16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Борида сотишди, энди сотиб олишларига тўғри келади

Аляска (АҚШ) газ инқирози ёқасида турибди, унинг энг йирик шаҳри Анкориж эса яқин йилларда электр энергиясисиз қолиши мумкин, деб ёзади The New York Times нашри. 

Манбанинг қайд этишича, авваллари штатда газ шунчалик кўп бўлганки, ундан нафақат уйларни иситиш ва электр энергияси ишлаб чиқаришда фойдаланилган, балки ёқилғи танкерлар билан хорижга жўнатилган. Аммо ҳозир бурғилаш компанияларининг аксарияти кетди, Кука қўлтиғида эса газ шиддат билан камайиб бораяпти.

«Расмийлар яқин бир неча йил ичида штатнинг энг йирик шаҳри Анкорижни тўлиқ ёритишда давом этиш учун ёқилғи етишмаслиги мумкинлигини тахмин қилмоқда», дейилади мақолада.

Нашрнинг маълум қилишича, нефть ва газ асосига қурилган Аляска иқтисодиёти ҳозир «газ инқирози ёқасида». Захираларнинг тугаши муаммоси 15 йилдан кўпроқ вақтдан буён маълум, бироқ ҳукуматда бу вазиятни ҳал қилиш бўйича ҳеч қандай ечим режаси йўқ. Маҳаллий коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари улар тахминан 2028 йилга келиб хориждан газ сотиб олишни бошлашига тўғри келишини истисно қилмаяпти. Бу, ўз ўрнида, электр энергияси ва иссиқлик таъминоти учун харажатлар 10-40 фоизга ўсишига олиб келади.