АҚШнинг Флорида штатида яшовчи Марк Монгиардо бундан саккиз йил аввал алкоголдан буткул воз кечганига қарамай, бир қултум ҳам спиртли ичимлик ичмасдан мунтазам мастлик ҳолатини бошдан кечиради, деб ёзади New York Post.
Бунга сабаб auto-brewery syndrome касаллиги бўлиб, алкоголь тўғридан-тўғри организмда ишлаб чиқарилади. Шифокорлар маълумотларига кўра, дунё бўйича юзга яқин шундай ҳолат рўйхатга олинган.
Синдром ошқозонда ачитқи ҳаддан кўп тўпланиши билан изоҳланади. У истеъмол қилинган овқат таркибидаги углеводлар ва шакарни бижғитиб, этанолга айлантиради. Натижада нон ёки ширинликлар каби одатий таомлар ҳам қондаги алкоголь миқдори ортишига олиб келиши мумкин.
Марк Монгиардо ўзи чалинган касаллик табиатини узоқ вақт тушунмаган. У ўзидаги чарчоқ, тормозланиш ва «мия тумани»ни ўқитувчилик ишидаги толиқиш билан боғлаган. Бироқ, вақт ўтиши билан бу аломатлар кучайиб борган: нутқ бузилиши, мўлжални унутиш ва чалкашлик ҳолатлари келиб чиққан. Баъзида қондаги алкоголь миқдори икки кунгача юқорилигича қолган.
Вазият жиддий оқибатларга олиб келган. Эркак ишидан айрилган, икки марта маст ҳолатда машина бошқариш айбловини олган. У ҳолатини назорат қилиш учун қаттиқ парҳез ушлаган ва организмининг ҳар хил маҳсулотларга жавобини кузатиб борган. Ҳар доим ёнида алкотестер олиб юришига тўғри келган.
Касаллиик аломатлари ҳафтада бир неча марта қўзғалишига қарамай, Марк Монгиардо мутахассислар кузатуви ва мажмуавий даволаниш туфайли аҳволи яхшиланиб бораётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, аниқ ташхис ҳаётини назорат қилиш ҳиссини қайтарган.

