24 октябрь сешанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

ЕЧИМИНИ КУТАЁТГАН ЮЗЛАБ МАСАЛАЛАР

Йилнома
Tipografiya

2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

ЕЧИМИНИ КУТАЁТГАН ЮЗЛАБ МАСАЛАЛАР

парламент аъзолари ўрганишлари асосида ҳал қилиниши белгиланди

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқ билан мулоқотни янада самарали олиб бориш мақсадида ҳар қайси вилоятдан сайланган Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, халқ билан мулоқот қилиш орқали жойлардаги ҳақиқий аҳволни, ҳокимият идоралари, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини пухта ўрганиб, таҳлил қилиши ҳамда тегишли хулоса беришлари лозимлигини таъкидлаганди. Шунга мувофиқ, депутат ва сенаторларнинг навбатдаги мулоқоти Қарши тумани аҳолиси билан бўлиб ўтди.

Қайд этиш жоизки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси доирасида амалга оширилаётган бундай мулоқот ва ўрганишлар жараёнида ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар аниқланиб, уларнинг ечими юзасидан тегишли чоралар белгилаб олинаяпти.

Маълумки, вилоят марказига энг яқин бўлган ушбу туман воҳанинг саноат индустрияси ва қишлоқ хўжалиги ривожланган ҳудудларидан саналади. Туманда ҳозирги вақтда 51 та маҳалла бор. 43 минг 700 дан ортиқ хонадонда истиқомат қилаётган 231 минг 730 нафардан зиёд туман аҳолисининг вилоят иқтисодиётини юксалтиришдаги ўрни катта.

- Парламент аъзолари жойларда икки йўналишда фаолият олиб боришди, - дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ўткир Бўтаев. - Биринчидан, аҳоли хонадонларида юзма-юз мулоқотлар ўтказилган бўлса, иккинчидан эса бириктирилган соҳа ва объектлар ўрганилиб, улар фаолиятининг самарадорлиги таҳлил қилинди ва тегишли хулосалар чиқарилди.

Учрашувлар давомида аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари, тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати, пенсия таъминоти, коммунал хизматлар, иш ҳақи ва ижтимоий нафақаларнинг тўланиши каби қатор масалалар чуқур ўрганилиб, атрофлича таҳлил қилинди.

Айни пайтда, ўрганиш жараёнида туманда эришилган ютуқлар билан бир қаторда ҳали-ҳануз ечимини кутаётган масалалар, фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлиги аниқланди.

Хусусан, туман ҳудудида жойлашган давлат мулки объектларидан инвестиция киритиш шарти билан инвесторларга “ноль” харид қийматида берилган 3 та объектда яратилиши лозим бўлган 83 та иш ўрнидан амалда 20 таси яратилган, холос.

Туманда 2017 йил 1 апрель ҳолатида рўйхатдан ўтган жами тадбиркорлик субъектлари сони 1427 та бўлиб (деҳқон ва фермер хўжаликларидан ташқари), шундан 20 таси ёки 1,4 фоизи бугунги кунда турли сабабларга кўра фаолият кўрсатмаяпти.

Туманда туризм соҳасининг истиқболли имкониятлари мавжуд бўлса-да, ички туризмни ривожлантириш, зиёратгоҳларга сайёҳлар оқимини жалб этиш бўйича имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Тумандаги қишлоқ врачлик пунктларининг деярли барчасида умумий амалиёт шифокорлари етишмайди, айни пайтда 49 та умумий амалиёт шифокорига, қишлоқ оилавий поликлиникалари учун 6 нафар УТТ мутахассиси ва 6 нафар хирургга эҳтиёж мавжуд.

ҚВПларда ҳамда янгидан ташкил этилаётган қишлоқ оилавий поликлиникаларида доимий тоза ичимлик суви таъминотида, электр энергияси, газ таъминоти ва иситиш мосламаларининг меъёрида ишлашида жиддий муаммолар мавжуд. ҚВПларнинг физиотерапия аппаратлари маънан эскирган, 2000 йилдан бери бирорта ҳам физиотерапия аппарати олинмаган.

Туман марказий шифохонаси, хусусан, болалар бўлими ўрганилганда 0-14 ёшгача бўлган болалар ўлими 2015 йилда 88 нафарни, 2016 йилда 80 нафарни ташкил қилиб, юқорилигича қолмоқда.

Туманда тиббий профилактика ишлари етарлича олиб борилмагани натижасида юқумли касалликлар, жумладан, вирусли гепатит ўсиши кузатилган. 2015 йилда 135 та вирусли гепатит қайд этилган бўлса, 2016 йилда ушбу касаллик 271 тага, яъни 2 мартага ошган.

Бундан ташқари, тумандаги 8 та дорихона фаолияти ўрганилганда, дорихонада бўлиши мажбурий бўлган дориларнинг аксарияти йўқлиги, совутгичлар ишламаслиги, совутгичларда озиқ-овқат маҳсулотлари дори билан бирга сақланаётгани, санитария-тозалик ҳолати яхши эмаслиги, провизорларнинг тиббий кўрик муддати ўтгани, дори воситаларининг алоҳида жойлашуви ташкил этилмагани каби ҳолатлар аниқланди.

