Сараланган сатрлар
Жадид маърифатпарварлари ўтган аср бошларида Ватанни озод, миллатни саводхон, юртни тараққий этган ҳолда кўришни истаб, бу йўлда жидду жаҳд кўрсатган эдилар. Бу даврда дунёнинг кўплаб давлатлари ривожланиш борасида анча илгарилаб кетган, юртда эса қолоқлик, маҳдудлик, қарамлик, қуллик ҳукмрон эди. Жадидлар айни ўша ривожланишни ўз кўзлари билан кўрдилар, дунё кезиб, қарашлари ўзгарди, бойиди ва юртда ҳам ўзгаришлар бўлишини исташди. Аммо уларнинг бу истаклари хонлару амирлар, рус мустамлакачиларига ёқмади ва миллат ойдинларини жисман маҳв этишди…
Ана шундай маърифатпарварлардан бири Абдурауф Фитрат эди. У 1909 йилда ёзилган “Мунозара” асарида Бухоро амирлиги ислоҳотларга муҳтож экани ҳақида ёзган, 1912 йилда Истанбулда нашр этилган “Ҳинд сайёҳининг қиссаси” асарида кўплаб эҳтирозларини баён этганди.
Асар Бухорога келган ҳиндистонлик мусулмон сайёҳ тилидан ҳикоя қилинади. Аслида ҳинд сайёҳи – ёзувчининг ўзи. Академик Бахтиёр Назаров бу ҳақда шундай ёзади: “Фитратнинг асар қурилмаси борасидаги маҳоратига, фикрни баён этиш услубига тан бермасдан илож йўқ. “Ҳинд сайёҳи” ёзилган пайтда Россияда Столипин ислоҳоти авжга чиққан, биринчи рус инқилобининг “аччиқ сабоқлари” ҳукмрон синфни ларзага солган, ана шулар таъсирида эса Россияга қарам бўлган Бухорода маърифатпарвар жадидлар ҳаракати анча кучайган эди. Шунингдек, бу даврда Туркия ва Эрондаги маърифий-инқилобий ҳаракатлар жонланган, Афғонистонда мустабид амир Ҳабибуллохон зульмига қарши Омонуллохон, Маҳмуд Тарзийлар ҳаракати юзага келган эди. Фитрат Яқин Шарқдаги ҳаётбахш ўзгариш ва янгиланишлардан қаттиқ таъсирлангани асарда яққол сезилиб туради”.
Маълумки, ўтган аср бошларида Қашқадарё ҳудуди Бухоро амирлиги таркибида эди. “Ҳинд сайёҳининг қиссаси”да воҳа шаҳарларига оид танқидий фикрларни ҳам учратамиз. Жумладан, китобда ерлардан унумли фойдаланиш ҳақида сўз юритилиб, агар шу Шаҳрисабз ерлари Ёпон элида бўлганида эди, зар экиб, зар ундирар эдилар”, дейилади.
Умуман, китоб илғор фикрли зиёлининг теран қарашлари акс этгани билан аҳамиятлидир.
* * *
Пайғамбар ҳазратлари “қабристонни зиёрат этингиз, чунки бу сизларга охиратни эслатади”, деб уқтирганлар. Албатта, мозорларни зиёрат этиш, агар ўликлар ва қиёматни эслаш учун бўлса, яхши ишдир. Лекин, масала шундаки, бу зиёратни бутпарастлик даражасига етказиш керак эмас. Инсоф қилинг: ҳазрат мозорида намоз ўқийсиз, бу мозор туғининг чўпига сажда этасиз, ҳожатларингизни чиқаришни Баҳовуддиндан тилайсиз. Бугун Бухорода ҳеч ким йўқки, “ё Аллоҳ” ўрнига “ё Баҳовуддин” демаса. Буларнинг ҳеч бири шариатга мос эмас. …Биз Баҳовуддин ҳазратларини яхши кўрамиз, эҳтиром этамиз, зиёратларига келамиз, лекин бу муҳаббатимиз, эҳтиромимиз, зиёратимиз бизни шариат қонуниятидан чиқариб, баҳовуддинпарастликка олиб келиши мумкин эмас.
* * *
Оламга тўрт юз олимни ҳадя этган Бухорои шариф шунчалик мустаҳкам илмий кучга эга бўлиб, энди… оҳ! Буюк бадбахтлик билан иқрор бўламанки, ҳозир бу маданият қуёшининг осмони, бу инсоният оламининг жаннати, бу фозиллар дунёсининг маъмур хонадони, бу маърифат жаҳонининг дарсхонаси тараққиёт учун барча воситаларга эга бўлса ҳам, жаҳолатнинг асл макони, хорлик занжирининг асирилигича қоляпти. Тирикчилик учун барча зарур воситалари бўлишига қарамасдан, ёқасини ажал панжасига топширган.
