16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

Атом энергетикаси: АСОС ВА ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ

Муносабат

XXI асрда энергия хавфсизлиги ҳар қандай давлатнинг барқарор тараққиётини таъминловчи асосий омиллардан бирига айланди. Аҳоли сонининг ортиши, саноат ишлаб чиқаришининг кенгайиши ва рақамли иқтисодиётнинг жадал ўсиши электр энергиясига бўлган талабни йил сайин оширмоқда. Бундай шароитда энергия манбаларини диверсификация қилиш, уларнинг барқарор ва экологик жиҳатдан мақбул турларини ривожлантириш давлат сиёсатида муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш масаласи Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга бўлган йўналишлардан бири ҳисобланади.

*  *  *

Мамлакатимизда атом энергетикаси соҳасининг ҳуқуқий асосларини шакллантиришда асосий қадам ташланди. «Атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш тўІрисида»ги Қонун бунга тасдиқ. 2019 йил 10 сентябрда кучга кирган ушбу ҳужжат билан атом энергиясидан фойдаланиш борасидаги сиёсатнинг асосий тамойиллари, давлат органларининг ваколатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари белгилаб берилди. Шунингдек, қонунда ядровий ва радиацион хавфсизликни таъминлаш, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, радиоактив материаллардан фойдаланиш ва уларни назорат қилиш бўйича муҳим нормалар мустаҳкамланган.

*  *  *

2026 йил 21 апрелда эса «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўІрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги Қонун кучга кирди. Мазкур қонуннинг асосий мақсади атом энергетикаси соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш, ваколатли органлар ўртасидаги вазифаларни аниқ тақсимлаш ва соҳани янада самарали мувофиқлаштиришдан иборат бўлди. Хусусан, Атом энергияси агентлигининг ваколатли давлат органи сифатидаги мақоми аниқ белгилаб қўйилди. Энергетика вазирлигининг атом энергетикаси соҳасидаги вазифалари қонунчилик даражасида мустаҳкамланди. Давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш механизмлари такомиллаштирилди.

– Бу ўзгартишларнинг аҳамияти шундаки, улар соҳада бошқарув тизимини янада аниқ ва самарали ташкил этишга хизмат қилади, – дейди Қарши давлат техника университети «Энергетика муҳандислиги» кафедраси доценти Шоира Саматова. – Аввал айрим вазифалар турли давлат идоралари ўртасида тақсимланган бўлса, эндиликда масъулият ва ваколатлар янада аниқлаштирилди. Бу эса соҳада қарор қабул қилиш жараёнларини тезлаштириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигини ошириш ва хавфсизлик устидан давлат назоратини кучайтириш имконини яратади.

*  *  *

Атом энергетикаси соҳасидаги ислоҳотлар Ўзбекистоннинг узоқ муддатли энергетика стратегияси билан узвий боІлиқ. Сир эмас, мамлакат иқтисодиётининг жадал ўсиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб йилдан-йилга ошиб бормоқда. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб юртимизда электр энергиясига бўлган эҳтиёжи 120-125 миллиард кВт/соатга   етиши мумкин. Бу эса мавжуд энергетика қувватларини кенгайтиришни талаб этади.

Шу ўринда атом энергетикасининг асосий афзалликлари нималардан иборат, деган савол туІилади. Бу – катта ҳажмда электр энергияси ишлаб чиқариш ва энергия таъминоти барқарорлигини мустаҳкамлаш, қолаверса, табиий газга бўлган ички эҳтиёжни қисқартириш ҳамда юқори технологияли саноат тармоқларини ривожлантириш имкониятидир.

Шу сабабли мамлакатимизда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича аниқ қадамлар ташланмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда атом энергияси соҳасида миллий инфратузилмани шакллантириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш ва ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Кичик қувватли атом электр станциясини қуриш Ўзбекистон атом энергетикаси соҳасидаги энг муҳим лойиҳалардан бири ҳисобланади. Мазкур ташаббус мамлакатнинг энергетика тизимини диверсификация қилиш, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва табиий газ сарфини қисқартириш имконини беради. Айниқса, кичик модулли реакторлар технологияси хавфсизлик даражаси юқорилиги, қурилиш муддатининг нисбатан қисқалиги ва иқтисодий  самарадорлиги билан эътиборга молик.

Атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш фақат энергетика соҳаси билан чекланиб қолмайди. Бугунги кунда ядровий технологиялар тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, саноат ва илмий тадқиқотларда ҳам кенг қўлланилмоқда. Масалан, онкологик касалликларни ташхислаш ва даволашда радиацион технологиялар муҳим аҳамиятга эга. Шу боис мамлакатимизда ядровий тиббиёт марказларини ташкил этиш ва ушбу соҳадаги  инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

*  *  *

Яқин йилларда мамлакатимизда атом энергетикаси соҳасида турли йўналишларда ривожланиш кузатилиши мумкин. Хусусан, кичик модулли атом реакторлари технологиялари жорий этилади. Атом электр станциялари инфратузилмаси босқичма-босқич кенгайтирилади. Натижада миллий мутахассислар тайёрлаш тизимини кучайтиришга бўлган талаб ҳам ортади. Илмий тадқиқотлар ва инновацион технологиялар ривожлантирилади. Энг муҳими, ядровий хавфсизлик тизими халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилади.

– Ўзбекистонда атом энергетикаси соҳасининг босқичма-босқич  ривожланиши кутилмоқда, – дейди Шоира Саматова, – Бу жараён, биринчи навбатда, мамлакатнинг энергетик мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, атмосферага чиқариладиган иссиқхона газлари ҳажмини қисқартириш, яшил иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш ва юқори технологияли саноат тармоқларини ривожлантириш имкониятларини ҳам кенгайтиради.

Албатта, атом энергетикаси юқори масъулият ва хавфсизлик талаб этадиган соҳадир. Шунинг учун давлат томонидан хавфсизлик стандартларига қатъий амал қилиш, экологик мониторингни кучайтириш ва жамоатчиликни холис ахборот билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса соҳага бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва атом энергиясидан оқилона фойдаланиш учун муҳим шарт ҳисобланади.

*  *  *

Хулоса қилиб айтганда, атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш Ўзбекистоннинг энергетик хавфсизлиги, иқтисодий тараққиёти ва технологик ривожланишида муҳим ўрин тутади. Қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгартишлар эса соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаб, атом энергетикаси бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларни самарали ташкил этишга хизмат қилмоқда.

Абдураззоқ МУРОДОВ