Шўролар асоратига тушгунига қадар биргина воҳада юзлаб масжиду мадрасалар, илм даргоҳлари фаолият кўрсатган. Ўтган аср 20-30-йилларидаги советлаштириш сиёсати, қатағонлар боис уларнинг аксар қисми буткул йўқолиб кетган.
Худди шундай илм масканларидан бири бўлмиш Азим сайёд мадрасаси тўғрисида фақат арзномаларда маълумотлар сақланиб қолгани ҳақида Абдусаттор Жуманазар «Насаф» ҳамда Поён Равшанов «Қарши тарихи» китобларида ёзади.
Унга кўра, қози мулла Риёсиддин судур шундай ёзади: «Жаноби олий ҳукмдоримизнинг азиз ва муборак бошига бандайи ожиз тасаддуқ бўлсин. Раҳбаримиз ва ҳазрат саййидимизнинг хусравона марҳаматидан Қарши вилоятидаги Азим сайёд мадрасаси мударриси мулла Тоҳир хожа Ҳотамбой мадрасаси мударриси марҳум мулла Комил ўрнига дарс ўтишга лозим кўрилиб, сарафроз этилди. Дуолар бўлғайким, бинобарин зикр этилган ушбу Азим сайёд мадрасасида унинг жойи бўш қолди. Шу сабабдан зоти олийнинг дуогўйи Эшон шаҳид масжиди ҳужралари мударриси мулла Мўмин хожа ҳумоюн зот олий ҳукмдоримизни дуо қилиб, мазкур Азим сайёд мадрасаси илм толиби мударрис мулла Тоҳир хожанинг ўрнига ўтишдан умидвор бўлиб, арз этгай. Тасаддуқингиз бўлай, ушбу Мўмин хожа камсуқум ва дарс беришга муносиб киши. Бандапарвар олий соҳибим, бу нодон дуогўйингизнинг фаҳми ожизича, камтарин дуогуйингиз мазкур Азим сайёд мадрасасига мударрис этиб тайинланса, хушнудликдан боши осмонга етиб, дуо қилгай. Буни жаноб олампаноҳ, ҳазрат қиблагоҳимиз яхшироқ билгай. Тасаддуқингиз бўлай, Азим сайёд мадрасаси мударриси йилига 140 танга маош олади».
Қози сал ўтмай, олий ҳукмдорга яна бир марта расмий арз қилади. Унда Мўмин хожанинг Азим сайёд мадрасасига мударрис бўлиб ўтгани туфайли, унинг олдинги ўрнига бошқа кишини мударрис этиб тайинлаш сўралади.
1923 йилда Азим сайёд мадрасаси харобага айланади. Унинг вақф мулклари даромад бермай қўйган эди. Ушбу мадраса ҳам Шаршара дарвоза атрофида бўлгани айтилади. Ушбу дарвоза шаҳар марказий қўрғонининг шарқий эшиги саналган.

