермер хўжаликларига кўмак кўрсатилиб, уларни моддий-техника ресурслари билан ўз вақтида таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экинларини парвариш қилишдан фермер хўжаликларининг манфаатдорлигини ошириш учун қулай шароитлар яратилади.

Бундан ташқари, қарорда қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилишини бузганлик, шартнома мажбуриятларини бажармаганлик, фермер хўжаликларини моддий-техника ресурслари билан ўз вақтида таъминламаганлик учун қаттиқ жавобгарлик чоралари кўрилиши таъкидланган.

УНУМСИЗ ЕРЛАР - ЯНГИ ИСТИҚБОЛЛИ ЙЎНАЛИШЛАР

Ўз навбатида давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори асосида фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларида 2018 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришнинг мақсадли параметрлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тасдиқланди. Унга кўра, 2017 йил 1 январь ҳолатида вилоятимизда 418,4 минг гектар суғориладиган майдон мавжуд бўлиб, шундан экин майдони 350,7 минг гектарни ташкил этади. 2018 йилда воҳамиз миқёсида 149,8 минг гектар жойда пахта, 143 минг гектар майдонда бошоқли дон экинлари парвариш қилинади. Шунингдек, 11,4 минг гектар майдон сабзавот, 4 минг гектари картошка, 4,4 минг гектари полиз экинлари учун ажратилади. 1,4 минг гектар майдонда эса янги экин – соя етиштирилади. 1,1 минг гектар ҳудудда эса янги боғлар барпо қилинади. 0,4 минг гектар жой интенсив боғ, 0,4 минг гектари токзор, 0,3 минг гектар майдон тутзор учун мўлжалланган. Келгуси йилда вилоятимиздаги фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан жами 401,4 минг тонна пахта, 900 минг тонна ғалла, 268,7 минг тонна сабзавот, 85,5 минг тонна картошка, 88 минг тонна полиз маҳсулоти, 2,8 минг тонна соя дони етиштириш режа қилинган. Бундан ташқари, ушбу мавсумда вилоятимиз боғбонлари томонидан 178,7 минг тонна мева, 103,2 минг тонна узум йиғиштириб олиниши белгиланган.

Ушбу қарор билан шундай тартиб ўрнатилмоқдаки, унга мувофиқ, унумсиз ва ҳосилдорлиги паст ерларда ғўза ва бошоқли дон экинлари экиладиган майдонларни қисқартириш, ана шу ерларда бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, мева-сабзавотчилик ва чорвачиликка оид лойиҳаларни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан вилоятлар ҳокимликларининг қўшма қарорлари асосида амалга ошириш қайд этилмоқда. Бу қарорларда лойиҳаларнинг ташаббускорлари, уларни амалга ошириш санаси, инвестицияларнинг ҳажми, яратилаётган иш жойлари ҳамда бошқа кафолатлар кўрсатилган ҳолда интенсив боғ ва токзорлар, иссиқхоналар, шунингдек, чорвачилик комплекслари барпо этилиши назарда тутилади.

Яна бир жиҳати, 2018 йилда давлат эҳтиёжлари учун пахта толасини харид қилиш ҳажмлари унинг амалда ишлаб чиқарилган ҳажмига нисбатан 50 фоиз даражасида сақлаб қолиниши белгиланди.

БАРЧА ТУМАНЛАРДА АЙСБЕРГ, РАНГЛИ КАРАМ ВА БРОККОЛИ ЭКИЛАДИ

Қарорга биноан, 2018 йилда такрорий қишлоқ хўжалиги экинларини турлари бўйича бошоқли дон экинларидан бўшайдиган ерларда жойлаштиришнинг прогноз параметрлари тасдиқланди. Унга кўра, келгуси йили вилоятимиз бўйича 143 минг гектар майдон бошоқли дон экинларидан бўшайди. Шунинг 35 минг 300 гектарида такрорий экинлар экилади. Унинг 7010 гектари сабзавот, 2000 гектари картошка, 4055 гектари полиз, 2050 гектари соя, 7735 гектари дуккакли, 7875 гектари озуқа экинлари, 4575 гектари кунжут ва тариқ экишга тайёрланади. Такрорий экин майдонларининг асосий қисми Касби, Косон, Миришкор, Нишон ва Қарши туманлари ҳиссасига тўғри келади. Сабзавот, полиз ва дуккакли экинларни жойлаштириш деярли барча туманларда ташкил этилса, картошка фақат Қамаши, Китоб, Чироқчи, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларида, соя эса юқори уч ҳудуд -  Шаҳрисабз, Китоб ва Яккабоғ туманларида парваришланади. Бу экинларни жойлаштиришда мазкур ҳудудларнинг қулай табиий шароити, тупроғининг унумдорлиги, сув билан таъминланганлиги каби омиллар инобатга олинган.

Бошоқли дон экинларидан бўшайдиган ерларда етиштирилган сабзавот-полиз маҳсулотлари, картошка ва мойли экинларнинг давлат буюртмаси учун шартномавий бозор нархларида харид қилиниши, шунингдек, уларни экспорт қилишда деҳқон ва фермер хўжаликларига амалий ёрдам кўрсатилиши белгиланган. Маҳсулот етказиб бериш бўйича фермер хўжаликлари билан контрактация шартномалари тузилади. Тузилган шартномаларга мувофиқ фермер хўжаликларига бўнак (аванс) тарзида уруғликлар, минерал ўғитлар ва ёнилғи-мойлаш материаллари етказиб берилади. Фермер хўжаликларининг такрорий қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришдан манфаатдорлигини таъминлаш мақсадида шу нарса қатъиян белгилаб қўйилмоқдаки, контрактация шартномаларида назарда тутилган ҳажмлардан ортиқча етиштирилган маҳсулотни фермер ўз тасарруфида олиб қолиш имконига эга бўлади.

Қолаверса, мазкур қарор билан 2018 йилда “тўқсонбосди” усулида етиштириладиган экинларни жойлаштириш бўйича ҳам чора-тадбирлар белгиланди. Бунинг учун вилоятимиз миқёсида  46 минг 815 гектар майдон ажратилмоқда. Бунда очиқ майдонлардан ташқари боғ ва токзорлар қатор оралари ҳам ҳисобга олинган. Аҳамиятлиси, ушбу мавсумдан бошлаб вилоятимизнинг барча туманларида пиёз, саримсоқпиёз, сабзи, лавлаги, кўкатлар каби одатий экинлар билан бирга айсберг салатбарги (жами 280 гектар), рангли карам ва брокколи (жами 2246 гектар) каби маҳсулотлар “тўқсонбосди” усулида етиштирилади. Совуққа чидамли, бизнинг шароитда юқори ҳосилдорликка эга бу маҳсулотлар экспортбоп эканлигини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.

Шубҳасиз, қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига қаратилган бу каби кенг кўламли ишлар юртимиз бозорлари тўкинлигини таъминлаш, нархлар барқарорлигига эришиш, шу орқали аҳоли фаровонлигини янада ошириш, қолаверса, экспорт имкониятларидан кенгроқ фойдаланишга хизмат қилади.

М.ЖЎРАЕВ