Қашқадарёга оид
Алишер Навоий билан ижодий рақобатлашишга уринган, гоҳ Бобур, гоҳ Шайбонийхон ҳузурида паноҳ топган шоир, мусиқашунос ва тарихчи Камолиддин Биноийнинг Қашқадарёга қандай боғлиқлиги бор? Бу ҳақда бироздан кейин билиб оласиз.
Тан олиш керак, халқ орасида Навоий ва Биноий билан боғлиқ латифанамо гаплар кўпроқ машҳур. «Эл деса Навоийни» китобида улардан бир нечтаси келтирилган. Аввал шуларга тўхталсак.
Кунлардан бир куни Биноий Алишер Навоийнинг боғига келибди. Қараса, у бир қанча шоирлару машшоқлар, созандалару хонандалар билан ширин суҳбатлар қуриб ўлтирган экан. Биноийнинг ғайирлиги тутибди. Шу пайт олдига вовуллаганича келган итга қараб овозининг борича:
– Ҳо, жанобларининг итлари ҳам нав (оҳанг қилади демоқчи) қиладилар-ку, биз бундан бехабар қолибмиз-да, – дебди. Шу билан Алишер Навоийни боплаб «чақиб» олмоқчи экан-да. Биноийнинг ниятини дарров англаган Алишер Навоий унга шундай жавоб қилибди:
– Ҳа, энди анча-мунча боқиб парвариш қилган эдик, мавлононинг ўзлари кўриб турганларидек, бинойидек бўлди-қолди.
Кейинги воқеаларда эса Биноийнинг ўзига баҳо беришда шошиши, Навоий эса танбеҳ беришни кечиктирмаслиги кўринади:
Алишер Навоий билан Биноий бир куни катта бино олдидан ўтиб қолишибди. Бинонинг ичкарисида гулга қўниб сайраётган булбулнинг ёқимли навоси эшитиларди. Шунда Биноий Алишер Навоийни чақиб олмоқчи бўлиб:
– Ҳазрати олийлари, қаранг, йўловчилар ўтганда анави бинонинг чиройига, кўркамлигига завқ билан тикилади. Фикримча, анави сайраётган булбул ҳам ушбу бинонинг гўзаллигига таҳсин ўқиётгандек, – дебди.
Биноий бу гаплари билан нима демоқчи бўлганини англаган Алишер Навоий унга жавобан шундай дебди:
– Гапингиз тўғри жаноби олийлари, лекин шуни билингки, кунлар ўтиб бу бино ҳам қулайди, лекин булбулнинг навоси, унинг ёқимли овози асло йўқолмайди. Дарвоқе, ҳақиқий дидли, фаросатли кишига бу ерда бинонинг серҳашамлиги эмас, булбулнинг навоси ҳузур бағишлайди. Бунга унча-мунча кишининг фаҳми етмайди.
Алишер Навоий билан Биноий бир куни кўчада кетишаётган экан, йўлдаги боғдан ғазал эшитилиб қолибди. Ғазал Биноийники экан. У ғазал ўзига қарашли эканлигини билдирмоқчи бўлиб, Алишер Навоийга:
– Боққа кирайлик, жуда яхши ғазал ўқишяпти, – дебди.
Алишер Навоий «Боққа кириб, ғазал тингласак-тинглабмиз-да», деб рози бўлибди. Икковлашиб боққа киришибди. Ғазалхон ғазални ўқиб бўлгач, Биноий мақтаниб:
– Ҳой, иним, шеърни бинойидек битибсан, ўқишинг ҳам бинойидек, раҳмат, офаринлар бўлсин сенга! – дебди.
Бу сўзни эшитган Алишер Навоий:
– Аммо лекин бу дўстимиз шеърнинг навосини жойига қўёлмабди, озгина фаҳму фаросатни ишга солиб, пешона тери тўкканларида ғазалнинг навоси жойига келармиди… – дебди.
Бу лутфдан Биноий хижолат чекиб, ерга қараб қолибди.
