16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Долзарб Жамият

МИЛЛИЙ ИСТИҚЛОЛИМИЗНИНГ ШОНЛИ САНАСИ

вилоятимиз шаҳар ва туманларида юксак савияда нишонланмоқда

Жонажон юртимиз ва олижаноб халқимиз ҳаётида бутунлай янги даврни бошлаб берган унутилмас тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги санаси мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Қашқадарёда ҳам баланд руҳ ва кўтаринки кайфият билан нишонланмоқда.

1991 йил 1 сентябрда жаҳон харитасида янги, мустақил давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлиб,  халқимиз ўз Ватанига ўзи эгалик қилиш ва ўз келажагини ўзи белгилаш ҳуқуқини қўлга киритди. Мустақиллик, эркинлик ва озодлик шу юртда яшайдиган ҳар бир инсонга улкан куч-қудрат бағишлаб, одамларда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини уйғотди ва уларнинг дунёқарашини ўзгартириб, саъй-ҳаракатларини миллий тикланиш ва тараққиёт йўлидаги яратувчанлик ва бунёдкорликка йўналтирди. Шу боис тарихан қисқа давр ичида Ўзбекистон ва унинг ҳар бир ҳудудида, жумладан, Қашқадарёда ҳам асрларга татигулик буюк ишлар амалга оширилиб, катта ютуқ ва муваффақиятларга эришилди.

Шу кунларда вилоятимиз шаҳар ва туманларида «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ғоявий-бадиий концепция асосида Мустақиллик кунига бағишланган байрам тадбирлари – умумхалқ сайиллари, адабий-бадиий кечалар, маънавий-маърифий анжуманлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар ўтказилар экан, уларда миллий истиқлолимизнинг юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги аҳамияти жуда қизиқарли ва таъсирчан тарзда  очиб берилиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича саккиз йил олдин бошланган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий манзараси ўзгариб бораётгани ёрқин ҳаётий мисоллар асосида намойиш этилмоқда.

Масалан, Муборак туманидаги «Машъал» ўйингоҳида бўлиб ўтган тантаналарда жорий йилда ҳудуддаги умумтаълим мактаблари битирувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга кириш борасида юксак натижаларга эришгани маълум қилиниб, таълим соҳасидаги янгиланиш жараёни илгари тарихимизда мисли кўрилмаган ўзгаришларга олиб келаётгани таъкидланди.

Қарши тумани марказий ўйингоҳида ташкил этилган байрам тадбири доирасида эса «Она диёр – ранглар жилосида», «Ватан учун яшайлик!», «Энг улуғ, энг азиз» кўрик-танловлари ҳам ўтказилиб, юртимизда ёшларнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқаришлари учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиб берилгани ва бунга жавобан ўғил-қизларимиз турли соҳаларда катта-катта ютуқларга эришаётгани кўрсатилди.

Яккабоғ туманидаги асосий байрам тадбири «Янги Ўзбекистон» массивидаги Эко парк ҳудудида уюштирилди ва у ерга ташриф буюрган одамларнинг кўз олдида намоён бўлган манзаранинг ўзи ҳам кейинги йилларда туманнинг жадал суръатлар билан обод бўлиб, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш борасида улкан ишлар қилинаётганидан далолат берди. Она Ватан ва истиқлолни мадҳ этувчи қўшиқлар, турли соҳаларда муваффақият қозонган ёшларни тақдирлаш маросими ҳамда мушакбозлик тадбир таъсирчанлигини янада оширди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллигига бағишланган тантаналар давом этмоқда. Хусусан, вилоятимизнинг асосий байрам тадбири эртага 29 август куни Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи амфитеатрида ўтказилиши режалаштирилган.

Ўз мухбиримиз