Берлинда эркак бошқа ўқувчиларни ҳақиқатни бузиб кўрсатувчи китоблардан халос қилишга уриниб, кутубхонада ёнғин содир этди. Бу ҳақда полиция ҳисоботида сўз боради.
Воқеа Шарлоттенбург туманидаги Француз маданият маркази қошидаги жамоат кутубхонасида рўй берган. Полиция кундуз куни соат 12:10лар атрофида ушбу муассасадаги ёнғин ҳақида хабар олган ва воқеа жойига етиб келган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 35 ёшли абонент кутубхонадаги бир нечта китобларга тез ёнувчи модда сепиб, уларни ёқиб юборган. Бироқ ёнғин атрофдагиларнинг фаол иштирокида тезда бартараф этилган.
Ўт қўювчи қўлга олиниш вақтида қаршилик кўрсатмаган ва ҳатто ўз қилмиши сабабини тушунтириб берган. Унинг фикрича, у ёққан китобларда тасвирланган тарихий воқеалар ишончсиз ҳисобланади, шунинг учун улардан қутулишга қарор қилган.
Ҳолатга ойдинлик киритилгач, терговчилар эркакни ҳибсдан озод қилган.

