Сараланган сатрлар
Ёшлар қандай асарлар ёзяпти? Уларни қизиқтираётган, ўйлантираётган мавзулар қайси? Ёзилаётган асарлар китобхон эътиборини жалб эта оляптими?
Аслида ёш адиблар деганимиз ҳам ўттиздан ошган, қирқнинг остонасида турган ижодкорлардир. Эҳтимол адабий ёш чегараси ўзгаргандир?! Ҳар ҳолда Достоевский биринчи романи “Камбағаллар”ни ёзганида 24-25 ёшларда, Эрих Мария Ремарк “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” романи чиққанида 30 ёшда, Михаил Булгаков илк романларини ёзганда, ҳали ўттиздан ўтмаган эди. Ўзимиздан олсак, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Пиримқул Қодиров илк романларини эълон қилганида, улар ҳам ҳали ўттизга тўлмаганди. Хайриддин Султон “Ёзнинг ёлғиз ёдгори” қиссаси чиққанида 26-27 ёшда, Назар Эшонқул “Уруш одамлари”ни эълон қилганида 26 ёшда эди.
Тўғри, навқирон пайти катта асар битиш адиб салоҳияти ва истеъдодидан дарак. Энг муҳим жиҳат эса асарнинг яшаб қолишида. Ҳарнечук, ўзбек ёшлар адабиётида эътироф этишга арзирли асарлар бор. Бир муддат илгари “Янги аср авлоди” нашриёти “Акс” лойиҳасида эълон қилган туркум асарларни ана шу рўйхатга қўшса бўлади. Улар орасида Рахшона Аҳмедованинг “Тонготар” романи услуби ва мавзу жиҳатидан диққатга сазовор.
“Орзу ва денгиз”, “Соябон остида”, “Тушунарсиз севги изҳори”, “Севгим менинг, севгилим менинг” китоблари муаллифи, корейс адиби Шин Кёнг Сукнинг “Онамни асра” асарини ўзбек тилига таржима қилган адибанинг “Тонготар” романини ўқиб кўринг: ўзбек аёллари сиймосига ўзига хос назар Сизни бефарқ қолдирмайди.
* * *
Ёмон кунимга деб йиғилган нарса яхши кунга насиб этармиди?
* * *
Инсон ўзи ғалати махлуқот-да, йиғиб-теришга мойил. Бутун умри йиғиниб ўтиб кетади, ўзини қийнайди, холос. Худо истамаса, оғзингдаги ошни ҳатто ютолмас экансан-у… яна ўзингни ҳокими мутлақ санайсан.
* * *
Ҳокимият бу трамвай йўли каби, на четга чиқа оласан, на янги йўл оча оласан, чизиб берган йўлдан юришинг керак.
* * *
Аёли йўқ уй ичидан, эркаги йўқ уй ташидан нурайди.
* * *
Дунё бир ўйингоҳ, ҳар ким билганича ўйнайди.
* * *
Одам қаерда бўлмасин, ким бўлмасин, ўзлигини йўқотмасин экан. Кимлигингни унутдингми, ким эканинг ёдингдан чиқдими, тамом, энди қаддингни тик тутиб турадиган нарса қолмайди. Ҳар нимага рози бўласан киши, ҳатто тубан кетасан…
* * *
Бойлик зиқнанинг, қурол қўрқоқнинг, раҳбарлик номарднинг қўлига ўтмасин экан.
* * *
“Пахтага чиқмайман, дедим, пиллага бормайман, дедим. Уйма-уй ялинмайман, маҳаллама-маҳалла имзо йиғмайман, деб ёзиб бердим. Аввали ўқитувчи деган номни кўтаринглар. Билсанг, муаллим ҳокимингдан ҳам юқори туради, шунга қараб, муомала қил, дедим. Чунки сен бола-фақирларни ҳам шу ўқитувчилар одам қилган, муаллим ўқитган, дедим”.
* * *
Худонинг берганига, Худо тақдир қилганига кўнмадими, одамлар муносиб кўргани билан яшашга мажбур.
* * *
Инсонни муҳит тарбиялайди. Бошқа йўли йўқ. Улғая борган сари атрофидагилар таъсири сезилади. Бариёқ ўзгаради, энди оламга ўзгалар нигоҳи билан қарай бошлайди. Энди унинг беғубор дунёсига гард юқиб бўлган. Унинг жажжи осмони энди ўлаксахўрларга тўла. Унинг болалик ўйларини еб кун кўрадиган бу қушлар, балки, ундан аллақачон яхшиликка лиммо-лим қалбини тортиб олиб бўлгандир…
* * *
Юрагингни тобора чирмаб бораётган кибр томирлари вақтида кесиб турилмаса, ваҳшат гули ғунчалай бошлайди.
* * *
Ҳар қандай азобнинг ҳам охири бор. Бу дунёда якунсиз нарса йўқ.