Бу воқеалар аслида бўлганми-йўқми, номаълум, эҳтимол икки ижодкор орасидаги рақобат шу каби нақлу латифаларга сабаб бўлгандир. Аммо ўз даврининг муҳим қомуси саналган «Бобурнома»да кўплаб шахслар қатори Камолиддин Биноий ҳақида ҳам аниқ тарихий далиллар келтирилади. Асар табдилида қуйидагиларни ўқиймиз:
«Шайбоқхон Самарқандни олганда, Мулло Биноийни мулозим қилиб эди. Шайбоқхон билан бирга эди. Самарқанд фатҳидан бир неча кун ўтиб у Самарқандга келди. Қосимбек ундан гумонсираб, унга Шаҳрисабз сари «рухсат» берди. Бир неча кундан сўнг, фазилатли киши бўлгани ва ҳеч қандай гуноҳ содир қилмагани учун уни Самарқандга келтирдик. Доим қасида ва ғазал манзур қилар эди. Навода бир куйни менга атаб манзур этди. Ўша пайтда бир рубоий ҳам айтиб манзур қилди.
Мазмуни:
Еб-ичгани менда на нон, ғаллам бордир,
Пулсизликдан на кийим, на саллам бордир.
Еб-ичгани ва кийгани нарсам йўғ-у,
Қандай дейман: илҳом тўла каллам бордир?
У фурсатларда битта-иккита байт айтар эдим. Лекин бутун ғазал ёзмаган эдим. Биргина туркий рубоий айтиб юбордим:
Ишлар бори кўнглунгдагидек бўлғусидур,
Инъому вазифа бори буйрулғусидур.
Ул ғаллау муҳмалки деб эрдинг, бердим,
Муҳмалга бўю ғалладин уй тўлғусидур.
Мулло Биноий бу рубоийнинг биринчи мисрасининг қофиясини радиф қилиб, бошқа қофия билан бир рубоий ёзиб манзур этди:
Мирзомки, шоҳи баҳру бар бўлғусидур,
Оламда ҳунар бирла сар бўлғусидур.
Бир муҳмал учун мунча иноят бўлди,
Мустаъмал агар десам, иелар бўлғусидур».
Асарнинг кейинги саҳифаларида Биноийнинг ижодий салоҳиятига баҳо бериларкан, Алишер Навоий билан муносабатлари ҳам қайд этиб ўтилади:
«Яна, Биноий эди. Ҳиротликдир. Отаси Устод Муҳаммад Сабз (бинокор) банно бўлгани учун шундай тахаллус олган. Ғазалларида ранг ва кайфият бордир. Девон тартиб берган. Достонлари ҳам бор. Мевалар ҳақида бир достони бор, мутақориб баҳрида, самарасиз бир нарса ёзган, бекор қилган. Яна бир қисқа достони бор, хафиф баҳрида. Бу маснавийни кейинроқ тугатганди. Бурунлари мусиқадан бехабар бўлган экан. Бу жиҳатдан Алишербек унга таъна қилар экан. Бир йили Султон Ҳусайн мирзо Марвга қишлаш учун борганида Алишербек ҳам бирга кетади. Биноий Ҳиротда қолади. Ўша қиш мусиқани машқ қилади. Ёзгача шунчалик ҳаракат қиладики, оҳанглар ҳам ихтиро этади. Ёзда Султон Ҳусайн мирзо Ҳиротга келганида унга ўзи ижод қилган куй ва нақшини ижро этади. Алишербек таажжубланиб, таҳсинлар қилади. Биноий мусиқада яхши ишлар ижод қилган. Жумладан, унинг «Нуҳранг» деб аталган бир нақши бор. Бу тўққиз рангнинг якуни ва нақшнинг яли-ялиси «Рост» оҳангидадир.
Биноийнинг Алишербек билан сози келмас экан. Шу сабабдан хийла жафолар тортди. Охири тура олмай Ироқ ва Озарбайжонга – Яъқуббек қошига борди. Яъқуббек қошида ҳаёти ёмон эмас эди. Мажлисларида улфат эди. Яъқуббек ўлганидан сўнг у вилоятларда тура олмай, Ҳиротга келди. Ҳануз Алишербекка нисбатан қалтис ҳазил ва келишмаслик ҳолатлари бўларди. У жумладан бири буки, бир кун шатранж мажлисида Алишербек оёғини узатади. Биноийнинг орқасига тегади. Алишербек мутойиба билан: «Ҳиротда ажойиб бир бало бордирки, оёғингни узатсанг шоирнинг кетига тегади», дейди. Биноий: «Агар йиғсанг ҳам шоирнинг орқасига тегади», деб жавоб қайтаради. Охири бу зарофатлар туфайли яна Ҳиротдан Самарқандга жўнади.