Туманда бандлик марказининг масъул ходимлари томонидан ишсизликни бартараф қилиш бўйича қатъий чоралар кўрилмаслиги натижасида ишсизлик даражаси юқорилигича қолмоқда. 2016 йилда муддатли ҳарбий хизматдан қайтган 199  нафар ёшнинг 30 нафари, чет элдан қайтиб келган 1798 нафар меҳнат мигрантининг 100 нафари ишга жойлашмаган.

Туманда жойлашган аксарият умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасалари етарлича моддий-техника базасига эга эмас, иситиш тизимида муаммолар мавжуд, айрим биноларнинг томидан сув ўтиб, аянчли аҳволга келиб қолган. Шу билан бирга, касб-ҳунар коллежларининг йўналиш ва ихтисосликларини ўзгартириш эҳтиёжи мавжуд.

- Мазкур мулоқотлар ҳар бир қишлоқ ва хонадондаги мавжуд аҳволга холисона баҳо бериш ва муаммоларни жойида бартараф этишнинг энг яхши йўли, - дейди Чўлли бўстон қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Рўйиддин Рўзиев. - Бошқа жойда бўлгани каби бизнинг қишлоғимизда ҳам муаммолар бор. Хусусан, ҳудуддаги 62-мактабга бориладиган йўлда  пиёдалар йўлакчаси ва кўприк йўқ. Бундан ўқувчи ва ўқитувчилар қийинчилик сезаётганди. Депутатларимиз билан ушбу масалада гаплашиб олдик ва масалага тез орада ечим топилиши белгиланди.

Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, туманда ободонлаштириш ва чиқиндиларни йиғиш ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмаган. Чиқиндиларни тўплаш шохобчалари вақтида қурилмагани оқибатида жойларда ноқонуний чиқиндихоналар сони ортган.

Туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш қониқарсиз ҳолатда, аҳолининг 76,5 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланмаган. Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш ишлари ҳам талаб даражасида эмас. 1939 та хонадонда газ баллон йўқ.

Тумандаги ички йўлларнинг аксарият қисми, яъни 882,7 километри (75 фоизи) таъмирталаб ҳолатда.

Туман марказида жойлашган маданият ва аҳоли дам олиш марказида мукаммал таъмирлаш ишлари якунланмаган, маданият ва истироҳат боғига замонавий аттракционлар ўрнатилмаган.

Туманда 51 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи бўлса, уларнинг 22 таси ўз балансида бўлмаган, бошқа корхона-ташкилот ва муассасалар биноларида фаолият олиб бормоқда.

Прокуратура, ички ишлар идоралари томонидан ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш бўйича етарлича чоралар кўрилмагани оқибатида туманда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан жиноятларнинг қасддан одам ўлдириш ҳолати 2 тага, фирибгарлик 4 тага, ўғирлик 12 тага, тан жароҳати билан боғлиқ жиноятлар сони 2 тага ошган.

Содир этилган жиноятларнинг 5 тасини ўта оғир, 2 тасини оғир, 36 тасини унча оғир бўлмаган ва 18 тасини ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар ташкил этиб, умумий жиноятлар кўламида оғир жиноятлар сони 2016 йилга нисбатан камаймаган.

Ҳозирги вақтда туман ҳудудидаги таълим муассасаларидан жами 18 нафар ўқувчи чет элларга чиқиб кетган бўлиб, улардан 11 нафари вояга етмаганлар экани ниҳоятда ачинарлидир.

Туман ҳудудида ноқонуний диний оқимларга аъзо 189 нафар фуқаронинг 69 нафари вояга етмаган ва 26 нафари аёллардир.

Қарши туман ички ишлар бўлими томонидан жорий йилнинг 3 ойи давомида рўйхатга олинган 61 та жиноятнинг 7 таси фош этилмаган ёки жиноятчилик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 тага ёки 7 фоизга ошган. Ҳозирда 48 минг 624 нафар фуқаро турли сабабларга кўра биометрик паспортини олмаган.

Халқ депутатлари туман Кенгаши доимий комиссиялари ва депутатлик гуруҳлари фаоллигини ошириш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмаган.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг Қарши туманида ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш юзасидан ўтказган ўрганиш натижалари тумандаги ечимини кутаётган аксар масалаларни кўрсатиб берди.

Жойлардаги аҳволни ўрганиш асосида қонунлар, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, давлат дастурлари, ҳудудларни ривожлантириш дастурлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти, прокуратура, ички ишлар органлари ва бошқа ташкилотлар зиммасига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларнинг ижро этилиши ҳолати таҳлил этилади. Бу эса ҳудуд учун янги истиқбол, аҳоли учун янада фаровонлик олиб келади дегани.

Б.ЎКТАМ