Сараланган сатрлар
Турли манбаларда Медехон ёки Модехон деб аталадиган шахс ҳақида эшитгандирсиз. Милоддан аввалги III–II асрларда яшаган ва ҳаёти афсона ва ривоятларга айланиб кетган бу инсон хунлар ҳукмдори бўлиб, Марказий Осиё тарихидаги буюк саркардалардан саналади. Ривоятларда унинг номи Ўғузхон деб келтирилади. Замонавий ўзбек адабиёти вакили Исажон Султон Ботир Тангриқут деб атаб, яқинда у ҳақда янги романини эълон қилди.
Тангриқут – қадимги туркийларда хоқон маъносида қўлланган. Хитой манбаларида “Мете” дея келтирилган номни эса муаллиф Ботир дея талқин этади.
Хўш, бу ҳукмдорнинг ўзига хослиги ва буюклиги нимада?
Манбаларда қайд этилишича, хун ҳукмдори Туманхон тўнғич ўғли Модехонни эмас, балки бошқа хотинидан бўлган кичик ўғлини тахт вориси қилмоқчи бўлади. Шу сабабли катта ўғлини душман қабила – юэчжиларга гаровга беради ва уларга қарши тўсатдан ҳужум қилади. Аммо Модехон чаққонлик билан от ўғрилаб, қочиб қутулади ва ўз қабиладошлари олдига қаҳрамон бўлиб қайтади. Отаси унинг жасоратини кўриб, 10 минг кишилик қўшин беради.
Модехон дунё тарихида биринчилардан бўлиб армияда ўнлик тизимни (10, 100, 1000, 10 000 кишилик бўлинмалар) жорий этган. Унинг даврида давлат қатъий ҳарбий интизомга ва марказлашган бошқарув тизимига ўтади. Империя чап (шарқий) ва ўнг (ғарбий) қанотларга бўлиниб, уларни ҳукмдорнинг энг ишончли одамлари бошқарган.
Ҳокимиятга келгач, Модехон Хун империясининг ҳудудларини мисли кўрилмаган даражада кенгайтиради. Дастлаб дунху қабиласини тор-мор этади. Сўнг юэчжилар ва динлинлар устидан ғалаба қозонади. Хитой устига юриш қилиб, император бошчилигидаги 320 минглик қўшин устидан ғалаба қозонади. Натижада Хитой Хун империясига ҳар йили ипак, ғалла, гуруч ва шароб шаклида улкан ўлпон тўлайдиган бўлади. Хитой маликалари Хун шанюйларига хотинликка берила бошлайди. Хун империяси Хитой билан тенг ҳуқуқли буюк давлат мақомига эга бўлади.
Модехон тузган империя шарқда Корея ва Сариқ денгиздан, ғарбда Помир тоғлари ва Қозоғистонгача, шимолда Байкал кўлидан жанубда Хитой деворигача бўлган улкан ҳудудни қамраб олган.
Исажон Султоннинг “Ботир Тангриқут” романи туркийларнинг буюк аждоди тарихидан сўз очади. Асар тарих ихлосмандлари ва чинакам бадиият муҳибларига жуда маъқул келади.
* * *
Кўчкин қуши ўз ерлари – Ўкуз суви, Ёйиқ чўли, Тангритоғ ёнбағирлари, олис қарағай ўрмонлари, қорлари эримаган ўлкалар, мавж урган Бойкўл, соҳили кўринмас Идил, Ой ости юртлари узра қичқириб қанот қоқади.
Нималар деб қичқиради у?
“Ёвқур, тўғрисўз, суюкли элим қани?” деб сўрайди.
“Эр кишининг донғини, тўғрилигини ардоқлайдиган улуслар ер юзида қолдими?” деб сўрайди.
* * *
Тўру деб элнинг бузилмас ясоқларини айтишарди. Турк тузуги қутлуғдир, чунки уни Тангри берган, дерди.
Тангри сизни тўғри қилиб яратди, ўйингизни, емишингизни, яшашингизни тўғри бўлишини истади.
Кимларнидир бундай қилиб яратмади, улар ўз эгриликларида адашиб-улоқиб яшаб келмоқдалар.
* * *
Бир отлиқ иккита эрга тенг бўлади. От сен билан биргалашиб урушади, ёв кишисини тишлайди, туёғи билан тепади, кўкси билан уриб йиқитади, устидан босиб-янчади. Отлиқнинг довюраклиги отига ўтади. Билиб олинг: отингизни оғангиздай кўринг. У билан ётиб, у билан туринг. Шунда ўн минглик черик йигирма мингга айланади!
* * *
Бизлар от устида туғилиб, от устида ўламиз. Эркни севадиган улусмиз.
* * *
Гаозу билгич киши эди. Унинг човушликдан хоқонликкача бўлган йўли бор-йўғи етти йил сурди.
Айтишларича, олдинги хоқон қўрғонга келиб, барча уни қутлашга чиққанида, хоқон “Ким ўн минг олтин келтирмаса, қошимга кирмасин”, дебди. Шунда Гаозу бир чақалик мис тангани олиб кириб, “Мен ўн минг олтин келтирдим” дебди. Хоқон буни кўриб “Англадингизми? Бу йигитча сен сўраган нарсанинг қиймати шу мис чақачалик эмас. Ўн минг олтин деб у ўзини айтмоқда” деб, соқчиликка олган экан. Ўша соқчи эндиликда хоқон ўрнига ўтирди.
* * *
Барча Гаозунинг сўзларини бош эгиб тингларди.