Алишербек кўп ва яхши нарсалар ихтиро қилган эди. Мабодо бирор киши қайсидир ишда бир янгилик яратса, у нарсанинг ривожи ва равнақи учун уни «Алишерий» деб атардилар. Баъзилар ҳазил билан Алишербекка нисбат берар эди. Чунончи, Алишербек қулоқ оғриғида рўмол боғлагани учун хотинлар кўк рўмолни қийшайтириб «нози Алишерий» деб атадилар. Биноий ҳам Ҳиротдан жўнаш вақтида эшаги учун тўқим тикувчига ҳеч кимда мутлақо учрамаган ўзгача бир тўқим буюртиради ва отини «Алишерий» деб атайди. У «полони Алишерий» (Алишерий тўқими) номи билан машҳур бўлди».
Кўриниб турибдики, икки шоир орасидаги муносабат анча жиддий ва қалтис кечган. Аммо Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» асарида Биноийнинг бағоят қобилияти борлиги, хатга ишқ пайдо қилгани, мусиқага майл кўргазганини эътироф этган.
Нима бўлганда ҳам Биноийнинг ҳаёти зиддиятларга тўла ҳолда кечган. У Шоҳруҳ Мирзо вафотидан кейин мамлакатда кучайиб кетган тожу тахт учун кураш ва ўзаро урушлар шароитида улғайган. 1458 йилда Қора қуюнлилар сулоласидан бўлган Жаҳоншоҳ Хуросонга бостириб кириб, Ҳиротни эгаллаб олади. Кўп вақт ўтмай темурийзода Султон Абу Саид қўшинларининг тазйиқи остида мамлакатни ташлаб чиқишга мажбур бўлади. Ўша вақтда Жаҳоншоҳ ўзи билан бирга шаҳардан 100 нафар ҳунарманд оиласини олиб кетади. Булар орасида меъмор Муҳаммад Сабз ва унинг оиласи ҳам бор эди. Биноийнинг оиласи қарийб уч йил Шерозда истиқомат қилиб, 1461 йилда яна Ҳиротга қайтиб келади.
1487 йилгача Ҳиротда адабиёт, шеър илми, иншо, мусиқа ва тарих фанларини ўрганади. Бундан ташқари, у меъморчилик санъатида ҳам замонасининг пешқадамларидан ҳисобланган. Муҳаммад Сабз ва унинг ўғли иштирокида қурилган бинолар Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида жуда кўп бўлган.
Камолиддин Биноий 1487 йилда Табризга кетиб, тўрт йилдан сўнг Ҳиротга қайтган. Сўнг Самарқандга келган. Бу ерда 2 қисмдан иборат «Беҳруз ва Баҳром» маснавийсини ёзиб тугатган. Самарқанд ҳокими Султон Али Мирзога бағишлаб «Мажмаъ ул-ғаройиб» қасидасини ёзган.
Биноий дастлаб Хожа Убайдулла Аҳрорнинг тўнғич ўғли Хожа Қутбиддин Яҳё, сўнг Бобур, 1501 йилдан то умрининг охиригача Шайбонийхон ҳузурида сарой шоири ва тарихчиси бўлиб хизмат қилади. 1507 йили Биноий Шайбонийхон билан бирга Ҳиротга келади ва 1510 йилгача она шаҳрида истиқомат қилади. 1511 йили шаҳарга Исмоил Сафавий қўшинлари яқинлашиши билан, у яна Мовароуннаҳрга кетади. Шайбонийхон вафотидан сўнг Камолиддин Биноий ҳозирги Қаршига келган ва шаҳарни мудофаа қилиш ишларида қатнашган. Сафавийлар уюштирган оммавий қирғинда ҳалок бўлган.
Зайниддин Восифийнинг «Бадоеъ ул-вақоеъ» асарида Биноий Қаршини олиш пайтидаги воқеаларда шаҳид бўлгани ёзилган, лекин унинг жасади қаерга дафн этилгани кўрсатилмаган. Асрлар ўтиб кетгани ва манбаларда аниқ манзил қайд этилмагани сабабли, шоирнинг қабри бизнинг давримизгача етиб келмаган ёки номаълумлигича қолган.
БЕКЗОД тайёрлади.

