Хабарингиз бор: Мустақиллик куни арафасида пойтахтдаги Янги Ўзбекистон боғида 1946 нафар истеъдодли ёш муҳандис 1946 та кичик роботни йиғиб, Гиннес рекордлар китобига киритилган жаҳон рекордини янгилашга муваффақ бўлди. Эътиборлиси, ушбу тарихий натижани қўлга киритишда 100 нафардан ортиқ қашқадарёлик ўқувчи ва талаба ҳам муносиб ҳисса қўшди.
Янги Ўзбекистон бунёдкорлари
Гиннес рекордлар китобининг расмий сайтида қайд этилишича, бир вақтнинг ўзида энг кўп одам томонидан роботлар йиғиш бўйича жаҳон рекорди 1946 кишини ташкил этади ва бу кўрсаткичга Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 2025 йил 18 август куни Тошкент шаҳрида эришилган.
– Ҳар бир иштирокчига аниқ ўрин ажратилиб, муайян рангдаги футболкалар тақдим этилди, шунинг учун ҳам рекорд ўрнатиш жараёнида қуш парвози баландлигидан ёшлар сафи Ўзбекистон давлат байроғи бўлиб кўриниб турди, – дея маълум қилинади guinnessworldrecords.com интернет-сайтида. – Белгиланган вақт ўтгач, йиғилган роботлар сонини санаш ва уларнинг ўз вазифаси, яъни пахта териш функциясини бажара олишини текшириш вақти келди.

Маълумотларга кўра, акцияда иштирок этган 2 минг нафарга яқин ёш муҳандисдан 1946 нафари бу ишни белгиланган вақтда аъло даражада уддалади. Шу боис бундан икки йил олдин ҳиндистонликлар томонидан ўрнатилган жаҳон рекорди (ўшанда бир вақтнинг ўзида 1459 киши робот йиққан эди) янгилангани эътироф этилиб, Гиннес рекордлар китобининг расмий вакили томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирига буни тасдиқловчи махсус сертификат топширилди.
– Бу жараён нафақат ёшларнинг илмий-техник салоҳиятини намойиш этди, балки уларнинг изланувчанлиги, жамоавий ҳамжиҳатлиги ва янгилик яратишга бўлган интилишини ҳам ёрқин кўрсатди, – дейилади Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг хабарида.
«Қарши давлат технопарки» давлат муассасаси раҳбари Жавоҳирбек Эшмуродовнинг айтишича, Янги Ўзбекистон боғида жаҳон рекордини ўрнатиш жараёнида мазкур технопаркда «Робототехника» йўналиши бўйича ташкил этилган ўқув курсида таълим олган ёшлар ҳам фаол иштирок этган.
– Рекорд ўрнатишда қатнашган қашқадарёлик 102 нафар ёшдан 10 нафари мактаб ўқувчилари бўлса, 92 нафари Қарши давлат техника университети талабаларидир, – дейди ҚДТУнинг технологик жараёнларни автоматлаштириш ва бошқарув кафедраси ассистент-ўқитувчиси Шоҳруҳ Мирзаев. – Технопаркдаги «Робототехника» курсида ўқиган 180 нафар ўқувчи ва талаба орасидан сараланган бу ёш муҳандисларни кафедрамиз катта ўқитувчиси Исломнур Ибрагимов билан биргаликда муаяйн вақт давомида қўшимча тайёрлаганмиз, шунинг учун ҳам барчаси пахта териш учун мўлжалланган 20х20 сантиметр катталикдаги роботларни йиғиш вазифасини қийинчиликсиз бажарган. Рекордчиларимизнинг бошқа ютуқ ва муваффақиятлари ҳақида гапирадиган бўлсак, улар томонидан қишлоқ хўжалиги, ижтимоий хизматлар кўрсатиш, туризм, хусусан, меҳмонхона бизнеси ҳамда бошқа соҳаларда фойдаланиш учун турли хил роботлар яратилгани алоҳида эътирофга лойиқдир. Ишончим комилки, ёш робототехникларимизнинг ихтироларини тез орада нафақат вилоят ва республика, балки жаҳон миқёсидаги инновацион технологиялар кўргазмаларида ҳам кўриш мумкин бўлади.
Ўз мухбиримиз

