16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маданият

ВОҲАНИНГ МАШҲУР БАХШИЛАРИ

Қашқадарё – буюк ижодкорлар, истеъдодли шоиру адиблар баробарида овози қалбларни ларзага солувчи бахшилар юрти ҳамдир. Воҳа бахшиларининг довруғи чегара билмайди, дунё саҳналарида янграган дўмбира садолари минг йиллар силсиласидан бизгача етиб келаётган бебаҳо санъатга нисбатан минглаб, миллионлаб кишилар юрагида ҳурмат-эҳтиром туйғуларини юксалтириб келаётир.

Бинобарин, бетакрор санъат ривожига ҳисса қўшган моҳир бахшиларни ёдга олишни ният қилдик.

Қашқадарёга оид

Азим шоир

Азим шоир 1929 йилда Чиялининг Тўқмор қишлоғида туғилган. У «Алпомиш», «Гўрўғли», «Аҳмадхон ва Юсуфхон» каби жуда кўп достонларни куйлаган, терма тўқишда ниҳоятда ҳозиржавоб бахши бўлганлиги кўпчилик томонидан тан олинган. Азим шоир термаларининг мавзуси ранг-баранг. Азим шоир юрт кезиб халқ сайилларида, тўй-маъракаларида, чойхоналарда достонлар айтган, ҳозиржавоб термаларида олижанобликни, меҳр-муҳаббатни, оқибатни жўшиб куйлаган. Мунофиқлар, кўзбўямачилар, ҳасадчи ва ғаразгўйларни аччиқ ҳажв қамчиси остига олган.

Азим шоирнинг «Чиял мадҳияси», «Кўкдалам», «Яхши ва ёмон хотин», «Ферма мудири» термаларида меҳнат илғорлари улуғланади, ўз юртига нисбатан бўлган меҳр-муҳаббати, ўткир нигоҳи ва нияти барқ уриб туради. Азим шоир ўзининг устози, улкан халқ оқини Абдулла шоирнинг «Дўмбирам» термасини ва бошқа асарларини ҳам қиёмига етказиб ижро этган.

1988 йилнинг апрель ойида Китоб туманида Абдулла шоирнинг 110 йиллиги муносабати билан вилоят бахши-шоирларининг кўрик-танлови бўлиб ўтади. Унда турли жойлардан элликка яқин бахши иштирок этиб, беллашадилар. Биринчи ўрин Қаҳҳор бахшига берилган бўлса, иккинчи ўрин Азим шоирга, учинчи ўрин китоблик Ўсар бахши Эркаевга ва чироқчилик Нарзулло бахши Холмўминовга берилади. Умуман, Азим шоир юксак ижрочилик маҳорати учун кўплаб мукофотлар билан тақдирланган.

Ўша пайтларда Қашқадарё вилояти раҳбари бўлган Рўзмет Ғойипов Азим шоирни катта бир йиғинда енгил машина билан тақдирлаганини ҳалигача эслашади.

Шомурод бахши

Ўзбекистон халқ бахшиси Шомурод Маҳманов (Шомурод бахши) 1932 йил Чироқчи туманининг Араббанди қишлоғида таваллуд топган. 2000 йил «Ўзбекистон халқ бахшиси» унвони билан тақдирланган.

Шомурод бахши номдор достончи-шоирлар авлодидан. Бу достончилик мактабининг бошида XVIII асрнинг иккинчи ярми ва XIX аср бошларида яшаган бобокалони Расул шоир туради. Расул шоирнинг катта ўғли Маҳман шоир бўлган. Маҳман шоир отасининг давомчиси сифатида қўлига дўмбира олган, кўпкарини хуш кўрган. Йигитлик даврида куч-қуввати танига сиғмаган, тиниб-тинчимас Маҳман Хитой томонга кетиб, 9 ойда ҳам қайтиб келмаган. Қариндош-уруғлари ўлди, деб умид узишганида тўсатдан уйга кириб келган.

