22 октябрь якшанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

МОДДИЙ ЁРДАМ ВА НАФАҚА ҲАҚИҚИЙ ЭҲТИЁЖМАНДЛАРГА БЕРИЛАЯПТИМИ?

Йилнома
Tipografiya

Халқ қабулхонаси – адолат маскани

МОДДИЙ ЁРДАМ ВА НАФАҚА ҲАҚИҚИЙ ЭҲТИЁЖМАНДЛАРГА БЕРИЛАЯПТИМИ?

Ёки маҳалла мутасаддилари манфаат эвазига сохта ведомостлар орқали кимларнидир боқимандаликка ўргатаяптими?

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Касби туманидаги Халқ қабулхонасига қилинган мурожаатларнинг 10 фоизга яқини нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш бўйича. Уларнинг айримлари тўла асосга эга бўлса, баъзи кишилар тегишли тартибни билмасдан ҳам мурожаат қилишган. Масалан, айрим фуқаролар нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш масаласида тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат этишмаган бўлса, бошқалар бир турдаги нафақа олаётган бўлса-да, иккинчи турдаги нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш бўйича кўмак сўрашган. Яна кимлардир даромади Низомда белгиланган мезондан ошиб кетса-да, болаларига нафақа ёки моддий ёрдам кераклигини билдирган. Уларга албатта, тегишли Низом талаблари бўйича тушунтириш бериб борилмоқда.

Бу мавзуда сўз кетаркан, аввало, шуни таъкидлаш лозимки, юртимизда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар доимий қўллаб-қувватланиб, алоҳида эътибор қаратиб келинади. Хусусан, 1994 йил 23 августда “Кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоялашни кучайтиришга оид тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони эълон қилиниб, унга асосан кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бериш махсус жамғармалари ташкил этилган бўлса, 2007 йил 19 мартдаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон билан болали, эҳтиёжманд оилаларга, икки ёшгача фарзандининг тарбияси билан банд бўлган, ишламаётган оналарга нафақа ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан амалга оширилиши, барча даражадаги ҳокимларга нафақалар ва моддий ёрдамни белгиланган тартибга риоя қилган ҳолда тайинлаш ва тўлаш устидан назоратни амалга ошириш вазифаси топширилди.

2007 йил 1 сентябрдан бошлаб эса давлат бюджетидан кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўлаш учун ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажмини, айни вақтда уни тайинлаш ва тўлаш муддатини 6 ойгача узайтирган ҳолда 1,5 бараварга ошириш белгиланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги қарори билан “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланиб, болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосининг даромад миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 бараваридан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланиши қайд этилди.

Низомга асосан ота-онаси бўлмаган, болалар тарбияси билан эса қариндошлар шуғулланаётган, ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар, 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида яшаётган бева аёллар, ногирон боласи бўлган оилалар, болани тўлиқ бўлмаган оилада тарбиялаётган оналар, ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш марказларида ҳисобда турган оилалар ва ёлғиз пенсионерлар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олишда устунлик ҳуқуқига эга бўлади.

Нафақа ёки моддий ёрдам олишга эҳтиёжманд деб эътироф этилган оила нафақа ёки моддий ёрдамнинг фақат бир турини олиши мумкин.

Болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг доимий яшаш (рўйхатдан ўтиш) жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан оила бошлиғи ёки оила аъзосининг ёзма аризаси асосида, бола парвариши бўйича нафақа эса боланинг онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг аризаси асосида тайинланади.

Ариза берилгандан бошлаб уч кун ичида оила аъзоларига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад миқдори аниқланса, ўн кун муддатда оиланинг моддий ва мулкий ҳолати ўрганиб чиқилади ва нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисида хулоса қилинади.

Даромад оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосининг ўртача ойлик даромади суммаси мурожаат қилинган ойдан олдинги охирги уч ой учун оила аъзолари сонига бўлинган ҳолда аниқланади.

Нафақа ва моддий ёрдам олиш учун оила таркибига болаларнинг отаси, онаси ёки ҳар иккиси, ота-оналар билан бирга яшайдиган ва уларнинг қарамоғида бўлган болалар, шунингдек, ота-оналар билан биргаликда яшайдиган ва ўз оилаларига эга бўлмаган 16 ёшдан катта ёшдаги болалар, болаларнинг улар билан биргаликда яшайдиган боболари ва бувилари, болаларнинг ота-оналари билан биргаликда хўжалик юритувчи бошқа шахслар киритилади.

Нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш учун ўртача ойлик жами даромад миқдорини ҳисоблаб чиқишда инобатга олинадиган оила таркибига нафақа ёки моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилган ота-оналарнинг ака-ука ва опа-сингиллари (агар уларнинг ўз оилалари бўлса), тўлиқ давлат таъминотидаги ҳамда васийлик ёки ҳомийликка олинган болалар, чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган ёхуд ҳарбий таълим муассасасида ўқиётганлиги сабабли оилада бўлмаган ота-она, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича жазони ижро этиш жойларида жазо ўтаётган ота ёки она киритилмайди.

Бу борада қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, нафақа ва моддий ёрдамларни тайинлашда ижтимоий адолат қоидаларига риоя этиш талаб қилинган бўлса-да, жойларда қонун талабларига риоя этмаслик ҳолатлари мавжудлиги ачинарли.

Текширишларда аниқланишича, айрим давлат органлари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар тўлиқ аниқланмаган, бундай оилаларга моддий ёрдам ёки нафақалар тайинланмаган. Шундан келиб чиққан ҳолда туман Халқ қабулхонасига нафақа ва моддий ёрдам масалалари бўйича мурожаат қилган 20 дан ошиқ фуқаронинг мурожаатлари қаноатлантирилди.

Хусусан, Талишбе қишлоғида яшовчи Д.Йўлдошеванинг 2 ёшга тўлмаган фарзанди учун 2017 йил март ойида, Талишбе маҳалласида яшовчи М.Имомованинг 2 ёшли фарзанди учун 2017 йил март ва апрель ойларида тўланиши лозим бўлган нафақа пуллари маҳалла фуқаролар йиғини масъул ходимлари томонидан тўлов ведомостига бошқа кишиларнинг номи киритилиши оқибатида тўланмасдан қолган.

Д.Авазованинг Тинчлик маҳалла фуқаролар йиғинига 2 ёшли боласи учун нафақа тайинлаш тўғрисидаги мурожаати 2017 йил январь ойида маҳалла фуқаролар йиғинида кўриб чиқилиб, бўш турган пул маблағлари йўқлиги сабабли кейинги ойдаги йиғилишга қолдирилган, лекин ушбу масала февраль ва март ойларида ҳам кўриб чиқилмаган.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 мартдаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан эҳтиёжманд оилаларга нафақа тайинлаш ва моддий ёрдам беришда ижтимоий адолат, холислик ва ошкоралик тамойилларига қатъий амал қилиш, кўрсатилаётган моддий ёрдамнинг аниқ йўналтирилишини таъминлаш, уни ҳақиқий эҳтиёжманд оилаларга бериш, боқимандаликка йўл қўймаслик, оилалар даромади ва мол-мулкини ҳар томонлама ҳисобга олиш талаб қилинган.

Кам таъминланган ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар давлат ҳимоясида экан, буни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини шу масалага жавобгар мутасаддилар асло унутмасликлари керак. Зеро, гап инсон, унинг ҳаёти ҳақида кетмоқда.

Шомурод ҚЎШОҚОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Касби туманидаги Халқ қабулхонаси мутахассиси