– Кўк ўғли сенга шундай ўгит беради уруш – алдовдир. Қўлингдан келмайдиган ишни келадиган, шунингдек, яқин бўлганингда ўзингни узоқдай, узоқ бўлганингда яқиндай қилиб кўрсатишинг керак. Ёв очкўз бўлса, бойликлар билан кўзини ўйнат, кимнинг будунида бошвоқсизлик бўлса – босиб ол, ёв урушга шай бўлса, кўзингни катта оч, кучли эса, авра. Қизғин бўлса, уни яна-да қиздир, бурни кўтарилган бўлса, янада шишир. Ким ҳориб, тин олаётган бўлса, уни янада чарчат, кимлар ўртоқ бўлса – орасини буз, ким ўйсиз бўлса, тўсатдан янч! Буларни билган хоқон сира енгилмайди!
* * *
Улуслар орасидаги келишмовчиликлар бошқа бирон элда юз берса, кулини кўкка совуриб юбориши тайин, бироқ жунггу элида ўзаро урушлар сезила қолмасди: минглаб киши қирилиб кетса-да, кишиси кўплиги учун билинмасди.
* * *
Қон ўта кўҳна, узоқ чоғлардан буён мудраб ётган эди. Бу улуснинг атак-чечак қила бошлаган жўжиқлари-да ўзларича чивиқдан ёй ясаб, отиб юрмасмиди? Отга минолмасдан, қўй-қўзи, улоқларни от қилиб чопмасмиди? Улғая бошлаган ўспиринлари улус қизларининг кўз ўнгида, чопа келаётган от устидан бошқа отга ирғиб, оғир тошларни кўтариб, олиш-солиш синовларини қозониб, юксак тепалардан сакраб, тупроқ сачратиб ўзини кўрсатмасмиди?
Шундай ботирлари бор улус Тангриқут тузган тузум ила урушга кирса, ёвнинг кулини кўкка совурмайдими? Қолаверса, қўшиндаги биронта эр ўлимни кўзга илмайди, элнинг кучи шунда эмасми?
* * *
Сира йиқилмаган хоқон буюк саналмайди. Бир неча кез йиқилиб, яна оёққа турган хоқон буюкдир.
* * *
Хоқон ўзини ўйлаб қилич яланғочлаши, ўрдубоши аччиқлангани учун уруш бошлаши керак эмас. Бундай ишлар улусга яхшилик келтирсагина қилинади. Тушкунлик севинчга, ёвузлик байрамга айлана олади, бироқ қулаган эл тикланмайди, ўлганлар тирилмайди.
* * *
Ер юзида урушдан қиммат иш йўқлигини айтар эдилар, олдин яшаб ўтган кишиларнинг бу сўзлари чин эканига яна бир карра ишондим. Чунки эси йўқ кишиларгина урушни қут келтиради, деб билишади. Эслилар учун энг қутлуғи омонликдир.
* * *
Кўк Тангриси ўрмон-ўтлоқ, йилқи-сурувни барчага етарли қилиб беради. Ер юзида биров бировнинг ер-сувига кўз тикмаса, оч-юпун киши қолмаган бўларди. Урушлар очкўзликдан келиб чиқади. Оталаримиз айтишган: очкўзлик қилма. Ўзим бўлай дема, борингни улусинг билан бўлиш! Чунки улус бор бўлсагина сен борсан!
* * *
Юришлар чоғида Ботирнинг чериги бир чўлда тўхтади. Черикдаги хотинлардан бири бўғоз бўлиб, отаси билан эри урушда ўлган эди. Хотиннинг кўзи ёришар чоғи келди, теварагига аланглаб-аланглаб, бир оғочнинг кавагига кириб, ўша кавакда боласини туғди. Отаси ўлгани учун Ботир уни ўзига ўғил қилиб олди. Улус кишилари қабуқ оғочининг кавагини қобуқчоқ дейишар эди, оғоч кавагида туғилгани учун унга “қипчоқ” деб от берилди.
Хоқоннинг бир чўбир олача оти бўлиб, уни жуда ёқтирарди. Чўлда ўша от кўздан йўқолиб қочди. У ерда юксак бир тоғ бўлиб, Музтоғ дер эдилар. Чўққилари қордан оппоқ эди. Хоқоннинг оти ўша муз тоғ ичига қочиб кетди. Черикда бир довюрак бек бор бўлиб, ўта чидамли эди. Ўша бек тоғларга кирди, юрди, тўққиз кундан сўнг хоқонга айғир отини келтирди. Муз тоғда кўп совуқ бўлганидан ул бек қорга бурканмиш, оқ-оппоқ эди. Хоқон севинди, кулди. “Бекларга сен бўлгин бошлиқ, сенинг отинг бўлсин қорлиқ”, деди. Қарлуқ улуси шундай юзага келди.
* * *
Эгса ёсин Қора тоққа ўғраб келдим,
Қанқи тўпи тўй тутмади, анда бўлдим,
Олтун кўзли табушқанни кетурди деб,
Ғоз оёқли учта айри тамға бердим…
Бу қўшиқ қатида елаётган отлар дупури, кўкда ангал солишга шайланган йиртқич қушлар қанотининг товуши, ҳайдар елларнинг ғувуллашлари, музлоқ ўнгир қорларининг тўзони, мангу ўрмон шовури, ёйиқларнинг эркин эпкинлари бор бўлиб, барчасининг эгаси шу эл эканини билдирарди.
* * *
Хон бир бўлса – эл тузалур, икки бўлса – эл бузилур. Бурунги ўтганлар айтиб кетишган: бир қинга икки қилич сиғмас, бир хотинни икки эр олиб ўтиролмас, бир юртга икки тўра бош бўлмас.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

