16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

ҚАШҚАДАРЁЛИК ГЕНЕРАЛЛАР

Қашқадарёга оид

«Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар – аскар эмас«, деган ҳазилнамо гап бор. Аммо бу юксак ҳарбий унвон ҳаммагаям насиб этавермайди. Касбий фаолиятдаги юксак натижалар баробарида ахлоқий фазилатлар ҳам погондаги юлдузлар сони ва салмоғига таъсир этиши бор гап. Демак, бугун Қашқадарё вилоятида туғилган ва генерал унвонига сазовор бўлган кишилар ҳақида сўз юритамиз. Зеро, бу 8 январь – Прокуратура ходимлари куни ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига ўзига хос муносабатимиз бўлади.

Остон Турсунов

1964 йил 7 февралда Қашқадарё вилояти қайта ташкил этилгач, вилоят прокурори лавозимига Остон Турсунов тайинланган. У 1932 йилда туғилган. Прокуратура органларидаги хизмат фаолиятини 1954 йилда Қашқадарё вилояти прокурорининг судлов назорати бўйича ёрдамчиси ва катта ёрдамчиси лавозимларида бошлаган.

Қашқадарё вилояти прокурорининг ўринбосари, Қарши тумани прокурори, 1961-1964 йилларда Сурхондарё вилояти прокурори, 1964-1974 йилларда Қашқадарё вилояти прокурори, 1974-1978 йилларда Сурхондарё вилояти прокурори, 1978-1983 йилларда Бухоро вилояти прокурори лавозимларида ишлаган. Кейин ҳам қатор йиллар прокуратура органларидаги хизматини давом эттирган.

Хушвақт Норбўтаев

Хушвақт Норбўтаев 1934 йилда Косон туманининг Гувалак қишлоғида туғилган. Мактабни тамомлагач, бир муддат ҳудуддаги жамоа хўжалигида ишлайди. Сўнг Тошкент давлат юридик институтига ўқишга киради.

1956 йилда институтни тамомлаб, вилоят ИИБ ЖҚБ тезкор вакили лавозимида иш бошлайди. 1957 йилдан 1970 йилга қадар вилоят ИИБ ТБ терговчиси, ЖҚБ тезкор вакили, вилоят ИИБ ЖҚБ катта тезкор вакили, Қарши шаҳар ИИБ суриштурув бўлими катта тезкор вакили, катта терговчиси, тергов бўлими бошлиғи лавозимларида хизмат қилади.

1970-1971 йилларда Қамаши тумани ИИБ бошлиғи, 1971-1975 йилларда Қарши шаҳар ИИБ бошлиғи, 1975-1979 йилларда Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, 1979-1984 йилларда Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи вазифаларида фаолият олиб борган.

1982 йилда Хушвақт Норбўтаевга «Милиция генерал-майори» унвони берилган.

Хушвақт Норбўтаев 2008 йилда ҳаётдан кўз юмган.

Ботир Калонов

Кўплаб прокурорларнинг устози саналмиш Ботир Хамзаевич Калонов 1941 йилда туғилган. 1962 йилда Тожикистон давлат университетини тамомлаган.

Прокуратура органларидаги хизмат фаолиятини 1962 йилда Тожикистон Республикаси Ёвон тумани прокуратураси терговчиси лавозимида бошлаб, Тожикистон Республикаси Куйбишев тумани ҳамда Қарши шаҳар прокуратураси терговчиси, вилоят прокуратураси бўлим прокурори, Қарши шаҳар прокурори, Ўзбекистон Компартияси вилоят партия қўмитаси маъмурий идоралар бўлими мудири, 1983-1987 йилларда Қашқадарё вилояти прокурори, Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи ўринбосари, Сирдарё вилояти прокурори ўринбосари, 1992-2002 йилларда Навоий вилояти прокурори, 2002-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Қонунчиликни мустаҳкамлаш муаммолари ва прокурор-тергов ходимлари малакасини ошириш маркази директорининг ўринбосари лавозимларида самарали ишлаган.

2005 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази раиси лавозимида ишлаб, ёшларга ўзининг бой ва амалий тажрибаларини ўргатиб келмоқда.

Абдуҳалим Холмахматов

1957 йилда туғилган Абдуҳалим Холмахматов прокуратура органларидаги хизмат фаолиятини 1986 йилда Қашқадарё вилояти прокуратураси умумий назорат бўлими прокурори лавозимидан бошлаган.

