Асқад Мухтор – файласуф ёзувчи, битикларида теран фикрлар, дунёга ўзига хос назар кўзга ташланиб туради. “Дарёлар туташган жойда”, “Қорақалпоқ қиссаси”, “Бухоронинг жин кўчалари” қиссалари, “Опа-сингиллар”, “Туғилиш”, “Давр менинг тақдиримда”, “Аму”, “Чинор” романлари ўзбек адабиёти олтин хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган.
“99 миниатура”, “Карвон қўнғироғи” шеърий китобларини ўтган аср 60-70-йиллари ўзбек шеъриятидаги катта воқеа сифатида эътироф этишади. Асқад Мухтор таржимасида Софокл, Тагор, Пушкин, Лермонтов, Маяковский, Горкий, Шевченко, Блок, Корнейчук, Павленко асарлари ўзбек китобхонларининг маънавий мулкига айланган.
Сўнгги асари саналмиш “Уйқу қочганда” (Тундаликлар) китоби ёзувчининг бедор қалби, уйғоқ тафаккури, туғёнли кечинмаларини акс эттиргани билан аҳамиятли. Бугун тақдим этилаётган лавҳалар шу мўъжаз китобдан.
Сараланган сатрлар
* * *
Тасаввуф ҳақида гапирилганда, у кўпинча пантеизмга, неоплатонизмга қиёс қилинади. Ундай бўлса, нима учун бу оқимларга амал қилган Данте, Петрарка асрлардан бери улуғланди-ю, тасаввуфга бунча қора чапланди? Француз маърифатчилиги бутун оқим сифатида кўкларга кўтарилди-ю, нима учун бизнинг жадидларга “буржўй мафкурачилар” деган (гўё “йўқсил маърифатчилар” ҳам бўладигандай!) қора тамға босилди?
Менимча, бу ва бу сингари камситишлар бизларга мустамлака деб қарашнинг аломатлари эди.
* * *
Биз нимаики ёзсак, кимдандир иқтибос оламиз. Фалон донишманд бундай деган, фалон классик ундай деган… Улуғларнинг “афоризм”ларини бутун-бутун китоблар ҳолида нашр этамиз. Ваҳоланки, уларнинг кўпи аллақачон ҳеч қанақа “суянчиқ”қа муҳтож бўлмаган, ҳаммага маълум оддий ҳақиқатлар. Бу дидактик консерватизм оригинал тафаккур ривожига халал бермайдими? Мен улуғларга қарши эмасман, аммо ўз фикрлаш салоҳиятимизни ҳам ишга солишимиз керак-да! Улуғлар айтган деб, оддий ҳақиқатларни мақола ва китобларимиз, шиорларимизда такрорлайверамизми? “Соф ҳаво ҳаммамизга керак!” деб ҳеч ким алвонларга катта қилиб ёзиб қўймайди-ку?!
* * *
Кузатишимча, одамлар гапираётган гапнинг, тахминан, етмиш-саксон фоизи ортиқча экан. Кимдандир эшитган эдим: бир товушни талаффуз қилиш учун фалончи энергия сарф бўлади, деб. Ундай бўлса, ҳарф ва рақамлар бу жиҳатдан ҳам жуда катта иқтисодий-молиявий кашфиёт экан. Бўлмаса, масалан, “учта уй” дейиш ўрнига фикрни тушунтириш учун ўша учта уйни кўчириб-кўтариб келтириш керак бўларди… Свифтнинг бир сатираси эсимга тушади. Лапут бойлари энергияни тежаш учун, айтиш керак бўлган нарсаларни ўзлари билан олиб юришармиш. Ҳангомалашгани борганда хизматкорлари ҳамма лаш-лушларини елкалаб келишар экан…
* * *
Мўъжиза – сир – билим – ҳақиқат. Булар шу тартибда бир-бирини инкор қилади ва бир-бирисиз яшолмайди.
* * *
Ўзингникигина эмас, ўзгаларнинг нодонлиги ҳам ёзишга халақит беради.
* * *
Лаганбардор бошлиқнинг эриш нуқтасини билади.
* * *
Бу танқидчи мисли жарроҳдек: аввал жиндек мақтов билан ухлатиб, кейин операция қилади.
* * *
Талант ҳақида куюниб гапирганларнинг ҳаммаси ҳам талантли бўлавермайди. Чунки ҳеч ким ўзини таланцизман деб ўйламайди.
* * *
Кичкина бир яхшилик қилиш учун ҳам одам (балки буюк одам) бўлиш керак; катта ёмонлик қилишга кичик одам ҳам қодир.
* * *
Танқидчи ёш адибни қимматбаҳо фикрларининг олтин ёмбиси билан уриб майиб қилди.
* * *
Адабиёт фан-техника инқилоби даврида ҳам инсон билан иш кўриши керак. Экзюпери мақтаган самолётлар ҳозир ҳеч нарсага ярамай қолди. Лекин Митти Шаҳзодаси ҳали узоқ яшайди.
* * *
Ёзувчи ёлғонни тўқийди-ю, ҳақиқатни ёзади.
* * *
Ўзимизда бўлган туйғуларни яшириш қийинми ёки ўзимизда бўлмаган туйғуларни ифодалашми? Шукур Бурҳон менинг бу саволимга шундай деб жавоб берган эди: иккаласига ҳам артистизм керак.
* * *
Агар айб фақат бир томондагина бўлса, урушлар узоқ давом этмас эди.
* * *
Милтиқ ҳар отганда ўзи сесканиб орқага тисарилади.
