Янги авлод оилада дунёга келади, унда улғаяди ва дунёни танийди. Ён-атрофидаги одамлар, муҳит улар келажаги учун таъсир кучига эга бўлиб, тақдирга дахлдор кўникмалар ҳосил қилинишида муҳим роль ўйнайди.
Шунинг учун бўлса керак, турли оилаларда ўсган ҳар қандай авлод вакилларида муайян бир хиллик билан бирга турлича маънавий қиёфа, дунёқараш кўзга ташланади. Бир хиллик давр ва жамият таъсирида шаклланган ўзига хослик деб ҳисобласак, турличалик оиладаги муҳит ва тарбия маҳсулидир. Бугун жамият ҳам, оила ҳам илмли, тарбияли авлодни улғайтиришга диққат қаратган. Даврнинг талаби ҳам шу.
Тарбияда энг самарали усул – шахсий ибратдир. Фарзандга юз бора, китоб ўқигин десаю ота-она ўзи қўлига китоб олмаса, меҳрли бўлгин десаю ўн, йигирма кунда бирон бир қондошини йўқламаса, ҳаромдан узоқ юриш кераклигини уқтирсаю, аммо уйига кимнингдир ҳаққини кўтариб борса, бўш вақт бўлди дегунча телефон «ковлаб», телевизорга термулиб кунни ўтказса, бағрида ўстираётган ниҳолдан қандай мева кутиш мумкин?!
Маълумки, ўзбек оилаларида ўсаётган янги авлод вакиллари тарбиясида оналарнинг ўрни алоҳида эътироф этилади. Шунинг учун хотин-қизларнинг интилиши қўллаб-қувватланмоқда. Бинобарин, улар қанчалик оқила, зукко ва тадбирли бўлса, бу фазилатлар ана шундай оналар тарбиялаётган фарзандларда ҳам бўй кўрсатади. Қолаверса, оқила, зукко ва тадбирли аёл оила мустаҳкамлигини, фаровонлигини таъминлашга қодир.
Ватанга садоқат, ота-онага оқибат, оила аъзолари ўртасида ўзаро ҳурмат, меҳр-мурувват ўсиб келаётган ёш авлод онгига оилада сингдирилади. Оиладаги маънавий муҳитни барқарорлаштириш ота-онада фарзандлар, фарзандлар олдида ота-онага нисбатан бурчларини, уларнинг жамият олдидаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.
Оила ана шундай гўзал урф-одатларимиз, миллий қадрият ва анъаналарни ўзида мужассам этган муқаддас гўша. У фаровон бўлса, маҳалла тинч, жамият барқарор ривожланишда, давлат эса мустаҳкам бўлади.