Маҳман шоирнинг катта ўғли Мардон, иккинчи ўғли Тоғай ҳам ота-бобосининг сеҳрли дўмбираси таъсирига берилиб, достончи бахши бўлиб етишганлар. Айниқса Мардон шоир (1871-1915) 44 йил умр кўрган бўлса-да, достончиликда довруғи оламга кетиб, Туркман, Қорақалпоқ, Хоразм томонларга, ҳатто Хитойга ҳам бориб терма ва достонлар куйлаган. «Гўрўғли» туркумидаги достонларнинг 100 тасини ёд олиб айтиб юрган. У «Алпомиш» достонини етти кечаю-кундуз давомида ижро этганини айтишади.

Тоғай шоир 1893 йилда туғилиб, 1976 йилда 84 ёшида вафот этган. Унинг қисмати анча оғир кечган. 1930 йилда Шимолий Қозоғистоннинг Сибир ерлари билан чегарадош жойларига сургун қилинади. 1932 йилда юртига қочиб келади. Шундан сўнг яна банди қилиниб, энди бутун оила аъзолари билан Сибирга сургун қилинади. Очлик, сарсон-саргардонликларда қолган Тоғай шоир оила аъзоларининг еттитасидан тўрт нафари бегона юртларда кўз юмади. 50-йиллар охирида Тоғай шоир бошқа кўплаб қатағон қурбонлари сингари оқланади ва унга юртга қайтишга рухсат берилади. Тоғай шоир 17 ёшли ўғли Шомурод билан Ватанга қайтади.

Шомурод шоир қатағон йилларининг зўравонликлари, адолатсизлик, диёнатсизлик ҳамда баъзи амалдорларнинг ҳайвоний ҳис-туйғуларга муккасидан кетишларини «Меккамчол» термасида акс эттирган. Шунингдек, «Тинчлик», «Қарши қўшиғи», «Сут соғувчи Тунуқой», «Чўлқувар», «Айтайми?» сингари қатор термалари ҳам машҳур.

Шомурод бахши «Чамбил оҳанглари» кўрик-танловида биринчи, Ислом шоир Назар ўғлининг 120 йиллигига бағишланган кўрик-танловда ҳам энг фахрли ўринни эгаллаган. Бир пайтлар «Останкино» телевидениесида у ҳақида бир нечта кўрсатувлар тайёрланган, 1985 йилда эса Қозоғистон телевидениеси ташкил этган бахшиларнинг «Айтис» танловида «Юксак ижрочилик маҳорати учун» олтин медали билан мукофотланган.

Қодир бахши Раҳимов

«Қашқадарё Ҳомери» дея эътироф этилган Қодир бахши Раҳимов 1937 йилда Деҳқонобод туманининг Чалиқа қишлоғида дунёга келган. Отаси Раҳим Жабборов зиёли, шоиртабиат бўлганлиги учун ҳам Қодирнинг ёшликдан билим олишига катта эътибор беради. Қодир ёшликдан дўмбира чертиб, термалар куйлашга қизиққан. У ўз билими ва маҳоратини Бухоро педагогика институтида ўқиш жараёнида янада оширган. Ўқитувчилик қилган ва достончилик маҳоратини тинмасдан ошира борган.

Қодирга бахшилик, достонлар куйлаш она авлодидан мерос. Унинг боболари Туроб ва Нормурод, ҳатто уларнинг ота-боболари ҳам элга танилган бахшилар бўлишган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Қодир бахши Раҳимов қисқа умр кўриб, йигирма беш йилдан ортиқроқ ижод қилган бўлса-да, Қашқадарё ва Сурхондарё бахшиларини бирлаштирган Шеробод достончилик мактаби ривожига катта ҳисса қўшган.

Қодир бахши Раҳимов II, III, IV, V ва VI жумҳурият халқ бахшилари кўрикларининг биринчи даражали дипломлари билан тақдирланган. 1974 йилда Москвада бўлган бахшилар танлови лауреати, 1979 йили Париж шаҳрида ўтган III жаҳон халқ ижодиёти кўриги совриндори бўлган. 1980 ва 1982 йилларда Тошкент ва Олмаота шаҳарларида бўлиб ўтган жаҳон миқёсидаги халқ ижодкорлари анжуманларининг ғолиби деб топилган.

