Сараланган сатрлар
Адиб, мураббий, муҳаррир, маърифатпарвар, жамоат арбоби Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли юртимиздаги жадидчилик ҳаракатида муҳим ўрин тутганини яхши биламиз. У 1901 йилда ўз ҳовлисида, кейинчалик Тошкентнинг турли даҳаларида жадид мактабларини очади. Бу мактаблар учун «Адиби аввал», «Адиби соний» дарсликларини яратади. «Тажвид ал-Қуръон», «Ер юзи» сингари қўлланмаларни тузиб, нашр этади. Болалар учун қатор шеърий ва насрий ҳикоялар ёзади.
У 1909-йили Тошкентда «Жамияти хайрия» уюшмасини тузади ва «Турон» номли жамият очади. Мунаввар қори 1906 йилда дастлабки ўзбек матбуоти намуналаридан бири «Хуршид» газетасини нашр эттирған. Кейинчалик «Нажот», «Кенгаш» газеталарида бош муҳаррир, «Садойи Туркистон»да эса бўлим муҳаррири бўлиб хизмат қилади.
Мунаввар қори 1917 йил феврал инқилобидан кейин Туркистонда демократик миллий давлатчиликни тузиш ғоясини илгари суради. У Қўқонда ташкил топган Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлайди.
Шўро даврида у ўзининг очиқ маърифий ишларини ва яширин сиёсий ҳаракатларини давом эттирди. 1918 йилнинг апрелида Туркистон халқ дорилфунунининг асосчиси ва ректори этиб сайланади. Унинг саъй-ҳаракати билан 1918 йил 2 июнда дорилмуаллимин иш бошлайди. 1918 йилда «Турк ўчоғи» илмий-маърифий жамиятини ташкил қилади.
Мунаввар қори 20-йилларда ўзбек юртининг мустақиллиги учун кураш вазифасини ўз олдига қўйган «Миллий иттиҳод» ва «Миллий истиқлол» яширин ташкилотларига раҳбарлик қилган.
20-йилларнинг ўрталарида миллий зиёлиларни таъқиб қилиш кучайиши натижасида Мунаввар қори ҳамма лавозимлардан четлаштирилади. Бироқ ҳатто қатағон ҳам Мунаввар қори Абдурашидхон ўғлини истиқлол ғояларидан қайтара олмайди.
Мунаввар қори 1929 йилда қамоққа олинади ва 1931 йилда отиб ўлдирилади. Унинг хоки Москвадаги Ваганково қабристонидадир.
Қуйида жадид маърифатпарварининг «Ялқовлик ёвимиздир» тўпламидан эътиборга молик лавҳаларни жамладик.
* * *
Зиёли Миллат, Ватан нима эдиғини билур ва зиёли миллат учун жонини, молини фидо этар ва миллатнинг тараққийси учун доимо ҳаракат этар. Вақти келғанда, миллат учун ўзини ҳалокат вартасина ташламакға муҳайё бўлур. Сизнинг билмағингиз лозимдирки, бизнинг миллатимизға садо ва сўз бирлан зиёли номини олғон инсонлар лозим эмас. Балки, хизмати, ҳаракати, ёрдами ва ҳиммати бирлан зиёли номини олғон инсонлар лозимдир. Йўқ эса, «Миллат», «Ватан», «Маданият» – шунға ўхшаш сўзларни билмак билан инсон зиёли бўлмайдур.
* * *
Одам боласи туғилган замонда ҳеч нарсани билмас. Ҳаттоки сўзламоқ, ёзмоқ, яхшини ёмондан, оқни қорадан айирмак каби энг керакли нарсалардан маҳрумлик ҳолда дунёга келур. Сўнгра оз-оз ўрганмоқ ила ҳар нарсани билур.
Оталаримиз, оналаримиз, улуғларимиз ва муаллим афандиларимиз ушбу билган нарсаларимизни ўргатмаган бўлсалар эди, ҳозирда биз ҳам ҳеч нарсани билмас эдук. Шунинг учун ҳам одам болаларига зиёда лозим бўлган нарса – билмаганларини билганлардан сўраб ва ўқуб ўрганмак, яъни илм деган азиз ва фойдали нарсани қўлга олмак учун ҳаракат қилмоқдир.
* * *
Ўтган замонда Искандар деган улуғ бир подшоҳ бор эди. Бир кун бир девонага йўлиқди. Девонанинг баъзи ҳаракатлари подшоҳга хуш келуб, айтдики, «Эй девона, мандан бир нарса сўрагил». Девона айтдики: «Эй подшоҳи олам, пашшалар манга ҳар вақт ташвиш берадурлар. Юз ва қўлларимни чоқуб, хафа қиладурлар. Буюрсангизки, пашшалар манга бундай озор бермасалар».
Подшоҳ айтди: «Эй девона, мандан шундай нарса сўрагилки, ул нарса маъним ҳукмимда бўлсун. Ман пашшага нечук буйруқ қилурман?»
Девона айтди: «Эй подшоҳ, дунёдаги махлуқларнинг энг кичкинаси ва ожизроғи пашшадир. Шул пашшагаки ҳукмингиз юрмаса, эмди сиздан нима сўрарман?»
* * *
Икки киши дўст ва йўлдош бўлиб, сафарга чиқдилар. Йўлда бир айиқ чиқиб, буларга югуриб ҳужум қилди. Буларнинг бири ёш ва чаққон эди. Шу сабабли тезлик ила қочуб, бир ерга бекинди. Аммо иккинчиси ўзининг кексалиги ва кучсизлигидан қочолмай қолди. Начора, ўзини бир ерга ташлаб, ўлукга ўхшаб қимирламай ётди. Айиқ келуб, буни искаб-искаб, ўлук гумон қилиб, зарар еткурмай ташлаб кетди.
