Ҳиндистон полицияси ветеринария препаратини кичик идишларга қайта жойлаб, болалар учун дори воситаси сифатида қиммат нархларда сотган дорихона эгасини ҳибсга олди. Бу ҳақда NDTV манбаси маълум қилган.
Полиция маълумотига кўра, 51 ёшли Иброҳим Мулла ҳайвонлар учун мўлжалланган Himalaya Liv.52 Protec номли катта идишлардаги озуқавий қўшимчани қўлбола усулда 60 ва 100 миллилитрли кичик шишаларга қадоқлаган. Унга сохта ёрлиқлар ёпиштириб, маҳсулотни болалар учун мўлжалланган Himalaya Liv.52 Drops дориси сифатида кўрсатган ва уларни ҳайвонлар учун ишлаб чиқарилган препаратнинг асл нархидан икки баравар қимматроқ сотган.
Маълум қилинишича, «уддабурон»га нисбатан заҳарли моддалар ёрдамида зарар етказиш, инсон ҳаётига хавф туғдирувчи эҳтиётсиз ҳаракатлар содир этиш, қалбакилаштириш ва бир дорини бошқа восита сифатида сотиш каби айбловлар асосида жиноий иш қўзғатилган.
Полиция ушбу препаратларни сотиб олган ва уни истеъмол қилгандан кейин ўзини ёмон ҳис қилган барча фуқароларни зудлик билан шифокорга мурожаат қилишга ҳамда полиция билан боғланишга чақирган. Шунингдек, фуқароларга дори воситаларининг ҳақиқийлиги ва сифатини даволовчи шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда текшириш, препаратларни эса фақат унинг кўрсатмасига мувофиқ қабул қилишни тавсия этган.

