16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

КИТОБ ЎҚИШ ОРҚАЛИ ТИЛИМИЗНИ АСРАЙМИЗ!

21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни

Мамлакатимиз ҳаётида 1989 йил 21 октябрь санаси “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилингани билан аҳамиятли ва эсда қоларли кун сифатида тарихда муҳрланди. Мазкур ҳужжат билан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу воқеа Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши йўлидаги дастлабки ва энг дадил сиёсий-ҳуқуқий қадамлардан бири бўлганини эсласак, унинг қадри нақадар баландлигини ҳис этамиз. Бугун  давлат рамзлари – гербимиз, байроғимиз, мадҳиямиз, Бош қомусимиз қатори она тилимиз билан ҳам бениҳоя фахрланамиз.

Дунё миқёсидаги анжуманларда, ғолиблик шоҳсупаларида ўзбек тилида сўзлар янграганида, мадҳиямиз куйланганида ғуруримизнинг чек-чегараси бўлмайди. Ҳаммамизнинг ёдимизда,пандемия даври эди, 2020 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тарихий нутқи видеомурожаат шаклида йўлланиб, ўзбек тилида янграган эди.

 Гарчи, ўзбек тили БМТнинг расмий 6 та ишчи тили (инглиз, рус, француз, испан, хитой, араб) қаторига кирмаса-да, ушбу нутқ ташкилот тарихида илк бор ўзбек тилида қабул қилинди ва БМТнинг расмий тилларига синхрон таржима қилинди. Бу халқаро ҳамжамиятда Алишер Навоий тилининг нуфузи ва ўрнини намойиш этган биринчи, энг катта қадам бўлди. Бу ўзбек тилининг нуфузини дунёга кўрсатди. Мазкур тарихий воқеадан сўнг, Президент 2023 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Нью-Йоркдаги бош штаб-квартирасининг олий минбаридан туриб, иккинчи бор бевосита ўзбек тилида нутқ сўзлади ва бу анъанани мустаҳкамлади. Бугун БМТ минбаридан туриб, Ўзбекистонимиз номидан ўзбек тилида нутқ сўзланмоқда.  Жорий йилнинг 23 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессиясида дунёнинг энг юқори минбаридан туриб, қонун устуворлиги, инсон қадр-қиммати ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган тарихий нутқи Ўзбекистон халқи, айниқса, хотин-қизларимиз учун катта фахр ва ифтихор бўлди. Ўзбекистонликман деган борки, ҳамма-ҳамма ўзбек аёлининг билими, салоҳиятидан ғурурланди. Дунё эса рости ҳавасини яшира олмади. Буни ойнаи жаҳон орқали муҳташам залда ўтирганларнинг юз-кўзидан сездим. Бу нутқ бугун Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори нақадар ортиб бораётганини ва мамлакатнинг янги қиёфасини бутун дунёга кўрсатди.

Бугунги кунда ўзбек тили худди Давлат байроғи, герби ва мадҳияси каби Конституция билан ҳимоя қилинадиган муқаддас рамзларимиздан бирига айланган. Шунинг учун ҳам тилимизни ҳимоя қилиш ҳаммамизнинг олдимиздаги муҳим вазифадир.

Хўш уни қандай асраймиз? Тилни асраш ва ривожлантириш фақатгина байрам кунлари шеърлар ўқиш ёки тадбирлар ўтказиш эмас. Биринчи навбатда тил софлигини сақлашимиз керак.Кундалик ҳаётимизда, номлашда, эълонлар ва ижтимоий тармоқларда, имлода адабий тил қоидаларига риоя қилиш, асоссиз хорижий сўзларни ишлатиш амалиётидан воз кечишимиз керак.

Бугун вилоятимиз, шаҳримиз тобора обод бўлиб, бунёдкорлик ишлари кўзни қувонтирмоқда. Аммо осмонўпар бинолар, чиройли савдо дўконларининг номланиши нафақат тушунарсиз, балки кўнгилни хижил қилар даражада. Шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб турган, одамларга қулайлик туғдираётган 24/7 кўчадаги шундай чиройли биноларнинг номига қаранг: “Заринка”, “Виво”, “Пандора”, “Beauty salon”, “Chicken кафе”… Эътибор беринг. “Адора” испан ва итальян тилларида “севимли, ардоқли”, “Еclair” французчада “чақмоқ”,  “Baby” – инглизчада “чақалоқ, гўдак, болажон” каби маъноларни билдиради. Шуларни ўз тилимизда ёзсак, қайтага жарангли ҳам эшитилади. Хорижда бирор шохобча ўз ихтиёри билан ўзбекча ном танлашига ишониш қийин. Биз нега хорижий номларга бунча ружу қўйганмиз? Савдо бўлиши, иш юриши учун шундан бошқа йўл, восита ёки услуб йўқми?

Кўчалардаги баннерлар, дўконлар номлари ва реклама эълонларида оддий имло қоидаларига эътибор берилмаяпти.Ижтимоий тармоқларда эса саводхонлик ўта паст даражада.Telegram, Instagram каби онлайн платформаларда ёшлар ўртасида адабий тил қоидаларига риоя қилмаслик одатга айланмоқда. Энг ачинарлиси ва афсусланарлиси, олий маълумотлилар ҳам оддий маълумотномани хатосиз ёза олишмаяпти. Яқинда олийгоҳ ўқитувчиси ёзган 40 та сўздаги нақ 40 та хатони кўриб, чуқур ўйга толдим. Муаллимнинг саводи ғовлаб кетган бўлса, эртага ёшларимиздан нимани кутамиз?

Саводхонликка лозим даражада эътибор бермай қўйганимизни тан олишимиз керак. Мактабларда диктант, иншо, баён ёзилмаяпти. Ҳолбуки бу тизимни жорий этиш лозим.

Яна бир мулоҳаза: биз ўқиган вақтларда мактабларда синфдан ташқари ўқиш дарси бўлар эди. Ана шу дарсда муаллима ҳаммамиздан ўқиган китобимиз мазмунини айтиб беришни талаб қиларди. Биз доим янги китоб ўқиш учун кутубхонага югурардик. Шу янги китобни дугонамиздан олдинроқ ўқишни ва тўлиб-тошиб муаллимамизга айтиб беришга шошилар эдик. Бу нутқимизнинг равон бўлишига ёрдам берган. Фикримизни, туйғуларимизни эркин ифода этишга ўргатган. Назаримда синфдан ташқари ўқиш дарсларини яна жорий этиш керак.

Абдулла Авлоний “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”, деган. Муҳтарам Президентимиз китоб ўқишга ўргатаётганликлари замирида ҳам кучли, билимли авлодни тарбиялашдек эзгу мақсад бор. Ҳаммамиз китоб ўқишда, саводли ёзишда фарзандларимизга ибрат бўлсак, тилимизни асраган бўламиз. Бир маҳаллар гўзал анъаналаримиз бор эди: оилаларда ҳамма жам бўлиб китоб ўқиш, уни муҳокама этиш одатга айланганди. Қўлимиздаги телефонларни бир кунга четга қўйиб, оилавий китобхонликка қайтсак, нафақат китобга, балки бир-биримизга ҳам меҳр қўямиз. Шундай экан, фарзандларимизга она тилини ўргатиш ва уни асрашни биринчи навбатда уйда китоб жавони ташкил қилишдан ҳамда биргаликда мутолаа қилиш анъанасини тиклашдан бошлашимиз керак.

Комила КАРОМОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари, сенатор