Эстония парламенти депутати Варро Вооглайд ҳукумат биноларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар байроқларини осиб қўйиш вақтини қисқартиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда ERR манбаси маълум қилган.
Хабарда қайд этилишича, депутат ҳужжатни етти нафар ҳамкасби билан ҳамкорликда ишлаб чиққан. Ташаббуснинг мақсади давлат биноларида Эстония байроғи қадр-қиммати ва махсус мақомини таъминлашга қаратилган.
Унга кўра, бошқа мамлакатлар ёки халқаро ташкилотлар байроқларини давлат биноларида ҳозиргидай доимий эмас, фақат расмий мақсадларда кўтариш мумкин бўлади. Шунингдек, қонун лойиҳасида «идеологик чақириқли» байроқларни кўтариш ёки «идеологик мазмунга эга» бошқа рамзларни оммавий намойиш қилишни тақиқлаш таклиф этилган.

