16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Без рубрики

МАВЖУД БОЙЛИКЛАРИМИЗ ЭМАС, УЛАРДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНИШИМИЗ БИЗНИ БУЮК МИЛЛАТГА АЙЛАНТИРАДИ

Сараланган сатрлар

Теодор Рузвелт – америкалик сиёсатчи, давлат арбоби, тарихчи ва ёзувчи саналади. У АҚШнинг 26-президенти сифатида машҳур. 1906 йилда Тинчлик соҳасида Нобел мукофоти билан тақдирланган.

Адабиёт оламида “Дракула” асари билан танилган ёзувчи Брем Стокер у билан суҳбатлашиб, шундай деган: “Кун келиб у президент бўлади. Бу одамни на авраб, на қўрқитиб, на сотиб олиш мумкин”.

Албатта, у ўз даврининг катта сиёсатчиси эди. Бинобарин, Лотин Америкаси мамлакатларига нисбатан босқинчилик сиёсати, жумладан, Кубанинг оккупация қилиниши, Панама канали зонаси эгаллаб олиниши айнан унинг даврида юз берган. Ўз ўрнида, лозим пайтда тинчликпарвар сиёсат ҳам олиб борган. Жумладан, унинг халқаро миқёсда эътироф этилишига рус-япон урушига нуқта қўйган музокаралари сабаб бўлгани айтилади.

Рузвелт анча китобхон бўлган ва ўзи ҳам асарлар ёзган. Ундан адабий мерос сифатида қолган китоблар 37 тани ташкил этади.

Қуйида Рузвелтнинг “Лидерлик қонунлари” китобидан диққатга лойиқ фикрларни сараладик. Ушбу китоб мутолааси фойдадан холи бўлмайди. Америка “дунёнинг энг ривожланган мамлакати” деган мақомга ўз-ўзидан эришмаган албатта. Қатъиятли, чинакам лидерлик хусусиятларига эга шахсларгина мамлакатни тараққиёт пиллапояларидан юқорига тортган. Алқисса, 26-президентдан ўрганса бўладиган жиҳатлар анча кўп.

*  *  *

Чинакам лидер учун энг муҳими – ҳаракатчан воқелик билан яқин ва тўғридан-тўғри алоқада бўлишдир. Сўзда эмас, амалда яша ва лидер бўл.

*  *  *

Қаршиликларнинг ҳар қандайини – норозилик, шикоятлар, хавотир, тушунмовчиликларни енгиб ўт. Бундай енгиб ўтиш жараёнида ўзингнинг энг яхши фазилатларинг намоён бўлишига шукрона қил. Зўриқишларингни намоён қилавер.

*  *  *

Минг афсуски, зўриқиб ишлашнинг муқобили йўқ. Агар сенинг мақсадинг – компаниянг учун алмаштириб бўлмас ходимга айланиш бўлса, бошқалардан кўра кўпроқ, тезроқ ва зўриқиброқ ишлашинг шарт.

*  *  *

Жанжалга сабабчи бўлиш – музокаранинг яхши усули эмас. Аммо баъзан шундай бўладики, ўз фикрингни ўтказиш учун ҳар қандай воситадан фойдаланишга тўғри келади. Шундай ҳам қил. Эҳтимол, айни дамда ҳеч нарсага эриша олмассан, аммо сенинг обрўйинг – бебаҳо бойликларингдан биридир.

*  *  *

Одамга бериладиган энг ёмон маслаҳат: бошқаларга қўйиб бер, кейин эса улардан нолиб юр.

*  *  *

Агар сени бошқаришга (раҳбарликка) ўргатишса, фактларни совуққонлик билан таҳлил этиб қарор қабул қилишни ўрганишинг керак. Шу билан бирга, қалбингда яшайдиган самимий, теран ва ғаройиб тарзда жозибали иштиёқ манбасидан алоқани узмаслигинг шарт.

Мураккаб қарорларга дуч келганингда эса у ёки бу йўлни танлаб нималарни ҳис қилишингни тасаввур қил. Шундан кейингина кераклисини танла.