Шундан сўнг, 1987-1991 йилларда Қашқадарё вилояти прокурорининг вояга етмаганлар ҳақидаги қонунларни ижро этиш устидан назорат бўйича катта ёрдамчиси, 1991-1996 йилларда қамоққа олинганларни сақлаш ва жазони ижро этиш устидан назорат бўйича Қарши махсус прокурори, 1996-1997 йилларда Қашқадарё вилояти прокуратураси умумий назорат бўлими бошлиғи, 1997-2001 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида масъул лавозимларда, 2001-2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари, 2004-2005 йилларда Тошкент вилояти прокурори, 2005-2008 йилларда Фарғона вилояти прокурори, 2008 йилда Қарши тумани прокурори, 2008-2017 йилларда Олий хўжалик судида масъул лавозимларда, 2017-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси  Президентининг Қашқадарё вилояти Халқ қабулхонаси мудири, 2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлади.  2021 йил февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент вилояти Халқ қабулхонаси мудири лавозимига тайинланди.

Рустам Жўраев

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони Рустам Жўраев 1968 йилда туғилган. 1986-1988 йилларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган. 1994 йилда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясини тамомлаган.

Хизмат фаолиятини 1989 йилнинг апрель ойида жиноят-қидирув бўлимининг кичик инспектори лавозимидан бошлаган.

1994 йилдан 2003 йилга қадар Қарши шаҳар ИИБ, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ИИБ, Тошкент шаҳар ИИББда терговчи, катта терговчи бўлиб ишлаган.

2003-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув ва Тергов бош бошқармаларида турли лавозимларда хизмат қилган.

2008-2012 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида инспектор, етакчи инспектор, бош инспектор лавозимларида фаолият юритган. 2012-2015 йилларда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – тергов бошқармаси бошлиғи бўлган.

2015 йил февраль-октябрь ойларида – Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, 2015-2017 йилларда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган. 2017-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида фаолият олиб борган. 2018-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Унга 2018 йил 14 февраль куни генерал-майор унвони берилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 мартдаги тегишли фармони билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони этиб тайинланган.

Ҳамдам Қаршиев

Қаршиев Ҳамдам Алиқулович 1970 йилда Шаҳрисабз туманида туғилган. 1997 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1987 йилда Шаҳрисабз туманида бошлаган. 1991-2009 йилларда Тошкент шаҳар Олмазор ва Яккасарой туманлари ички ишлар бошқармаларида турли лавозимларда фаолият олиб борди. 2009-2013 йилларда транспортда ИИБ тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари – тергов бўлими бошлиғи, 2013-2016 йилларда Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари – тергов бошқармаси бошлиғи бўлган.

2016-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари – Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника ва молиявий таъминлаш департаменти директори (бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси  Судьялар олий кенгаши аъзоси), 2017-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси  Ички ишлар вазирлиги Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи, 2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондони, 2019-2022 йилларда Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари (бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси бошлиғи) сифатида фаолият олиб борган.  2022 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари бўлиб ишлаб келмоқда.

Муротжон Азимов

Муротжон Бердиалиевич Азимов 1976 йилда Китоб туманида туғилган. 1998 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1998 йилда Қарши шаҳар прокуратурасида иш ўрганувчиликдан бошлаб, 2009 йилгача терговчи, бўлим прокурори, вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси, прокуратура бўлим бошлиғи, туман прокурори лавозимларида ишлаган. Қашқадарё вилояти прокурорининг ўринбосари бўлган. Кейин  2014 йилгача Президент маслаҳатчиси хизматида масъул лавозимда ишлаган. 2014-2016 йилларда Бухоро вилояти прокурори, 2016-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари, биринчи ўринбосари,  2018-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси сифатида фаолият юритган. 2021 йил 18 ноябрдан Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасида ишлаб келмоқда.

Кўп йиллик хизматлари муносиб баҳоланиб, «Божхона хизмати генерал майори» унвони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 августдаги фармони билан «Меҳнат шуҳрати» ордени берилган.

Улуғбек Қосимов

Улуғбек Бердиқобилович Қосимов 1983 йилда Қамаши туманида туғилган. 2001-2005 йилларда Самарқанд давлат университетида ўқиган. 2005-2006 йилларда Сурхондарё вилояти Денов тумани прокуратурасида иш ўрганувчиси сифатида фаолият бошлаган.

Сўнг Бандихон тумани прокурори ёрдамчиси, Узун тумани прокуратураси терговчиси,  Сурхондарё вилояти прокуратураси қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунийликни таъминлаш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими прокурори, Бош прокуратура фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш бошқармаси прокурори, Сурхондарё вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи вазифаларида фаолият олиб борган. Қумқўрғон, Музработ, Денов туманлари, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳри прокурори бўлиб ишлаган.

2022 йилдан Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келмоқда. Олий Мажлис Сенати аъзоси. 2024 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.