Айиқ кетганидан сўнгра йўлдош беркинган еридан чиқуб келди ва кулиб айтдики: «Эй йўлдош, қулоғинга айиқ нима деб шивирлади?»
Йўлдош жавоб берди: «Айиқ қулоғимга, бундай ожизлик вақтида сени ташлаб кетадурғон кишига бундан сўнг асло йўлдош бўлма, деб шивирлади».
* * *
Яхши муомалани дўст ва душманга баробар қилмоқ лозимдур. Зунки яхши сўз дўстларнинг дўстликларини орттирур. Душманларингни дўстликка айлантирур.
* * *
Ўтган замонда Ҳажжож исмли бир золим подшоҳ бор эди. Кўп уламо ва саидларнинг бошларини кесмиш ва қонларини тўкмиш эди. Анинг жабр ва зулми шул даражага етмишдур, тарих китобларининг ҳар бирида анинг исмини Ҳажжожи золим деб ёд қилмишлар.
Мана шу Ҳажжож бир кун йўлда бир дарвешга йўлиқди. Олдига чақириб: «Эй дарвеш, маъним ҳақимга бир яхши дуо қил!» деди. Дарвеш қўлини дуога кўтариб: «Ё Раб! бу золимни жонини тезроқ олғайсан», деб дуо қилди. Ҳажжож аччиғланиб: «На учун бундай ёмон дуо қилурсан?», деди. Дарвеш: «Агар сан тезроқ ўлсанг, гуноҳинг кўпаймас. Ва барча фуқаро сенинг зулмингдан қутулур. Шунинг учун маъним бу дуом ҳам санга ва ҳам барча кишиларға фойдалидур», деди. Дарвешнинг тўғри жавоби Ҳажжожга хуш келуб, кўп инъомлар берди. Ҳам ул кундан бошлаб зулмдан қўл йиғди.
* * *
Одам болалариға лозим бўлган яхши ишларнинг бири муҳтожларға шафқат ва марҳамат қилмоқдур. Шафқат ва марҳамат эса биров бир нарсани сўрағон вақтида бор бўлса, аямасдан бермак, агарда йўқ бўлса, ширин сўз ила узр этмоқ ва қўлдан келганича бошқаларға ёрдамда бўлмоқдур. Жаноби Ҳақ таоло ҳамма махлуқларни бир-бириға сабаб қилуб яратмишдур. Подшоҳ гадоға, гадо подшоҳға, бой фақирға, кофир мўминға, мўмин кофирға ҳосил, ҳамма бир-бириға муҳтождир.
* * *
Исроф ўринсиз ва зарурациз ерларга молни сарф этмакдир. Бухл энг зарурий ерлардан ҳам молни қизғанмоқ ва аямоқдур. Саховат эса ҳар иккисининг ўртаси бўлиб, молни зарур ва фойдалик ўрунларға сарф қилуб, зарурсиз, фойдасиз ўрунлардан сақламоқдур. Исроф ила бухл дин юзасидан ҳаром ва ақл юзасидан энг ёмон ва мардуд саналған ишлардандур.
* * *
Тилсиз, қулоқсиз бир одам ила соғ ва саломат бир одам орасида қанча фарқ бор бўлса, ўқумоқ, ёзмоқни билмаған кишилар ила буни билған кишилар орасида шунча фарқ бордур. Балки, буларнинг ораларидағи фарқ аларникидан ортиқроқдур. Зунки тилсиз киши ҳар хил тилли кишиларнинг қиладурғон ишларини қила олур. Қулоқсиз киши ҳам бировнинг сўзини шундай ишоратлар ила била олур. Аммо ўқумоқ, ёзмоқ илмини билған одамларнинг қиладурғон ишларини буни билмаған одамлар ҳеч бир йўл ила қилолмаслар.
* * *
Ота-онанинг Худодан тилаган нарсаси болаларининг саломатлиғи ва узун умр кўрмоғи, дунё ва охиратда бахтли бўлмоғидур. Болаларға бундай дўстлик ва яхшиликни ота-онадан бошқа ҳеч ким қилолмайдур. Шул сабабли болаларға ўз ота ва оналарини чин кўнгил ила дўст тутмоқ, буюрған ишларини қилмоқ, қайтарган ишларидан қайтмоқ лозимдур.
* * *
Яхшиғина бой бир кўр киши ҳар вақт бозорға чиқиб, ҳар хил нарсалар олурди. Лекин кўзи кўрмағанлиғи учун яхши-ёмонни айира олмас эди. Яхши деб ўйлаб олған нарсаларининг кўпи ёмон нарсалар эди. Бир куни кўзининг пардасини олдурмоқ учун бир дўхтирни уйиға чақирди. Дўхтир келиб, кўзини пардасини олди. Бир неча кундан сўнгра кўзи очилуб, уйидағи нарсаларни кўрмоққа бошлади. Бозордан олғон нарсаларининг ҳар бири кўзиға ёмон кўринди. Боруб: «Сан маъним уйимдаги нарсаларимни олуб, ўрниға ёмон нарсалар қўйибсан», деб дўхтирнинг этагидан тутди. Дўхтир: «Йўқ, биродар! Аввал сан кўр эдинг. Бозордан олган нарсаларингни барчаси ёмон нарсалар эди. Сан они билмас эдинг. Эмди кўриб, аларнинг ёмонлиғини билдинг», деб жавоб берди.
Ҳисса: нодон киши шул кўрға ўхшайдур. Яхши деб ўйлаған нарсаларининг кўпи ёмон нарсалар бўлур. Илм дўхтирға ўхшайдур. Ўқиған кишиларнинг кўзларини очар. Сўнгра ёмон ишларнинг ёмонлиғини билиб, ондан ўзларини тортурлар.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

