16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Иқтисодиёт

“ИСЛОҲОТЛАР ШТАБИ”

вилоятнинг стратегик ривожланиш режаларини шакллантиради, устувор йўналишларда истиқболли лойиҳаларни амалга оширади ва иқтисодий ўсиш нуқталарини ривожлантиради

Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 19-20 июнь кунлари Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи давомида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳузурида «Ислоҳотлар штаби» ташкил этилди.

«Ислоҳотлар штаби»нинг кенгайтирилган таркиби, низоми ва доимий ишчи органи тузилмаси вилоят ҳокимининг шу йил 18 августдаги қарори билан тасдиқланди.

Мазкур ҳужжатга асосан Қашқадарёда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, инфратузилма ва инвестиция жараёнларини тезлаштириш, аҳоли ва тадбиркорлар билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш учун ташкил этилган «Ислоҳотлар штаби»га вилоят ҳокими ва ҳудудга бириктирилган Президент маслаҳатчиси раҳбарлик қилади. Штабнинг кенгайтирилган таркиби раҳбарият (9 киши), доимий ишчи органи аъзолари (5 киши), давлат банкларининг вилоят бўлимлари ва филиаллари бошлиқлари (9 киши) ҳамда лидер тадбиркорлар ва экспертлар (9 киши)дан иборат.

Штабнинг низомига кўра, унинг асосий мақсади вилоятнинг стратегик ривожланиш режаларини шакллантириш, устувор йўналишларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва иқтисодий ўсиш нуқталарини ривожлантиришдир. Шундан келиб чиқиб, янги тузилма вилоятнинг қисқа, ўрта ва узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини қайта кўриб чиқиш ва амалга ошириш, ҳудудлар кесимида «ўсиш нуқталари»ни аниқлаш ва улар бўйича мастер-режаларни тайёрлаш, ҳар бир туман ва шаҳар учун «Бизнес харита»ларини ишлаб чиқиш, инфратузилма, логистика, коммуникация ва хизмат кўрсатиш соҳаларини тезкор ривожлантириш, энерготежамкор технологиялар, қуёш панеллари, гелиоколлекторлар ва «яшил»  инфратузилмаларни жорий этиш каби муҳим вазифаларни бажаради. Айни пайтда «Ислоҳотлар штаби» зиммасига миллий брендлар яратиш ва маҳаллий маҳсулотларни оммалаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, лидер тадбиркорлар ва инвесторлар билан мунтазам мулоқот ташкил этиш, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини «Лойиҳаларни бошқариш» платформаси орқали назорат қилиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, инвестиция ва бандлик дастурлари лойиҳаларини тайёрлаш функциялари ҳам юклатилган.

Бу вазифаларни бажара олиши учун «Ислоҳотлар штаби»га вилоятдаги давлат органлари, корхона ва ташкилотлардан зарур маълумот ва ҳужжатларни сўраб олиш, лойиҳалар бўйича тендерлар, танловлар ва ишчи учрашувлар ташкил қилиш, консалтинг, эксперт ва илмий-тадқиқот ташкилотларини жалб этиш ҳуқуқи берилган. Шунингдек, бу тузилма  маҳаллий бюджет ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан маблағ жалб қилиш, лойиҳаларни молиялаштириш бўйича банк ва инвесторлар билан келишувлар тузиш, инфратузилма масалаларини тезкор ҳал этиш юзасидан тегишли органларга тақдимнома киритиш ваколатига ҳам эгадир.

«Ислоҳотлар штаби»нинг йиғилишлари заруратга қараб, лекин камида ойига бир марта ўтказилади. Ишчи орган эса ҳар ҳафтада жойларда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳолати бўйича маълумот тайёрлаб, штаб раҳбарларига тақдим этади. Улар, ўз навбатида, ҳар шанба куни ҳаракатлар режалари ижросини муҳокама қилади ва тезкор ҳал этилиши зарур масалаларни белгилайди.