Во ажаб, нега?
Шунинг учунки, юқоридаги барча хайр жойлар, ҳисобсиз маблағлар халқ мулкини таловчи бир тўда разолатпеша худобехабарларнинг разолат уйига айланиб, икки-учта ўз қорнини ўйлайдиган инсофсиз кимсаларнинг фасод тўла қозонини қайнатишдан бошқа нарсага ярамаса, бировнинг оғирини енгил қилмаса, улардан халққа нима наф?
* * *
Уч юзга яқин ибтидоий мактабга эгамиз, лекин буларнинг бари бесавод муаллимларнинг разолатхонасига айланган. Оҳ, ё раббий! Қандай ажиб тилсимдир бу мулкнинг аҳволи! Бугун дунёдаги бой мулкдорлар ўғрилик, бадахлоқлик, разолат, бечораликни йўқ қилиш учун мактаблар очадилар ва агар шаҳарларида бир мактаб очилгудек бўлса, дўппиларини осмонга отадилар. Бизда эса уч юздан ортиқ ибтидоий мактаб бўла туриб, болаларимиз ўғрилик, бадахлоқлик, разолат ва бечораликка маҳкумдирлар.
* * *
Илоҳий қонун будир: модомики бирон бир қавм ўзининг ишларини Аллоҳ фармойиши асосида олиб бормас экан, ўзининг шахсий ҳаётини шараф, саодат ва фароғат, буюклик билан ҳамқадам билиб ўтказмас экан, тинчлик ва осойишталик ниятларини йўққа чиқаришга интилиб, кибр ва ғурур водийсига қадам қўяр экан, чин ҳақ ва адолат йўлидан чиқар экан, ўша заҳотиёқ шон-шарафлари ер билан яксон бўлиб, осойишталиклари заҳматга, буюкликлари эса хорликка айланиши муқаррардир!.. Ва қачонки бу адашувчилар фалокат ва ожизлик юкидан “дод” деб, ғафлат уйқусидан уйғониб ўзларининг саодатларини барқарор этиш йўлида саъй-ҳаракат этсалар, ҳазрат бори таоло уларнинг қайтадан дардларига даво ато этиб, қўлдан кетган неъматларини қайтариб беради.
* * *
Сабот ва чидамдан бошқа нарсаси бўлмаган миллатнинг ҳамма нарсаси бўлиши мумкин ва сабот-матонатдан бошқа ҳамма нарсаси бўлган миллат ҳеч нарсасиз қолиши мумкин. Бир одамнинг саботи буюк бир миллатни ислоҳ этишга қодир. Ислоҳ этувчилар тоифаси учун саботдан бўлак асл қурол йўқ. Саботсизлик заҳри қотилдирки, ҳар бир миллатнинг танглайига тушса, димоғидан тутун бўлиб чиқади…
* * *
Дарҳақиқат, овруполиклар ўзларининг юксалиш асосларини ислом аҳлидан олганликларини кўрамиз. Бугун эса, ё раббий, қўлдан кетган маданиятимизни тиклашга ҳаракат қилган заҳотимиз уламоларимиз “кофир бўлдинг” деб, бизни йўқ қилиш пайига тушадилар.
* * *
Тараққий этган давлатларда аскарлик муддати уч-тўрт йил, бироқ бу Бухоро сарбозлари учун муқаддас хизмат бўлмасдан, жиноятнинг жазосидир. Бухоро сарбозлари ўз кунларини эътиборсизлик, манфурлик ва бечораҳоллик билан ўтказадилар. Уларнинг сарбозлик муддати бир умрликдир. Ўғри ва қотилларни бу шаҳарда қамоқ, сургун ва қатл этиш ўрнига сарбозликка жўнатиб, бир умр ойига йигирма танга маош бериб ушлаб турадилар.
* * *
Бухоро дўхтурлар хизматига жуда муҳтож. Биринчидан, шаҳардан ташқари жойларда дўхтур йўқ. Қарши, Шаҳрисабз, Ҳисор, Кўлоб каби туманларда ҳатто дўхтур номини эшитмаган одамлар бор. Қайси томонга борманг, ромчи, аласчи хотин, дори сотувчи аттордан бошқа кишини кўра олмайсиз.