*  *  *

Бутун умрини ғалаба ва мағлубиятлардан холи туссиз ғира-шираликдан иборат ҳаётда ўтказадиган иродаси сустларга қўшилиб яшагандан кўра омадсизликдан ҳадиксирамай, юксак мақсадлар ва ҳақиқий зафарлар учун таваккал қилган аъло.

*  *  *

Ходимларга далда бер, кўндир, иштиёқлантир ва талаб қил. Бошида булар омадсизликларга олиб келиши, сен ва жамоангга зарар келтириши мумкин. Аммо келгусида юксак интилишлар ҳар қандай компанияга чинакам буюкликка етакловчи моддий ва маънавий устунликлар бахш этади. Бу эса келажакда муваффақиятларга эришиш имкониятини сезиларли даражада оширади. Бу муваффақият ўртамиёналикнинг ғира-ширалигида қўлга киритилганидан кўра оламшумулроқ бўлади.

*  *  *

Ўғил бола учун ўн бир ёшида мактаб спорт жамоаси капитани бўлиш фойдали. Аммо орадан йигирма йил ўтиб у ҳақда фақатгина футболга, бейсболга ёки боксга қизиқиши ва қачонлардир капитан бўлганини бир умр ёдида сақлашини айтишса – жуда ёмон.

*  *  *

Катта оломонни айтмаса, менга тансоқчи керак, деб ўйламайман. Агар суиқасд қилмоқчи бўлган қотилга дуч келиш эҳтимоли мавжуду, кишининг ўзи қатъиятли ва жисмонан бақувват бўлса, тансоқчидан кўра ўзини яхшироқ ҳимоя қила олади.

*  *  *

Ҳаёт – буюк саргузашт ва сизларга шуни айтмоқчиман: уни борича қабул қилинг. Ғалаба учун жон борича куч сарфланг. Ғалаба қўлдан чиқиб кетган тақдирдаям, шиква қилмасдан олға интилишда давом этишга, бор кучингиз билан ишлаш ва натижаларни қўлга киритишга тайёр туринг.

*  *  *

Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун – яхши шиор. Аммо ҳар бир киши бошқаларга юк бўлмасликка уриниб, бор кучи билан ишлагандагина бу шиор ўзини оқлайди.

*  *  *

Американи нима йўқ қилиши мумкин? Қандай бўлмасин фаровонликка, тинчликка эришиш, бурчни қадрлаш ўрнига бехатар яшаш, осуда ҳаётни исташ ва тезроқ бойиб кетишга иштиёқ – мана шулар мамлакат кушандаларидир.

*  *  *

Агар қайси бирини танлашда иккилансанг, ҳамиша энг қийинини танла.

*  *  *

Толстой – буюк ёзувчи. У ўз қаҳрамонлари хатти-ҳаракатларини ҳеч қачон изоҳлаб ўтирмаслигини пайқаганмисан? У қаҳрамонларининг ўйлари ва ишларини ҳикоя қиларкан, булар яхши-ёмонлигини ўқувчига баён қилиб ўтирмайди. Фукидид ҳам тарихни шундай ёзган – унинг асарларини ёмондай кўрсатган нарса аслида ёмон фактларнинг ўзидир.

*  *  *

Ҳақиқатни ахтар. Ҳақиқатни бил. Агар яланғоч ҳақиқат ёқмаса, уни ўраб-чирмаганинг билан барибир моҳиятини ўзгартиролмайсан. Мавжуд воқеликни қабул қил. Ҳақиқий лидер воқеликдан кўз юммайди.

*  *  *

Жасурлик – лидернинг муҳим сифатидир. Агар сенда жасурлик етишмаса, уни тарбияла. Сени қўрқитган вазиятлардан четга қочма. Қўрқувни ҳис қил, аммо онгли тарзда жасур ҳаракат қил. Тез-тез ва тўлақонли қўрқинчли вазиятларни енгиб ўт – жасур одамга айланасан.

Ҳаётингдан қониқиш ҳосил қилмайсанми? Ўзингни ўзгартир! Ўзинг ўзгармасанг – олам ўзгармас!

