Луқма
Маълумки, саҳна асари томошабинларга эстетик завқ баробарида билим, тарбия ҳам беради. Ҳаётни, инсонлар ўртасидаги муносабатларни акс эттиришда спектаклларнинг аҳамияти катта. Демакки, актёру режиссёрларнинг билим ва савияси томошабинникидан бир ҳисса баланд бўлиши керак. Акс ҳолда нўноқ ижодкорлар кулги-ю маломатга қолади.
Яқинда бир тадбирда Абдулла Қодирий ҳақида спектакль қўйишди. Ёзувчи фаолиятидан кичик бир лавҳа, десаям бўлади. Қисқача сюжет шундай: Абдулла Қодирий Москвага ўқишга кетган, уйда онаси ва рафиқаси суҳбат қуриб ўтиришади. Шу асно эшикдан ёзувчи кириб келди. Икки қизи эса Москвадан келтирилган китобни (аниқроғи, яқин йилларда чиққан замонавий китобни) талашиб парда ортига ўтиб кетишди. Она ва бола узоқ сўрашишди. Тўғриси, мўйлов демаса, Абдулла Қодирийни эслатувчи бирор белги кўринмади. Шу пайт бирданига эшик гурсиллаб қолди ва ҳарбий либосдаги йигит ва қиз кириб келишди. Улар қисқа фурсатли тинтув ўтказиб, Қодирийни айбдор деб топишди ва қамоққа олиб кетишди. Кутилганидай, икки қиз, она ва хотин додлаганича қолди.
Кейинги кўринишда ҳарбий либосдаги бояги қиз ёзувчини турткилаб, терговчининг ҳузурига келтирди (наҳотки зобит ролига бирор йигит топилмаган бўлса!). Терговчи эса Абдулла Қодирий Москвада олий адабиёт курсида ўқигани, асарларини рус тилида эмас, ўзбек тилида ёзгани (!) ва шунга ўхшаш куракда турмайдиган важларни айтиб, дабдурустдан қатл ҳукмини ўқиб юборди.
Тарихдан биламизки, совет тузуми даврида бундай ишлар «тройка» – яъни НКВД, партия ва прокуратура вакили иштирокида кўриб чиқилган. Сталин қатағонлари даврида бундай «учлик»лар қарори асосида кўплаб кишилар отиб ташлангани ёки меҳнат лагерларига юборилганини ҳам яхши биламиз.
Спектаклда эса бир йигит ва қиз ўзбекнинг катта ёзувчиси тақдирини ҳал этиб юборди-я, қаранг.
Тан олиш керак, талабалар ролни яхши ижро этишди. Ҳар ҳолда ёзиб берилган ва ўргатилган вазифа ёмон уддаланмади. Аммо ишбошилар саҳна асарида айтилаётган гаплар тарихий ҳақиқатга мос келишига ҳам эътибор беришлари керак-да.
Мисол учун, спектаклда Абдулла Қодирий Москвада олий адабиёт курсида ўқигани айтилди. Аслида адиб 1924-1925 йилларда адабий курсларда таҳсил олган, бу курсларга «олий» деган мақом 1926-1927 ўқув йилидан берилган, шундаям Олий давлат адабиёт курси деб юритилган экан. Горький номидаги Олий адабиёт курси эса 1953 йилда ташкил қилинган.
Қодирий биринчи марта «Йиғинди гаплар» мақоласи учун 1926 йилда ҳибсга олинган. Бир неча ой қамоқда ётган. Москвадан ўқишдан қайтган пайти қизи Назифа 7 ёшда, Ҳабибулла 6, Адиба 1 ёшда бўлган. Яъни «мен ўқийман, китоб меники» деб тортишадиган жуфтлик бўлмаган. Кейин яна икки фарзанди дунёга келган.
Агар Қодирий ўша пайти ҳибсга олиниб, дарров отиб юборилган бўлса, унинг 12 йиллик умри қаерда қолади?
Залда ҳозир бўлганларнинг кўпчилиги Абдулла Қодирий таржимаи ҳолидан озми-кўпми бохабар, саҳнада эса на тарихга, на мантиққа мос келадиган воқеалар кетяпти – куласизми, куясизми? Қизиқчилар айтганидай, илҳом келганда, маъно қочиб кетганми…
Спектакль сўнгида талабалар «Жадидлар етишмаяпти» деган шеърни ўқишди. Бизнингча, шу каби жўн «асар»ларни саҳнага олиб чиқаётган режиссёрларга бир қанча нарсалар етишмаяпти: озроқ билим, озгина изланиш ва томошабинни ҳурмат қилиш…
ЙЎЛОВЧИ