* * *
Тангри таоло ҳеч бир бандасига зулм қилмас, аслида, инсон ўзига зулм қилар, бир-бирига ёмонлик тилар. Зулмга қарши зулм билан курашмоқ истагида бўлар, сабаб қидирар. Унутмаки, ёмонлик таг-томири билан йўқ бўлмас. Ҳар қанча курашганинг сари ёмонлик ортаверар, камаймас.
* * *
Аёл табиатан ожиз мавжудот, ҳисларига асир, туйғуларига банди, бир умр юраги уришини тинглаб ўтади. Пешонасига шу қисмат битилган. Қаердадир кичкина бир умид учқуни кўринса, шунга овуниб умрини ўтказади.
* * *
Бугун нимаики қилаётган бўлсанг, яхшиликми, ёмонликми, ўзинг учун қиляпсан. Эртанги кунинг учун қаср қуряпсан ёхуд гўр қазияпсан.
* * *
Аёл Тангрининг омонати эканини унутиб қўйганлар эртага Худонинг олдида қандай жавоб берадилар?
* * *
Банда дегани асли банди деганимикан? Инсон аъмолига назар солинса, ўз эҳтиёжларига қарам қилиб яратилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Озодман дегани ҳам, вужуд эҳтиёжлари олдида ожиз. Яратган, балки, бандаларининг қуллигини ёдидан чиқармаслиги учун ҳам шундай қилиб қўйгандир. Исён этмасликлари учун шу тариқа банди этгандир.
“Йўқ”. Инкор этади дарров. “Бир пайтлар эрким ўзимда эди. Орзуларим бор эди, бироқ… кичкина орзулар эди…”
Орзулар инсонни алдайди. Орзуларга алданиб инсон умри ўтганини билмай қолади. Агар орзу қилмаганида, инсонга орзу қилиш имконияти берилмаганида, эҳтимол, бу қадар узоқ яшамасди.
* * *
Инсон зоти ҳамиша кўмакка муҳтож, ҳеч бўлмаганда атрофдагилардан, яқинларидан кўмак истайди. Руҳан қўллаб-қувватлашларини хоҳлайди. Инсон танасида кунига янгиланиб турадиган ҳар битта ҳужайрада инсонга эҳтиёж бор. Инсон инсонга керак. Ҳеч кимсиз дунёда яшаб бўлмайди. Яшамоқ сўзи асли биргаликдан келиб чиққан, эҳтимол.
* * *
Ёлғизликда нажот йўқ, ёлғизликда азоб бор, холос.
* * *
Ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Томчилаётган жўмрак остида турган пақирча охири тўлгани каби аёл онгида ҳар битта руҳий зўриқиш томчи каби йиғилиб боради. Сўнг қайси бир кун у ҳам пақирчадаги сув каби тошади.
* * *
Қалбни бир идиш дейдилар, унга зилол сув солмоқчи бўлсанг, аввал ичидаги ҳар хил чўкинди-ю қуйқалардан кечмоқ, тозаламоқ керак.
* * *
Бу ҳаётда неки бор, бари овунчоқ, сенинг кўниб-кўникиб яшашинг учун яратилган.
Ҳаттоки, вақт ҳам инсониятга хизмат қилиши учун ўйлаб топилган. Бироқ вақт инсон табиатига терс, истаганингда секин, истамаганингда тез, тикилиб ўтирсанг, ўтмаётгандек, баҳс бойласанг югураётгандек.
* * *
Инсон ўзи билан муроса қилмас экан, атрофдагилар билан чиқи-шолмаслиги аниқ.
* * *
Аёлга нима керак? У яхши еб-ичмаса ҳам яшайверади. У чиройли кийимлар киймаса ҳам бахтиёр бўлиши мумкин. Лекин бу дунёда меҳр кўрмаса, муҳаббат кўрмаса, яшаб қолиши даргумон. Аёл муҳаббатдан куч олади, гул каби меҳрдан яшнайди. Эса дарахт каби қурийди.
* * *
Дунёдаги энг катта бахт тақдирингдан рози бўлиш эканини тушундим.
* * *
Ҳар қандай айбни, ҳар қандай гуноҳни оқлаш мумкин, кечириш учун минг битта асос топса бўлади. Биз жазоловчи эмасмиз. Жазолашни Яратганга қолдирсак-чи… Ахир дунёни издан чиқарган, урушларга олиб борган нарса банданинг Худо бўлишга уриниши эмасми? Биз банда эканимизни унутиб қўйганимиз сабаб эмасми? Тангрига қолдирайлик, истаса, ўзи жазо бергай, ўзи жазолагай.
Биттагина хато сабаб Одам Ато билан Момо Ҳаввони қувган бўлса ҳам, Тангри одамизоддан жаннатни олиб қўймади-ку. Жаннат эшикларини батамом ёпмади. Ҳатто ўзи яратган махлуқот эдик, Ўзи йўқ қилиб юбориши мумкин эди. Имкон берди-ку! Аслида, Аллоҳ бандалари хатосини англасин, хато қилмасликни ўргансин учун ерга юбормаганмиди?
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

