22 октябрь якшанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

БИР МАСАЛА ЮЗАСИДАН ЮЗЛАБ АРИЗА ЙЎЛЛАШДАН МУДДАО НИМА?

Йилнома
Tipografiya

Мурожаат, манфаат ва масъулият

БИР МАСАЛА ЮЗАСИДАН ЮЗЛАБ АРИЗА ЙЎЛЛАШДАН МУДДАО НИМА?

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра ташкил этилган Халқ қабулхоналари халқ билан доимий мулоқот қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида холислик тамойиллари асосида кўриб чиқилишида, мансабдор шахслар масъулиятини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.

Бироқ, ҳаётда шундай инсонлар ҳам учрайдики, яратилган шароит ва имкониятлардан фақат ўз манфаатини қондиришни кўзлайди, ҳатто ғараз ниятини шу орқали амалга оширишга уринадиганлар ҳам йўқ эмас. Бундай  мурожаатлар сабаб бошқа бировнинг манфаатига путур етади, айни вақтда кўплаб идораларда ортиқча вақт ва қоғоз сарфи, беҳуда ўрганишларга сабаб бўлади. 

Масалан, Шаҳрисабз туманилик Б.Ҳотамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бир эмас, ўн эмас, нақ 208 марта Халқ қабулхонаси ва Виртуал қабулхонага мурожаат қилган. Ўрганишларда аён бўлишича, аслида унинг бировга муҳтожлик жойи йўқ. Шунчаки ёзишни, бўлар-бўлмасга ариза йўллашни одат қилиб олган. Бир қанча талаблари инобатга олиниб, мурожаатлари қаноатлантирилган ҳам. Қараган – нима талаб қилса, зумда бажариб беришаяпти, айтгани-айтган, дегани-деган. Бу кимга ёқмайди дейсиз?! Бироқ ҳамма нарсанинг ҳам чек-чегараси бор-да. Охирги гал у Қарши туманида қурилаётган арзонлаштирилган уйлардан олмоқчи бўлиб ариза ёзди. Унинг бу талаби ҳам бажарилди – ҳатто уй учун тўланадиган дастлабки тўловнинг тенг ярми, яъни 8 миллион сўмдан кўпроқ маблағ унинг номига ўтказиб ҳам берилди. Аммо Б.Ҳотамов ҳали-ҳамон ёзишда, кўплаб идоралар масъулларини сарсон қилишда давом этмоқда.

Нишонлик И.Қудратов эса ўз мурожаатида ёзда боши, қишда эса бутун танаси қақшаб оғришини айтиб, ҳар ойда 300 минг сўмдан ёрдам пули бериб туришларини сўраган. Тегишли идоралар масъуллари бориб кўришса, эндигина ўттиздан ошган бу йигитнинг тўрт мучаси ҳам соғ, у шунчаки “ётиб ейиш”га кўниккан ёки шуни истаган экан.

Қарши шаҳрилик Қ.Пўлатов адовати сабабни, ё “адолат” истабми, бир мактаб директорини ишдан олишни сўраб, салкам 50 марта ариза ёзган. Шунга кўра, директор фаолияти тегишли органлар томонидан бир неча марта текширилган. Бироқ қонунга зид ҳолатлар аниқланмаган. Нияти амалга ошмаган хусуматчи охири директорнинг олдига келиб, агар 1000 доллар берсанг тинч қўяман, деб таҳдид қилган. Мана, унинг асл мақсади нимадан иборат бўлган. Ваҳоланки, унинг шикоят хатлари гўёки таълим сифати ва самарадорлигини таъминлашга қаратилгандек эди. Била туриб ёлғон маълумот тарқатгани ва тамагирлик истаги сабаб унинг ўзи тегишли жавобгарликка тортилди.

- Халқ қабулхоналарига бугунги кунга қадар 20 мингга яқин мурожаат келиб тушган бўлса, шуларнинг 4 мингдан ортиғи қаноатлантирилиб, 13 мингдан кўпроғи асоссиз бўлгани боис рад этилди,- дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятимиздаги Халқ қабулхонаси мудири Абдуҳалим Холмахматов. - Муаммолар ечимига холис ва ҳаққоний ёндашамиз. Мурожаатлар таҳлили ҳамма ҳам муҳтожлиги сабаб мурожаат қилмаётганини кўрсатади. Масалан, Қарши туманилик Ҳ.Носирова маҳалладан моддий ёрдам беришмаяпти, деб бир неча бор мурожаат қилган. Аниқланишича, унга маҳалладан кам таъминланган оила сифатида ҳар ойда 244 минг сўмдан моддий ёрдам бериб бориларкан. Саломатлигини тиклаш учун имтиёзли йўлланма билан бепул даволаниб чиққан, фарзандларига кийим-кечак совға қилинган, паспорти бепул алмаштириб берилган, яқиндагина бир ҳомий ташкилот томонидан янги телевизор берилибди. Кейинги мурожаатида у яна битта телевизор сўрабди...

Миришкорлик Қ.Келдиеванинг ҳам мурожаати асосида уйи таъмирлаб берилган, том қисми шифер билан ёпилган. Буни кўриб, унинг синглиси Р.Пирназарова ҳам Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, унинг уйини ҳам худди опасиники каби мукаммал таъмирлаб беришларини сўраган.

Тўғри, тирик банда борки, ташвиши бор. Бироқ бу дегани – ҳамма ташвиш ариза ёзиб, ҳал қилинади, дегани эмас-ку. Озроқ ҳаракат қилиш, билакдаги кучни, бошдаги ақлни ҳам ишга солиш керак-да.

Баъзи ҳолларда айрим раҳбарлар шикоятчининг талаби асослими-йўқми, аниқламасдан, қандай бўлмасин “оғзини ёпиш” ва “ортиқча дахмаза”дан қутулиш мақсадида ҳар қандай талабни сўзсиз бажараверишган. Бу эса кўриб турганимиздек, кимларнидир боқимандаликка ўргатиб қўяяпти.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, янги таҳрирдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ такрорий мурожаатлар билан ишлаш тартиби бироз ўзгарди. Энди бир масала бўйича қайта-қайта мурожаат қилинсаю, бироқ амалда у қаноатлантирилган бўлса, такрорий мурожаат сифатида кўриб чиқилмайди.

Аҳолини ўйлантираётган масалалар, сарсону оворагарчиликларга сабаб бўлаётган муаммоларга ечим топилиб, одамларнинг адолатга, давлатга ишончини янада мустаҳкамлашга ҳаракат бўлаётган бир пайтда айрим кимсаларнинг арзимаган нарса юзасидан ёхуд ўз манфаатини кўзлаб такрор ва такрор мурожаат қилиши яратилган қулайликларга нисбатан беписандликдан бошқа нарса эмас.

Шундай экан, барчамизга  билдирилаётган ишончни суиистеъмол қилмайлик.  Яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтаришга ўрганайлик. Бу қўлимиздан келмаса, ҳечқурса ёмонлик қилмайлик, бировни ортиқча ташвишга қўймайликки, бу ҳам яхшилик қилиш билан баробар.

Мусо МУРОДОВ