Варданзи – Бухородаги қадимий қишлоқ, Варганза – Китобдаги шаҳарча мақоми берилган ҳудуд эканини яхши биласиз. Икки ҳудуд номидаги ўхшашлик нимани англатади?
«Ўзбекистон жой номларининг изоҳли луғати»га кўра, форсча «вар» сўзи аҳоли яшайдиган ва чорва молларини сақлаш учун чор атрофи девор билан ўралган қадимги истеҳкомни англатади. Шунга биноан, Варданзи – подшоҳларнинг махсус қароргоҳи, қўрғони демакдир.
Мамлакатимизда бундан 3 минг йил аввал бино қилинган катта шаҳар ҳамда турар жой қолдиқлари «вар» сўзи билан алоқадор бўлиб, Далварзин, Варахша, Вардани, Варағзон каби номлар ҳам шу асосда изоҳланади.
Варганза эса дастлаб водий, сойлик номи сифатида шаклланган. Рудакий асарларида «варғ» – тўғон, банд маъносида қўлланган. Х-XIX аср тожик тили манбаларида варғ – банд, тўсиб тўпланган сув ҳавзаси маъноларида қайд этилган.
Янги суғд тили сифатида қайд этилган яғноб тилида эса варғ – даланинг юқори томони, зой – жой, майдон, экинзор деганидир.
Умумий маънода Варганза – сув банди ёнидаги жой, дея изоҳланади.

