16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

“Вафот этган” қария пенсия сўраяпти

Ҳиндистонда бир неча йил аввал маҳаллий ҳокимият томонидан хатолик туфайли «вафот этган» деб қайд этилган 101 ёшли Надар Сингх мустақиллик учун кураш иштирокчиларига тўланадиган пенсияни расмийлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда NDTV манбаси хабар берган.

Қария Хижраван-Калан қишлоғида яшайди, ўзининг айтишича, у Ҳиндистон миллий армияси сафида хизмат қилган. Бироқ унинг шахсини ва хизматларини тасдиқловчи ҳужжатлари ёнғинда йўқ бўлиб кетган.

Оила аъзоларининг сўзларига кўра, шу сабабли Надар Сингх кўп йиллар давомида қонуний равишда қўлига тегиши керак бўлган пенсияни расмийлаштира олмаган. Тахминан уч йил аввал вазият янада мураккаблашган: маҳаллий маъмурият уни расман вафот этганлар рўйхатига киритган. Кейинчалик бу хатолик тузатилган бўлса-да, пенсия тўловлари билан боғлиқ муаммолар бартараф этилмаган.

Бундан ташқари, мустақиллик муносабати билан қишлоқда ўрнатилган хотира ёдгорлигида унинг исми ёнига «вафот этган» деган изоҳ ҳам туширилган. Оила шикоят қилганидан сўнг эса ушбу ёзув олиб ташланган.