16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Биз ҳар бир одамни турли хил қулоқлар билан эшитамиз

Мия суҳбатдошни яхшироқ тушунишимиз учун унинг овозига дарҳол мослаша олади ва ҳатто шахсий жавоб нутқини ўзгартиради. Неймеген (Нидерландия) университети нейробиологи Орхун Улушахин шундай хулосага келган.

«Қайсидир маънода биз ҳар бир одамни турли хил қулоқлар билан эшитамиз, чунки ҳамма турлича сўзлайди», деган тадқиқотчи.

Олимнинг сўзларига кўра, икки киши бир хил овоз чиқармайди: беш ёшли бола ва саксон ёшли эркак муайян сўзни бошқа-бошқача талаффуз қилади. Бундай шароитда нутқни тушуниш учун мия доимий равишда маълум бир гапирувчига «созланади» – тезлик, тембр, овоз баландлиги, урғу ва ҳатто оҳангга мослашади.

Бироқ, тадқиқот кўрсатганидек, бу қобилият нафақат идрок этишда, балки нутқда ҳам ишлайди. 

«Суҳбатдошнинг нутқ услуби ўзингиз қайдай гапиришингизга ҳам таъсир қилади. Суҳбатларда одам беихтиёр овози баландлиги ва тембрини суҳбатдошиникига  мослайди», дея тушунтиради Орхун Улушахин.

Бир экспериментда қатнашчилар ёзиб олинган ибораларни тинглаб, уларни худди шу темпда такрорлаши керак эди. Бунда олимлар нафақат нутқнинг синхронлиги, балки паст ёки баландлигини ҳам таҳлил қилишган. Ким ибораларни баландроқ эшитган бўлса, улар ҳам баланд овозда такрорлаган ва аксинча, ким паст эшитган бўлса, пастроқ.

Қизиғи шундаки, бир ёзувни узоқ вақт тинглаш билан таъсир эффекти заифлашган. Мисол учун, агар қатнашчилар 20 дақиқа давомида аёл овозини баланд, кейин эса айнан шу тувушни паст оҳангда тинглашса, улар энди камроқ мослашган. Бу мия ҳар бир такрорга нисбатан таъсирланмай, суҳбатдош ҳақида тўпланган маълумотлардан фойдаланишидан дарак беради.