*  *  *

Ўз ходимларингга кабинетингда ўтирмаган ҳолда ўргат. Одамлар олдига чиқ, улар билан юзма-юз учраш. Ўргата туриб ўрган.

*  *  *

Президентлик – феълингни тийишни ўрганиш учун айни мос ўрин.

*  *  *

Обрў ва ҳукмронлик кишига улкан ғурур бахш этиши мумкин. Ҳар қандай етакчида ўз ҳиссиётларига эрк бериш истаги пайдо бўлади. Бу истакка қарши курашгин. Сенинг ўрнинг қанчалар юксак бўлса, шунчалар вазмин бўлишинг керак. Сени гижгижлашмоқдами? Ўнгача сана. Унут. Эътиборингни тўлиғича ишга қарат.

*  *  *

миллат шарафини хатарга дуч келиб уни енгганлар, машаққатларга учраб уларни босиб ўтганлар ташкил қилади. Йўллари чаманзорлардан ўтган, қийинчиликлар ва қўрқувни билмаганлар бундай шарафга лойиқ эмас.

*  *  *

Бадбинлик – бу тормоз, ҳаракатлантирувчи эмас. Некбин бўлиш, шундай яшаш ва қолиш учун ишончли услубни ахтар. Бу ҳақиқий лидер учун ягона ишончли йўлдир.

*  *  *

Икки нарса устида бош қотиринг. Биринчидан, ҳар маҳал ҳаётингизни мароқли ва қизиқарли қилинг, зеро, бужмайган афт ҳалигача ҳеч кимга фойда келтирмаган. Иккинчидан, арзирли бирор нарса қилмоқчи бўлсангиз, жон-жаҳдингиз билан ишланг ва зарур ишни бажаринг.

*  *  *

Аниқ манбаларга мурожаат қил, пассивликдан қоч ва ҳаракат учун бўйнингга масъулият ол (“қарор қилинди” эмас, “мен қарор қилдим”). Энг муҳими, буни хоҳламасанг ҳам ҳақиқатни айт.

*  *  *

Дарё ўз манбасидан юқорига оқмайди.

*  *  *

Миллатимизнинг бир нуқсони бор – биз мавҳум жумлалар билан гапиришга мойилмиз. Латча тухумни сўрган пайти унинг пўчоғигина қолади. Сиз мавҳум сўзлардан фойдаланганингизда, одамнинг эсида нутқингиздан ҳеч нарса сақланиб қолмайди.

*  *  *

Агар инсоннинг ўзи ўзгаларга қиладиган панд-насиҳатлари асосида яшамаслиги маълум бўлиб қолса, жуда ноқулай аҳволга тушади.

*  *  *

Жиноятни очинг ва жиноятчиларни таъқиб қилинг. Аммо ёдингизда бўлсин, жиноятни очиш жараёни қўл учида олиб борилиб, фақат хўжакўрсинга амалга оширилса, шунинг ўзи жиноятдан кўра жамиятга катта зарар келтиради.

*  *  *

Қўрқоқнинг қўлига энг яхши қуролни бериб қўйсанг ҳам калтак тутгун ботирдан енгилади.

*  *  *

Юлдузларга тикил, аммо оёғинг ерда маҳкам турсин.

*  *  *

Агар сизнинг идеалингиз уйда яхшию, ташқаридаги ҳаётга тўғри келмаса, уни яхшилаб текширинг, таҳлил қилинг ва ташлаб юборинг.

*  *  *

Тез чопаётган чавандознинг ортидан омадсизликлар етолмайди.

*  *  *

Омадсизлик оғир. Аммо муваффақиятга эришишга сираям уринмаслик янада даҳшатлироқ!

*  *  *

Конституция одамларга хизмат қилиши керак, одамлар конституцияга эмас.

*  *  *

Мавжуд бойликларимиз эмас, улардан қандай фойдаланишимиз бизни буюк миллатга айлантиради.

*  *  *

Бажармаслигини билиб туриб ваъда берувчи киши ҳақли равишда таънага лойиқдир. У ҳар қандай одамнинг бебаҳо бойлиги – шаъндан маҳрум бўлади.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.