Қодир бахши камолот бобида Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом шоир Назар ўғли, Пўлкан шоир, Фозил Йўлдош ўғли, Абдулла шоир Нурали ўғли, Умир бахши Сафар ўғли каби машҳур халқ оқинларидан кейин ўзбек халқ достон ижрочилиги давомийлигини таъминлаб, кўплаб шогирдлар етиштирган устоз санъаткор даражасига кўтарилган.

Қодир бахши 70 дан ортиқ достонларни ёд билган, ўзи ўндан ортиқ достон ижод қилган, юздан ортиқ замонавий термалар яратиб, уларни халқимиз маънавий мулкига айлантирган ижодкор. 1965 йилда илк марта Қодир бахши томонидан ижро қилинган «Норгулой», «Ойша», «Эшқора билан Дўстқора», «Ойчинор» каби замонавий ва тарихий достонлар, кўплаб термалар ёзиб олинган.

Қодир бахши ўтган аср 60-йиллари бошида Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Туркманистон, Тожикистон мамлакатларини бошдан-оёқ кезиб чиқади. Мазкур ҳудудларни қамраб олган Шеробод достончилик мактаби асосчиси Шерна бахши анъаналарини давом эттираётган атоқли халқ бахшиларидан сабоқ олади.

Қодир бахши 80-йиллар бошида ижодда камолот босқичига кўтарилганда унинг репертуарида «Нурали», «Кунтуғмиш», «Болҳувон», «Гўрўғлининг туғилиши», «Гўрўғли Юнус ва Мисқолни Боғи Эрамдан олиб келиши», «Ширин ва Шакар», «Асқад», «Қосимжон», «Авазнинг Узумкўзни олиб келиши», «Норгулой», «Ойша», «Эшқора билан Дўстқора», «Ойчинор» каби 60 дан ортиқ достонлар бор эди.

Ҳозир Қодир бахшининг йўлини унинг ўғиллари Абдуқаҳҳор ва Абдимурод ҳамда Шодмон, Бобораҳим, Хуррам, Рўзи, Ҳожимурод каби йигирмадан ортиқ шогирдлари давом эттирмоқдалар.

Чори бахши Умиров

Чори бахши Умиров 1938 йил Деҳқонобод туманидаги Етимқудуқ қишлоғида, бахши шоир оиласида дунёга келган. У Шеробод достончилик мактабининг йирик вакили ҳисобланади. Ушбу мактабнинг асосчиси эса Шерна номи билан машҳур Шерназар Бердиназар ўғлидир. Чори бахшининг отаси Умир шоир Сафаров ўз вақтида Шерназар Бердиназар ўғлининг шогирди бўлган. Чори бахши ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётимизда ўчмас из қолдирган улуғ алломалар, тарихий шахслар ҳақида ривояту афсоналар, хусусан, «Амир  Темурнинг туғилиши ва ёшлиги», «Улуғ Соҳибқирон» достонларини яратди.

Чори бахши отасидан ўрганган «Алпомиш», «Болҳувон», «Ойпарча», «Авазхон», «Санамгавҳар», «Малла савдогар» достонларини маҳорат билан ижро этган. Унинг ўзидан эса 21 та достон ёзиб олинган. Бахшининг ўзбек достончилигидаги улкан хизматлари ўн саккиз минг мисрадан иборат. «Таркибадахшон»,  «Ғойибнома ёки Гўрўғлининг туғилиши» достонлари айниқса машҳур.

Халқимизнинг анъанавий бахшичилик санъатини қайта тиклаш ва кенг тарғиб этиш, ўсиб келаётган ёш авлодга ушбу ноёб санъат сирларини ўргатиш, келажак авлодларга ўзининг яратган достонларини мерос қилиб колдириш юзасидан олиб борган хизматлари учун 2017 йилда давлатимиз томонидан Чори бахши Умировга «Ўзбекистон халқ бахшиси» унвони берилган.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.