26.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Саломатлик

Гриппга чалинмасликнинг энг самарали усули

Қиш мавсумида гриппдан ҳимояланишнинг энг самарали усули вакцинация ҳисобланади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълум қилган.

«ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси аҳолини, айниқса, хавф гуруҳига кирувчи кишиларни респиратор инфекциялар юқтириб олиш эҳтимолини баҳолашга ва улардан ҳимояланиш учун оддий эҳтиёт чораларига риоя қилишга чақиради», дейилади ташкилот баёнотида.

Маълум қилинишича, Европада грипп ва бошқа респиратор инфекциялар билан касалланиш ҳолатлари кўпаймоқда. Шу боис иммунитети заиф ва саломатлигида муаммолари бўлган кишилар учун вакцинация айниқса муҳим аҳамият касб этади.

Касалланиш кўрсаткичининг ошишига гриппнинг A(H1N1)pdm09 штамми, яъни чўчқа гриппи вирусининг тарқалиши сабаб бўлиши мумкин. Баёнотда, шунингдек, вирусда мутациялар юз бериши ва янги штаммлар пайдо бўлиши эҳтимоли ҳам қайд этилган.

Гриппнинг А тури – нафас йўлларини зарарлайдиган ўткир вирусли инфекция. У мавсумий эпидемияларни келтириб чиқариши, тез ўзгарувчанлиги ва одамларнинг турли ёшдаги қатламлари, шунингдек, ҳайвонлар орасида тарқалиши туфайли пандемияларга ҳам сабаб бўлиши, пневмония, бронхит, синусит, отит каби асоратларни келтириб чиқариши, сурункали касалликлар хуружини кучайтириши мумкин.