Бошқирдистонлик бир киши ўзининг сигири қорнидан ичида 80 минг рубль (12 385 600 сўм атрофида) пули бўлган ҳамён топди. Бу ҳақда bash.news манбаси маълум қилган.
61 ёшли маҳаллий аҳоли вакилининг сўзларига кўра, унинг қорамоллари ҳар хил жойларда, жумладан, чиқиндихоналарда ҳам ўтлайди. Ана шундай «саёҳатлар»да юрган сигирлардан бирини сўйиш жараёнида ҳайвоннинг ошқозонидан ичида пули бор ҳамён топиб олинган.
Кейинроқ ҳамён эгаси ҳудудда объект қураётган маҳаллий тадбиркорлардан бири эканлиги маълум бўлган. У ишчиларга маош тарқатиши керак бўлган, бироқ пулларини йўқотиб қўйганлиги учун бу ишни ортга сурган.
Унинг тахминича, ишчилардан бири ҳамённи тасодифан чиқиндилар билан бирга ташлаб юборган. Чиқиндихоналардан бирида уни сигирлар «топган» бўлиши мумкин.