* * *
Ҳар хил экстрасенсу азайимхонларнинг айби йўқ: улар алдангиси келганларни алдайди.
* * *
Одам маст бўлса, бир ухлаб тургач, ҳушига келади, аҳмоқ эса – асло. Борди-ю, одам ҳам аҳмоқ, ҳам маст бўлса-чи?
* * *
Истеъдодсиз шуҳратпараст жуда тубан ва шафқатсиз бўлади.
* * *
Дара тинч. Бу ерда ҳамма нарса секин-аста: тонг аста ёришади, олам тўфондан қалқиб чиқаётгандай, тун зулматидан аста кўтарилади. Бу жойларда Ернинг айланишини тасаввур қилиш мумкин эмас.
Бу ерларга Коперникнинг ўзи келиб қолса ҳам гапидан воз кечарди, вооллоҳ!
* * *
Бир қолипдаги (типовой) иморатлар, бир қолипдаги шаҳарлар худди шундай бир қолипдаги одамлар ва бир қолипдаги фикрловчиларнинг пайдо бўлишига ёрдам беради.
* * *
Фақат классика мунозарасиз қабул қилинади. Биз эса классик эмасмиз. Бизнинг асарларимиз қаршиликка учраши, баҳс қўзғаши керак.
* * *
Вақт инсон ҳукмида эмас. У – Аллоҳнинг мулки. Шунинг учун судхўрлик (қарз бериб, фоизи эвазига кун кўриш) ҳаромдир. Зеро, судхўр вақтни (ўзига тегишли бўлмаган нарсани) сотади.
* * *
Унинг “кўтарилиши” ҳам, “йиқилиши” ҳам ақллилик балоси эди.
* * *
Баъзилар ҳақида яхши гапирсанг, лаганбардор бўласан, ёмон гапириш – хавфли.
* * *
Физикада оқибат сабабга тенг. Ахлоқда ҳам шундай.
* * *
“Гулистон”да ишлар эдим. Маҳмуд Саъдий деган ходимимиз бозорда китоб айирбошлаётган экан, милиция ушлаб олиб кетибди. У жуда билимдон, китобхўр: биз уни Шайх деб атар эдик… Менинг илтимосим билан милиционер идорага келди, ёшгина лейтенант экан.
Гапни узоқдан бошламоқчи бўлдим:
– Ибн Сино Бухоронинг китоб растасида Форобийнинг Арастуга шарҳларини топиб олганда хурсандчилигидан бир зумга ҳушини йўқотган экан…
– Форобий деган шоирни эшитганман, у ҳам сизда ишлайдими?
– Йўқ, бизда фақат Шайх Саъдий ишлайди.
Ҳазил-мутойиба ўтмади. Аниқ гап қилдим.
– Бу йигит уйланганида келинни ошхонага тушириб келган. Чунки уч хонали уйнинг ҳамма хоналари лиқ китоб бўлган. У шунақа китоб жинниси.
– Жиннилигига справкаси борми?
* * *
“Нур алан – нур” деган яхши ибора бор. Уни кўпинча “Нур устига аъло нур” деб нодонларча бузиб ишлатадилар.
“Кўча одамлар билан гавжум”, дейдилар. Ваҳоланки, “одамлар билан гавжум”, “қўйлар билан гавжум” деб бўлмайди. Чунки “гавжум”нинг ўзи “одам кўп” дегани.
“Фаолият кўрсатишни амалга оширдилар”, “шарофати натижасида”, “рақобат кураши”, “устидан кулди”… Бундай “нодир” кашфиётларни санайверсангиз, сон мингта. Ёшларнинг, айниқса, мухбирларнинг тилдаги пала-партишликларидан ҳар гал ранжийман. Ахир, тилимиз – шаклланган буюк тарихий тил. Ҳеч бўлмаса, унинг оқ сочли бобо ёшини ҳурмат қилиш керак. У юз йил эмас, беш юз ёки минг йил эмас, ўн беш, ҳатто йигирма асрлик тарихга эга.
* * *
Ҳайвоний инстинкт хавф-хатарни олдиндан пайқагандай, ижодий тасаввур ҳам узоқдаги фикрни гўё бир ўзгарувчан булут парчаси каби кўнгил кўзгусида кўриб, гоҳ чақмоқ сингари ўтли чизиқлар, гоҳ қандайдир этюдлар, қиёфалар, композисиялар, тақдирлар тарзида шакллантира бошлайди. Бироқ, идрок тасаввурни тўла қабул қилмаслиги ҳам мумкин. Олий инстинкт сезими кўпинча ҳалиги ўзгарувчан булут парчасидай тарқаб ҳам кетади.
Тубан инстинкт такрорланиб пайдо бўлади. Олий инстинкт эса балқиб-нурланиб юзага чиқади. Иккаласи ҳам кучли, жасоратли бўлиши мумкин. Аммо, иккинчисигина баъзан катта ғоя, доҳиёна ҳақиқатга эврилади.
* * *
Амир Темур Ҳофиз Шерозий билан учрашганда шоирнинг машҳур мисраларини эсга олиб: “Ҳали сенмисан жононнинг битта холига Самарқанду Бухорони бағишлаб юборган?!” деб дарғазаб бўлганмиш, деган гаплар юради. Бу – ақлга сиғмайдиган уйдирма.
Аслида, бу аввалига дўстона ҳазил-мутойибадан бошланган жиддий суҳбат бўлган. Бу ўша шоирнинг дастлабки жавобидан ҳам кўриниб турибди: “Саховат, тақсир, азбаройи сахийлигимиздан шундай юпун бўлиб ўтирибмиз-да!..”
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