* * *
Сиз Оврўпо кўча ва шаҳарларининг покизалигини мақтаб, мусулмон шаҳарлари ва йўлларидаги тартибсизликдан нолидингиз. Қаранг, пайғамбаримиз шаҳар ва кўчаларнинг покизалиги ҳақида нималар деганлар: “Масжидларингизни содда, безагу жимжимасиз бино этинглар, шаҳарларингни эса шарафли ва зийнатли қилиб қуринглар… Кўчаларни покиза ва тароватли тутингиз… Худованд покдир, покизаликни яхши кўради, зариф ва каримдир, кечиришни хуш кўради, саховатлидир, сахийликни писанд этади. Шунинг учун уйингиз атрофини покиза тутингиз…”
* * *
Оврўполиклар бизлардан келгуси авлодга бир ёдгорлик қолсин деб, ҳар куни бир хайр биносини бунёд этадилар, биз мусулмонлар эса, “келгуси авлодга биздан ёдгорлик қолсин, улар бизнинг номимизни унутишмасин”, деган фикрни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Яна энг ажиб томони шундаки, ота-боболаримиз ва буюкларимиздан қолган ёдгорликларни бузамиз, харобага айлантирамиз.
* * *
Эрталаб қозидан рухсат сўраб, аравага ўтириб, йўлга тушдим ва Шаҳрисабз шаҳрига етиб келдим.
Бу шаҳар Бухоронинг йирик вилоятларидан биридир. Дарвоқе, номига ҳам муносиб – кўм-кўк. Кенг ва фаровон далаларга эга. Айниқса, гуручни кўп етиштиришади. Енгил саноатидан Китобнинг алочаси ва ироқидўзлиги жуда машҳурдир… Фақат шуни таассуф билан айтиш мумкинки, бу ҳунармандлик ҳали ҳам эски усулда давом этмоқда ва шунинг учун ҳам бугунги кунда таназзулга юз тутмоқда.
* * *
Ислом мамлакатлари нега вайрона ва харобазор бўлиб қолиши керак? Масалан, Қарши ва Китобнинг бирон бир алоча тўқувчиси Фарангистонда яшаса, бошдан-оёқ зар-зеварларга ботар эди. Бу бечораларнинг эса, ейишга нони йўқ. Агар шу Шаҳрисабз ерлари Ёпон элида бўлганида эди, зар экиб, зар ундирардилар. Бу ерлар нега шўразорга айланган?
* * *
Тафаккури юксак бўлмаган кишилар қўйларга ўхшайдилар, ҳар хусусида чўпонга тобедирлар ва ўз буюкларининг пайравидирлар. Мен шунга ҳам иқрор бўлиб айтаманки, биз буюклар ҳам умримизнинг ақалли бир дақиқасини халқимиз осойишталиги ва саодати йўлида сарф этганимизча йўқ. Халқнинг тинчлиги, мамлакатнинг ободлиги каби масалалар биронтамизнинг хаёлимизга келган эмас. Ҳар бир ҳоким ўзини уч томоннинг вакиллари танишини истайди: биринчи – мамлакат, иккинчи – раият, учинчи – подшоҳ. Чунки, ҳокимият Ватан ва миллат вужуди билан боғлиқдир. Агар миллат маҳв этилиб, Ватан хароб бўлса, на биз ҳоким бўламиз, на подшоҳ.
* * *
Тангри таъоло яна таъкидлайди: “Еру осмонда ҳар нима бўлса, сизларнинг буйруқларингизни бажарувчи этиб тайинладик”. Инсоф билан айтинг-чи, ана шу еру осмондаги махлуқлардан қайси бирини биз ўзимизга тобе этдик? Агар сиз Оврупо мактабларида ўқиганингизда ва овруполиклар телеграф, телефон, темир йўли, ҳаво кемаларини қайси йўл билан ва қандай яратганликларини билсангиз эди, Қуръоннинг ана шу бир оятидан биз мусулмонлар қанчалик неъматларни оёқ ости қилганлигимизни тушуниб етар эдингиз.
Яна бошқа ўринда таъкидлайди: “Инсон нимагаки эришса, ҳаракатининг натижасидан топади. Агар интилмаса, ҳеч нарсага эриша олмайди”. Албатта, сизнинг ақл ва билимингиз туфайли махлуқларнинг энг олийси этиб, барча махлуқларни сизга тобе қилиб яратган экан, демак, сиз ўз билим ва иқтидорингизни ишга солишингиз керак. Агар интилмасангиз, унда Худодан нима гина? Ҳокимдан нима шикоят?
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

